"Пахтакор"ни бундай ўйин кўрсатишини кутмагандик, Станоевични штабимизга қўшишми? Яхши масалани кўтардингиз" - Рўзиқул Бердиев
Турнинг марказий учрашувида “Насаф” ўз майдонида “Пахтакор”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Беллашувдан сўнг ғолиб жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Мухлисларни хурсанд қилишни жуда хоҳлагандик, бунга эришдик. Шунинг учун барча ишқибозларимизни бугунги ғалаба билан табриклаймиз. Ғалаба учун йигитлар катта меҳнат қилишди. Чунки бугунги рақибимиз жуда жиддий эди. Тўғриси, “Пахтакор”ни 5-4-1 схемасида ўйнашини кутмагандик. Шунга қарамасдан, рақиб ҳимоячиларини ёриб ўтишга ҳаракат қилдик. Биринчи бўлимда деярли кўп вазият бўлмади. Иккинчи бўлимда гол урганимиздан кейин натижани, уч очкони сақлаб қолиш учун ҳаракат қилдик ва бунга эришдик.
- “Насаф”ни ёрқин ўйинини кўрмадик. Бу тактика билан боғлиқми ёки...
- Кўп нарсалар бугунги учрашувга таъсир қилди. Ўйин амалиёти кам эди. Ўртада анча танаффус бўлди, бу нарса албатта кўринади. Қаердадир сифат етишмайди ва техник-тактик хатолар бўлиб туради. Кўп жамоалар бизга келганда ҳимоявий тактикани танлашади ва бизга камроқ бўш зоналар беряпти. Бу ҳужумдаги вазифамизни оғирлаштиряпти. Бугун “Пахтакор” жамоасини ҳам бундай ҳаракат қилишини кутмагандик. Ўйин давомида буни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Баъзида рақиб танлаган бу тактикаси ўз ўйинимизни кўрсатишга имкон бермагандир. Лекин бундай учрашувларда натижа биринчи ўринда туради. Бугунги ғалаба жуда муҳим эди. Бу йилги чемпионатимизда ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун ўйин бўляпти, барча баҳслар қийин ўтяпти. Албатта, бошқа жамоалар ҳам бизни ўрганишади, ўйинимизга эътибор қаратишади. Шу боис кўп клублар биз билан очиқ футбол ўйнашни исташмайди.
- “Насаф” мавсумнинг иккинчи қисмини яхши бошлади. Бугунги учрашувдан кейин чемпионлик курашдаги имконият қандай?
- “Пахтакор”ни ҳали ҳам ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Таркибида кучли ўйинчилар бор. Янги олган футболчилари ҳам жамоани кучайтира олади. Ҳали ўйинлар кўп. Кураш мавсум охиригача давом этади, деб ўйлайман. Лекин бугунги ғалабамиз жуда муҳим эди. Балки олти очколик ўйинга ҳам яқин бўлгандир. Натижа учун ўйнаганимиз ва ғалаба қозонганимиз ёқимли бўлди.
- Янги қўшилган ўйинчилар ҳақида нима дея оласиз?
- Бугун Коловичга ўйин бошидан имконият бердик. Чунки Стефан жамоаси билан тўлиқ йиғинларни ўтганди. Бизга келишдан олдин уларда иккита тур ўтиб бўлганди. Жисмоний ҳолати, ўйин амалиёти борлиги учун уни асосий таркибга қўша олдик. Валентин масаласида бироз пауза қилганимизга келак, уни ҳали жисмоний ҳолати ўзига келгани йўқ. Ўз клубида кам ўйинларда қатнашган, фақат терма жамоасида иккита ўйинда ўйнаган. Шу боис уни ҳолати унчалик яхши эмас. Уларни позиция бўйича жамоага таклиф қилдик, рақобат бўлиши учун. Бу нафақат уларга, балки бошқа футболчиларга ҳам таъсир қилади. Ҳали ўйинларимиз кўп, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўйнаймиз. Шу боис футболчиларимиз ҳали кўп керак бўлади.
- Да Силва кўринмаяпти. Унинг аҳволи қандай?
- Машғулотларга киришди. Бироқ ҳали жароҳатидан тўлиқ тикланмаган. Шу боис уни бугунги ўйин қайдномасига киритмадик. Бундан ташқари, Шуҳрат Муҳаммадиев жароҳат олгани сабабли бу учрашувга уни жалб қилмадик. Муҳаммадиев билан Коловични машғулотларда боғламлиги яхши бўлаётганди. Аммо Муҳаммадиев учрашувда қатнаша олмади.
- Марко Станоевич жамоага фойдали ўйинчи эканлигини исботлаб бўлган. Аммо вақт ўз сўзини айтади. Маркони мураббийлар штабига қўшиш вариантига нима дейсиз? Агар у рози бўлса!?
- Ўзи билан баъзида ҳазиллашиб турамиз, сенга иш берамиз, селекционер қилиб оламиз, деб айтиб турамиз. Бундан ўзи ҳам хурсанд бўлади. Маркони ўйинида пасайиш бўлгани бу жароҳатдан кейин юз берди. Ўтган йили жароҳат олганди. Барибир 35 ёшли йигитга бу жароҳат таъсир қилади. Шунга қарамай, қайсидир вазиятларда ундан фойдаланамиз. Штабимизга қўшиш ҳақида ҳам баъзида ҳазиллашиб турамиз. Чунки уни менталитети ҳар тарафдан қўшишимизга сабаб бўлиши мумкин. Йигитлар билан муомаласи яхши, 2-3 та тилни яхши билади. Яхши савол бўлди, буни келажакда ўйлаб кўрамиз. Бизда селекционер йўқ-ку. Кўп ўйинчиларни Сербия ёки бошқа жойлардан олиб келамиз. Яхши масалани кўтардингиз. Буни ўйлаб кўрамиз.
- Жавоҳир Сиддиқов жамоани штатли пенальтичиси бўлдими?
- Ўйинни олди ва ўша вазиятда ҳеч кимга сен тепасан деб кўрсатма бермадим. Вазиятдан келиб чиқиб ўзига ишониб, тепди ва яхши бажарди.
- Максим Шацкихга чемпионлик имконияти ҳақида савол берилганида ҳаммасини декабрда кўрасизлар деб айтиб ўтди. Сиз декабрда нимани кўрасиз?
- Олдиндан бир нарса демайман. Декабргача имкониятимиз бор, охиригача курашишимиз керак.
Фикрлар