“Пахтакор”нинг эсда қоларли тарихий халқаро учрашувлари

Катта тарихга эга "Пахтакор"нинг энг муҳим халқаро беллашувлари ҳақида клуб матбуот хизмати мухлисларга қизиқарли маълумотлар тақдим этди. Қуйида улар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

1956 йил, “Пахтакор” – Эфиопия терма жамоаси – 3:0
13 июнь куни Тошкентга Эфиопия терма жамоаси ташриф буюрган. Эндигина ташкил қилинган “Пахтакор”нинг биринчи халқаро учрашуви катта қизиқиш уйғотган. Беллашувда Канунников уч тўп киритиб, африкаликларнинг йирик ҳисобда мағлубиятга учрашларини таъминлаган. Ўша пайтларда бу жамоамизнинг турли терма жамоаларни доғда қолдириши одатга айланган.

1960 йил, “Пахтакор” – Япония терма жамоаси – 6:1
6 сентябрь куни бўлиб ўтган баҳсда “Пахтакор” японларнинг терма жамоасини 6:1 ҳисобида тор-мор келтирган! Бундан 55 йил аввал клубимиз савияси Японияни менсимайдиган ҳолатда бўлган десак янглишмаймиз. Стадник, Красницкий, Беляков, Тазетдинов томонидан урилган голлар йирик ҳисобда ғалаба келтирган. Ўша йили “Пахтакор” Собиқ Иттифоқ чемпионати олий лигасида дебют қилганди.

1962 йил, “Пахтакор” – ГДР олимпия терма жамоаси – 2:2
3 август куни Германия демократик республикаси олимпия термаси билан ўртоқлик учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилган. Тожиров ва Тазетдинов томонидан урилган голлар ўйиннинг дуранг билан тугашига сабаб бўлган. Ўша йили жамоамиз Индонезия терма жамоасини икки бор ва Камбожа термасини бир марта ўртоқлик беллашувларида мағлубиятга учратган. Турнелар сабабли ўшанда жамоа 14 бор халқаро ўртоқлик баҳсларида майдонга тушган.

1964 йил, “Пахтакор” – “Пирасикаба” – 1:0
1964 йил жамоа учун энг машҳур йиллардан бири саналади. Ўшанда Тошкентда ўтказилган икки ўртоқлик беллашуви туфайли “Пахтакор”нинг номи Европага танилиб кетган. Дастлабки баҳс 19 апрель куни Бразилиянинг “Пирасикаба” клубига қарши ўтказилган. Ўйин тақдирини Любушиннинг 18-дақиқада урган голи ғалаба келтирган. Ўйинни стадионда 60 минг ишқибоз кузатган. Ўша пайтларда Бразилия футболи жаҳонда гегемон саналгани боис клубларнинг ўйини ҳам жуда катта қизиқишга сабаб бўлган.

“Пахтакор” – “Насионал” – 2:1
8 июнь куни эса Уругвайнинг машҳур “Насионал” жамоаси Тошкентда меҳмон бўлган. Ўша куни ҳам стадион тўлиб-тошган. Турнега чиққан уругвайликлар Тошкентдаги беллашувга қадар Швеция, Германия, Италия, Австрия, Бельгия, Москва, Киев ва Олма-Отадаги ўйинларда мағлубиятга учрашмаганди. Тошкентдаги баҳсда дастлаб меҳмонлар аъзоси Санфилиппо ҳисобни очган. Бунга 29-дақиқада Тожиров жавоб берган. Иккинчи бўлимда Любушин киритган тўп “Пахтакор”га 2:1 ҳисобида ютуқ келтирган. Мазкур учрашувни Тофиқ Баҳромов бошқариб борган.

1966 йил, “Пахтакор” – “Тулуза” – 5:0
1965 йил Грецияга сафар уюштириб, “Панионис”, “Арис” ва АЕКга дарс берган “Пахтакор” 1966 йил 7 август куни Тошкентда Франциянинг машҳур жамоаси “Тулуза”ни меҳмон қилган. Тулуза шаҳри жамоаси Франция футболида катта номга эга клублардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда мазкур жамоа вакиллари қақшатқич мағлубиятни қабул қилишган. Беллашувда Абдураимов хет-трикка эришган. Красницкий ва Иброҳимовнинг биттадан киритган тўпи ўйиннинг 5:0 ҳисобида тугашини таъминлаган.

1969 йил, Куба терма жамоаси - “Пахтакор” – 1:3, 1:0, 0:1
1969 йил “Пахтакор” Куба бўйлаб турне ташкил қилган. 14-25 ноябрь кунлари жамоа Кубада 4 ўйинда майдонга тушган. Дастлаб Куба ёшлар термаси 4:0 ҳисобида доғда қолдирилган. Кейинги 3 баҳс Куба миллий термаси билан ўтказилган. Эътиборлиси, уларнинг иккитасида вакилларимиз зафар қучганлар. Биринчи учрашувда Варюхиннинг дубли ва Красницкийнинг бир голи 3:1 ҳисобида ғалабани таъминлаган. Кейинги ўйинда Куба кичик ҳисобда зафар қучган. Учинчи беллашувда Иброҳимовнинг голи ягоналигини сақлаб қолган. Ушбу ўйиндан кейин “Пахтакор”нинг номи Жанубий Америка мамлакатларида ҳам кўп марта тилга олинган.

