«Пахтакор»га нима бўлди? Хюистранинг муаммоси нимада? Нималар хурсанд қилмоқда? Қаерда хато кетяпти?
«Пахтакор» «Шаржа»га қарши ўйинда очко йўқотганидан хабарингиз бор. «Шерлар» гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин пасайтириб юборди. Хўш, бунинг асосий сабаби нима? «Пахтакор»нинг заиф нуқталари қаерда? Қайси аспектларда «шерлар» оқсамоқда. Бугун шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз.
Келинг, тан олайлик, Шотанинг «Пахтакор»и билан ҳозири жамоа ўртасида фарқ бор. Шу боис, уларни кескин танқид қилишдан тийилиш лозим. Шундай экан, биз бу мақолада уларнинг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида фикр юритамиз.
Ижобий томонлари:
Ёшларга йўл
Бу ОЧЛни бемалол «Пахтакор»нинг айрим футболчилари учун бағишланган, деб айтишимиз мумкин. Ҳожимат Эркинов, Аброр Исмоилов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Шароф Муҳитдинов, Азиз Турғунбоев, Диёр Холматов сингари йигитлар ўз фаолиятидаги илк улкан турнирда муваффақиятли иштирок этмоқда. Бу турнирда уларга билдирилган ишонч келажакда футболимиз учун улкан наф келтириши мумкин. Сабаби, айнан шундай «валидол» ўйинларда спортчиларнинг характери шаклланади. Юқорида номи зикр қилинган йигитлар орасида Эркиновни алоҳида эътироф этиш даркор! Ўзбек футболидаги энг кучли вингер - Жалолиддин Машариповнинг ўрнини Ҳожимат секин-аста эгаллаб келмоқда. Тезкор, техникаси кучли ва тиришқоқ йигит «Трактор» билан баҳсда захирадан майдонга тушиб, ўйинда бурилиш ясаганини барчамиз кўрдик.
Шунингдек, Муҳитдинов ҳам ОЧЛ даражасига кўтарилганини ҳам билиб олдик. Йўлдошев қанотнинг исталган позициясида бирдек фаол бўлишга қодир экан. Диёр эса, «Шаржа» билан иккинчи ўйинда қанотда фаол бўлганини кўрдик. Умумий қилиб айтсак, «шерлар» кетганларнинг ўрнини маҳаллий йигитлар билан тўлдирмоқда. Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамрабеков Шота Арвеладзе қурган футболнинг устунлари эди. Питер Хюистра қўлидаги «масаллиқ»дан имкон қадар тотли таом тайёрлашга чиранмоқда. Биз Арвеладзе даврида кўришга ўрганиб қолганимиз - "шоҳона таом"ни тайёрлай олмаслиги аниқ эди. Ўхшамасада, борига шукр қилиш керак. Яқин йиллар ичида юқорида айтилган футболчилар кўп ўтмай, терма жамоа учун ҳам наф келтириши мумкин. Агар ўз ўйини билан скаутлар назарига тушса, легионер мақомини олиши ҳеч гап эмас.
Жисмоний тайёргарлик
ОЧЛнинг илк турида «шерлар» Эрон клуби билан қандай характер кўрсатгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. Тошкент жамоаси 0:2 натижани 3:2 га айлантира олди, бироқ марказдаги бўш ўйин сабабли, 3 очкодан қуруқ қолди. Бунга сал кейинроқ тўхталиб ўтамиз, ҳозир ижобий томонлари ҳақида. ОЧЛнинг биринчи даврасида атиги 2 очко жамғарган бўлсада, клуб жисмонан ҳеч бир рақибига бўш келгани йўқ. 90 дақиқа давомида қанотлар орқали ҳужум уюштиришни уддалади. «Шаржа» билан биринчи ўйинда ҳам вазиятлардан фойдалана олмаслик «касали» хуруж қилгани панд берди. Умуман олганда, ўзбек клубларидаги энг катта муаммо - жисмоний тайёргарлик! Бу борада ўсиш бор, шуниси қувонтирмоқда. Агар зич тақвимли мусобақада бу аспектдаги устунлигимиз 6-турга қадар сақланиб қолса, квартетда иккинчи поғонани қўлга киритишимиз ҳам ҳеч гап эмас.
Шотадан қолган схема кучда!
