"Пахтакор"да ишлаб кетган мутахассис "Динамо"га керак!

Сўнгги йилларда Суперлига билан про лига ўртасида тушиб чиқиб юрган “Динамо” янги мавсумни яна кучлилар орасида ўтказади. Бу йил про лига мусобақасида Вадим Абрамов жамоаси иккинчи ўринни банд этди ва Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш орқали вазифани бажардилар. Шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг ярим финалигача ҳам етиб борганликларни таҳсинга сазовор.

Биздаги маълумотларга қараганда, “Динамо” клуби аллақачон янги мавсум учун тадоригини бошлаб юборган. Ҳадеб Суперлигадан тушиб кетадиган жамоа ролини ўйнамаслиги учун улар энди пухтароқ режалар ишлаб чиқишмоқчи. Бунинг учун “Динамо” селекцияни сифатли бажариш ва аниқ структурага эга бўлиш мақсадида тажрибали мутахассисга эхтиёж сезмоқда. Боя айтганимиздек, “Динамо” Суперлигага чиққач, яна тушиб кетадиган клуб ролини бажармаслик учун ишни ҳар томонлама пухта бажариши, натижалар ҳам энди шунга яраша бўлиши талаб этилади.

ирисметов3_2

Балки шунинг учун бўлса керак, “Динамо” мутасаддилари спорт директори лавозимига Жаъфар Ирисметовни таклиф қилишган. Эшитишимизга қараганда, томонлар оғзаки келишиб олишган ва шу кунларда расман шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Яхши биласизки, Ирисметов “Пахтакор” спорт директори сифатида анча самарали иш олиб борган. Шота Арвеладзе билан биргаликдаги иш фаолияти анча муваффақиятли чиққан, десак муболаға қилмаймиз. Охирги пайтларда футболимизни четдан кузатиб келаётган Ирисметовга бошқа таклифлар ҳам бўлиб турди. Афтидан, мутахассис уларнинг орасидан “Динамо” вариантини танлаганга ўхшайди.

Албатта, Жаъфар Ирисметов “Динамо”да иш бошлайдиган бўлса, бу про лигадан чиққан жамоа учун ижобий ҳолатга айланади. Негаки, унинг “Пахтакор”да тўплаган бой тажрибаси самарқандликларга қўл келиши катта эҳтимол. Қолаверса, бош мураббий Вадим Абрамов ҳам ёнида мана шундай шерик ва спорт директори бўлишига қарши эмас.

динамо1_2

“Динамо” Суперлигада муносиб иштирок этиш ва жамоани шунга яраша тайёрлашни кўзламоқда. Бунинг учун раҳбарият тарафидан клубга керакли шарт-шароитлар яратиб берилиши кўзда тутилган. Шунинг учун қишки селекция чоғида бу жамоадан қатор янгиликларни эшитсак ҳайрон қолмаймиз. Бошланиши эса Жаъфар Ирисметов мисолида бўлса, қолганини яна кузатамиз. Балки сиз билан бизни бошқа сюрпризлар ҳам кутаётган бўлса ажаб эмас.

Эшитишимизча, “Динамо” бир қатор янги ўйинчилар билан музокараларни бошлаб юборган. Балки бунда Ирисметовнинг қўли бўлса ҳам ажабланмаймиз. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!