1971 йил, Африка бўйлаб турне
1971 йил 14 ноябрдан 2 декабргача бўлган муддатда “Пахтакор” Африканинг 3 мамлакатида 10та ўртоқлик ўйини ўтказган. Сьерра-Леонеда икки бор шу мамлакат термаси доғда қолдирилган. Яна икки беллашув ҳудудий жамоалар билан ўтказилиб, уларда ҳам муваффақиятга эришилган. Кениядаги 3 беллашувда биттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этилган. Эфиопияга сафар 2 ғалаба ва 1 дуранг билан ёдда қолган. 19 кун ичида 10та учрашувда майдонга тушиш ва турли давлатларда бўлишга футболчиларнинг дош берганига қойил қолиш лозим.

1972 йил, “Рома” – “Пахтакор” - 1:1
1972 йилда жамоа турнесини Италия бўйлаб уюштирган. Нарни ва Сорренто шаҳарларида уч учрашув ўтказилган. Дастлаб Нарни вилояти терма жамоаси 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратилган. 28 сентябрь куни Соррентода “Рома” билан ўйин бўлиб ўтган. Ўшанда “Рома” “А” серияда иштирок этарди. Муйсан римликларни олдинга олиб чиққан бўлса, беллашув якунланиши арафасида Фёдоров мувозанатни тиклаган. Ўйинда жамоалар қуйидаги таркибда майдонга тушганлар.
“Рома” (1-бўлим): Гинулфи, Морини, Печченини, Салвори, Бет, Сантарини, Орази, Спадони, Муйсан, Кордова, Францот.
“Рома” (2-бўлим): Гинулфи, Шаратти, Бертини, Рокка, Каппелли, Сантарини, Банелиа, Пеллегрини, Муйсан, Кордова (Ди Бартойомей, 65), Вичи.
“Пахтакор”: Говоров, Басов (Мўминов, 46), Штерн, Варюхин, Турғунов, Иванов (Лисаковский, 73), Солохо (Иброҳимов, 46), Кузьмин, Абдураимов, Фёдоров, Ан.
Шунингдек, ўша йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Швециянинг “Хальмштадт” клуби билан ўйин ҳам ташкил этилган. Унда 1:0 ҳисобида шведлар зафар қучган.

1975 йил, “Пахтакор” – Япония терма жамоаси – 3:1
Орадан 15 йил ўтгач, японлар яна Тошкентга ташриф буюришган. 19 июль куни “Пахтакор” стадионида кечган беллашувда мезбонларнинг қўли баланд келган. Тўғри, ҳисоб аввалгидек ўта йирик кўриниш олмаган. Аширов, Корченов ва Баканов томонидан урилган голлар 3:1 ҳисобида ютуқ олиб келган.

1981 йил, Тунис терма жамоаси - “Пахтакор” – 0:0
Сфакс шаҳрида ўтган беллашувда “Пахтакор” Тунис терма жамоаси билан голсиз дурангга имзо чеккан. Ҳозирги пайтда Африканинг энг кучли термаларидан бирига айланган Тунисда ўтган асрнинг 80-йилларида футбол борасида барчаси яхши эмасди. Лекин аста-секинлик билан улар яхши савияга чиқиб боришди.

1991 йил, “Олимпиакос” – “Пахтакор” – 4:3
1991 йил май ойида “Пахтакор” Грецияга сафар қилган. Дастлаб Василис Хадзипанагис ўйнаган “Ираклис” билан беллашувда 2:5 ҳисобида имконият бой берилган. 23 май куни Афинада Грециянинг энг номдор икки жамоасидан бири “Олимпиакос”га қарши учрашув бўлиб ўтган. Денисов ва Мақсудовнинг икки голига мезбонлар 4 тўп билан жавоб қайтаришган. Ўша беллашув ёшлардан иборат “Пахтакор”нинг савияси ёмон эмаслигини кўрсатиб берганди.

1993 йил, “Пахтакор” – “Витесс” – 2:3
17 август куни Тошкентга Голландиянинг “Витесс” клуби ўртоқлик учрашувида ўйнаш учун ташриф буюрган. Қосимов ва Маъруфалиевнинг голларига меҳмонлардан Лаамерс ва Гилхаус (2 гол) 3 марта жавоб қайтаришган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
fc.navbahor
15/04/2020 12:06
Essiz paxtakor tarixda qop ketgan ekan xozirgi paxtakorga vapshe ish yoq
&
AzizGazieff-Marco Simic 55 PFK Pakhtakor Tashkent Uzbekistan GoLions
15/04/2020 02:02
Жамоамиз тарихини хеч ким тортиб ололмайди.
Буюк жамоа ПАХТАКОР!!
Dastan Uteuliev
14/04/2020 23:26
Бул енди тарихда калды. Футбол рауажланбай осылай калады