Грузиялик мутахассис ўз фаолиятини тўлиқ бир ўйин схемасини футболчиларга сингдиришга бағишлади, 4-2-3-1 бизнинг футболга бегона эмас. Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиев томонидан схемани ишга солинганига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз. Улардан фарқли ўлароқ, Арвеладзе 4-2-3-1 ни энг замонавий даражасига олиб чиқди. Қанотдаги ҳимоячи ва вингерлар шу қадар уйғун ҳаракат қила бошладики, ҳатто, бир-бирини кўрмай пас бера бошлади. Ҳамдамов - Алижонов, Машарипов - Сайфиев тандеми юқори даражага кўтарилди. Улар кетгач, Хюистра жамоанинг асосий қуроли - қанотларда муаммога дуч келди. Нидерландиялик мутахассис имкон қадар йўқотишларни бартараф этишга уринмоқда, аммо бу осон эмас. Кетганлар келганлардан савия бобида анча устун эканлигини билиш учун футбол мутахассиси бўлиш шарт эмас. Қувонарлиси шундаки, Питер Шотанинг шунча йиллик меҳнатини поймол қилмади. Шунчаки, унинг ишини давом эттиришга қарор қилди. Бу таркибдаги бошқа йигитлар учун бир мунча қулайликлар яратади. Айниқса, Шота даврида машғулотларда иштирок этган йигитлар ортиқча қийинчиликсиз янги мураббий тарғиб этаётган футболни ҳис қилади.
Салбий жиҳатлари:
Марказий ҳужумчи қани?
Биз эринмай танқид қилган Игорь Сергеев Қозоғистон чемпионатида йўқолиб қолгани йўқ. Хатто, инглиз клублари эътиборига ҳам тушди. Тўғриси, «Пахтакор» қандай қилиб уни қўйиб юборгани тушунарсиз. Майли, жамоа Игорга бироз «ҳаво алмаштириш» зиён қилмайди, деб ҳисоблабди, аммо унинг альтернатив варианти қани? Қандай қилиб биргина марказий ҳужумчи билан 6 тур давом этадиган ОЧЛда иштирок этиш мумкин? Яна ўйинлар орасида жуда қисқа бир пайтда-я? Майли, клуб Чераннинг универсаллигига суянгандир, бироқ Драган «темир одам» эмас! У ҳам ўзини қулай ҳис этиши учун ҳужумчи ортида тўп суради. Бир нарса эътиборимни тортди: «Пахтакор» ҳужумда тезлик оширса, албатта, хавфли вазият содир этмоқда. Бу тезликка 100 фоиз жавоб бериши учун чаққон форвард зарур! Эрен Дердийок класси баланд бўлса-да, юқори темпда ўзини «балиқдек» ҳис этадиган футболчи эмас. Сергеевдан фарқли ўлароқ, Эрен универсал ҳам эмас. У қарши ҳужумда фойдасиз. Фақат жарима майдончаси ичида гавдаси билан эффект бериши мумкин. Анча оғир бўлгани учун «Пахтакор»нинг ўйинидан бир неча бор тушиб қолди. «Шаржа» билан иккинчи тўқнашувда Эрен бир неча бор узатмаларга етиб кела олмади. Иккинчи қаватда ҳам фойдасиз ўйнади. Ваҳоланки, унинг асосий фишкаси юқоридан келаётган тўпларга эгалик қилиш эди. Осиёнинг чаққон ҳимоячилари деярли ҳар бир ўйинда ундан ўзиб кетмоқда. Марказий ҳужумчининг йўқлиги боис, Хюистра Черанни марказга кўчиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса, ўйин боришини секинлашиб кетишига олиб келяпти. Черан 14-ҳудудда сўнгги пас ижро этиши, тўпни қанотларга кўчириб, ҳужумга темп қўшишни қойилмақом даражада уддалайди. Унинг классик ҳужумчига айланиши «Пахтакор»нинг ҳужумларидаги ранг-барангликни камайиши олиб келади. Айнан шу боис, «шерлар» икки ўйинда (Черан марказий ҳужумга кўчирилганда) сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқариб юборди.
Марказий ҳимоядаги муаммолар
Афусуски, Ўзбекистон чемпионинг мудофаа чизиғида муаммолар етарлича. Қанотлардаги йигитларга ҳеч қандай эътироз бўлмаслиги мумкин, лекин марказий икки ярим ҳимоячи ортда қолган 4 турнинг барчасида хатоларга йўл қўйди. Аъзамов - Исмоилов, Исмоилов - Кримец...
Трактор га қарши баҳс:
1. Анзур Исмоилов сабабли пенальти белгиланди;
2. Кримец тезликда эронлик футболчига ета олмади;
3. Кримец сунъий офсайд ҳосил қилишга кеч қолди ва пенальтига сабаб бўлди.
«Шаржа» билан биринчи учрашув:
1. Дарвозабон Қувватов тўпни ўзидан узоқлаштирди, аммо марказий ҳимоячилардан бирортаси унга БАА клуби аъзоларидан аввалроқ етиб келгани йўқ;
2. «Шаржа» ҳужумчиси Кайо сўнгги ҳимоячи образидаги Анзур Исмоиловни "дарахтни" алдаб ўтгандек ортда қолдирди ва голли узатма берди. Бу вазиятда «Пахтакор»нинг бутун ҳимоячи чизиғи биргина ҳужумчини тўхтатиб қолишни уддалай олмади;
3. Майдон марказида тўпни қабул қилиб олган рақиб бутун ҳимояни биргина тезлик эвазига доғда қолдириб, Қувватов дарвозасини ишғол қилди.
"Шаржа" билан иккинчи учрашув:
1. Исмоилов футбол ҳакамнинг ҳуштагига қадар ўйналишини унутди ва Муҳаммад Ҳалфанни сусткаштлик билан қўриқлади. Оқибатда, 3 очко қўлдан кетди;
Менимча, «Пахтакор»нинг марказий ҳимояси қай даражада жамоага панд бераётгани ҳақида ортиқча фикр билдиришга ҳожат йўқ. Жисмонан бақувват бўлсада, тезлик бобида рақибларига катта фарқ билан енгилаётган Исмоилов, Аъзамов ва Кримец «шерлар»нинг таблодаги натижасига ўзи билмаган холда таъсир кўрсатмоқда.
Замонавий футболда бежиз марказий ҳимоячиларнинг трансфер суммаси 100 миллионга чиқиб кетгани йўқ. Гап шундаки, интенсив футбол ўйнайдиган кучли клублар исталган дақиқада суғурталашга қодир тезкор ва бақувват ҳимоячиларга эҳтиёж сезади. Тошкент клуби ҳам замонавий услубга мурожаат этмоқда, лекин орқа чизиқда бунга жавоб берадиган ижрочи йўқ. Шу важ ҳам 4 тур давомида атиги 3 очко жамғарилишига сабаб бўлди.
Хюистра Шота эмас!
Жозе Моуриньонинг бир машҳур жумласи бор: «Футболни 11 футболчи ўйнайди, аммо мағлубиятга мураббий жавоб беради!». Қайсидир маънода унинг сўзларида мантиқ бор. Майдондаги йигитлар кўрсатаётган футбол мураббийнинг имзоси! Питер Хюиста қаердадир камчиликлар бор эканлигини англаши ва ортда қолган 4 тур давомида муаммоларга ечим топиши шарт. Бошқачасига «шерлар»ни квартетдан омон чиқиши даргумон. Бир қарашда, «Пахтакор» гуруҳ пешқадимидек таассурот қолдирган эди. 4-турдан сўнг, 2-ўринни эгаллаш ҳам улкан воқеадек туюлмоқда.
Афсуски, Питер Хюистрада умуман захира режаси йўқ. Ҳар қандай кучли мутахассис ўз «Б» режасига эга бўлиши шарт. «Пахтакор» 2 ўйинда ғалабани қўлидан чиқариб юборгани сўзимизга исбот бўла олади. Нима бўлган тақдирда ҳам, Питернинг бу илк профессионал дебюти. Унда ҳали тажриба етарлича эмас. Доимо асосий мураббий фонида бўлган бўлса-да, катта саҳнага чиқиш бу умуман ўзгача ҳолат. Хюистра ҳали чемпионатда бир давра якка иш олиб бормай, Осиёнинг таниқли жамоалари билан тўқнаш келди. Натижа биринчи ўринга кўтарилган ўйинларда мураббийларинг «фишкалари» ва айёрликлари биринчи планга кўтарилиши шарт.
«Пахтакор»нинг ҳужумлари тўлиқ Черанга боғлиқ бўлгани учун «Эйр Форс» сербни буткул ёпиб ташлади. Таянч зонасидаги футболчилар ва ҳатто, марказий ҳимоячилар ҳам уни кескин қарши олиш вазифаси билан майдонга тушди. Якунда, «Пахтакор» ўйин давомида атиги 1 бор голли вазият яратди, холос. Комбинациялар давомийлиги Черансиз 4-5 пасдан ортгани йўқ. Ички чемпионатда бу паслар сони айрим баҳсларда 17-19 тагача кўтарилган. 14-ҳудудда Черан ёпиб ташлангач, «Пахтакор»да захира режаси йўқлиги панд бера бошлади. Шу боис, ироқликлар қарши ҳужумга ўтиш учун қанот футболчиларини алмаштирди. Қарабсизки, иккинчи бўлимда улар хавфли вазият яратиш бобида бизникилардан яхшироқ статистика қайд этди.
Агар Хюистрада «Б» режа бўлганида, «Эйр Форс» «шерлар» учун ўтиб бўлмас тўсиқ эмас эди. Гуруҳдаги вазиятнинг ёмонлашиб кетишига ҳам Ироқ клуби билан ўйин сабаб. Агар ўша баҳсда 3 очко олинганида, ҳозир «Пахтакор» 5 очко билан плей-офф йўлланмаси учун асосий даъвогар бўлиб қолаверар эди. Умуман олганда, амалдаги Ўзбекистон чемпионини курашдан чиқди дейишга эрта. Ҳали имкониятлар бор. Энди 2 ўйинда 6 очко ишлашнинг ўзи камлик қилиши мумкин. Барчаси, сўнгги турнинг охирги сонияларида ҳал этилса керак.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар