"Пахтакор"нинг ОЧЛдаги салбий натижасини омадсизлик деб ўйламайман" - клубнинг собиқ мураббийидан жиддий муносабат!
Ўзбекистоннинг кўп йиллик чемпиони – “Пахтакор” клуби Осиё Чемпионлар лигасида салбий натижа кўрсатиб барчамизни ранжитиб қўйди. Ҳолбуки, энг кучли жамоамиздан биз бутунлай бошқача натижа кутгандик. Ўша натижани “Насаф” кўрсатди, аммо амалдаги чемпион-чи? Аммо бу биз билган “Пахтакор”га ўхшамади. Гуруҳда қолиб кетганини хазм қилиш қийин. Чунки бундай клуб кўпроғига қодир эди.
Клубнинг собиқ мураббийи Мурод Исмоилов ҳам “Шерлар”нинг ўйинини кузатиб борди ва табиийки, ҳамма қатори уни ҳам “Пахтакор”нинг натижалари ранжитди. Шу боис мутахассис Sports.uz учун собиқ клубининг ўйинлари хусусида фикр билдирди.
“Пахтакор”га нима етишмади?
- Шота Арвеладзе даврида ҳам бошида ишлари юришмаган. Эсингизда бўлса, ўзи истаган ўйин услубини йўлга қўйишда қийналган. Кейин юришиб кетган. Шундан сўнг, ҳақиқатда “Пахтакор”нинг ўйини чиройли бўлди. У кетди, янги мураббий келди, таркиб ўзгарди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шаклланаётган жамоа учун вақт керак. Ҳар қанча иқтидорли футболчилар бўлмасин вақт зарур. Бу биринчи томони эди. Иккинчи томони шундаки, сезиларли даражада ўйинчиларнинг сифати ўзгарди. Олдинги “Пахтакор”га қараганда ҳозиргиси бироз кучсизроқ. Буни тан олиш керак, бу билан футболчиларни ҳақорат қилмоқчи эмасмиз, фақат бор гапни айтяпман. Клубнинг ичкарисида нима бўлганини билмайман. Қандай ўйин услубини талаб қилишаётгани менга қоронғу. “Пахтакор”нинг тайёргарлиги, натижаларидан келиб чиқиб, Осиё Чемпионлар лигасида қийналса керак, деб ўйлагандим. Менимча, “Пахтакор”нинг муаммоси ичкарида.
Ажаблантирган ҳолат
- Очиғи, мени ажаблантирган ҳолат ҳимоядаги қўпол хатолар бўлди. Чунки “Пахтакор”да ҳар доим ҳимоячилар яхши бўлган. Ҳужумда қандайдир миқдорда ўзларини голларини уришди. Ярим ҳимоя ҳар доимгидек ўйнади. Лекин ҳимояда йўл қўйилган хатолар кўп ҳолатларда панд бериб қўйди.
Бош мураббий хусусида
- Бош мураббийга келсак, унинг ўйин услубини билмайман. Футболчилардан нимани хоҳлаётгани ҳам менга қоронғу. Шунинг учун билмаганингиздан кейин мураббийга баҳо бера олмайсиз-да. Агар унинг талабини билганимизда эди, нимадир десак бўларди. Аммо гапнинг очиғини айтсам, мураббийнинг ўйин чизгисини кўрмадим. Олдинги йилларда мураббийнинг қандайдир ўйин услуби билиниб турарди. Албатта, мураббий ўз ўйин услубини барпо қилиш учун вақт керак эди ва Арвеладзега шунча шароитларни яратиб беришган ҳолатда кучли мураббийга ҳам 3 йил керак бўлди. Шу боис ҳозирги вазиятда мураббийни айблашдан йироқман. Ичкарида у қўяётган талабларни раҳбарият бажаряптими-йўқми, мураббий истаган футболчиларни олиб беришдими, ўзини қанақа услуби бор, мана шундай жиҳатларни билмасдан туриб унга баҳо бериш тўғри эмас.
Ҳаммаси омадсизлик билан боғлиқми?
- “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги салбий натижасини омадсизлик, деб ўйламайман. Бу кутилган натижа эди. Чунки ташқаридан қараганда, вазият шунга қараб кетаётганди. Ахир ўзимизни чемпионатда қийналиб қолаётганди-ку! Қолган клублар “Пахтакор”га етарлича муаммолар туғдираётганди. Ваҳоланки, ўтган йиллари бунчалик эмасди. Қолган клублар кучайиб кетдими ёки “Пахтакор” кучсизландими, дейишингиз мумкин. Аммо бундоқ олиб қарайдиган бўлсак, бошқа жамоаларда ҳам ўша футболчилар. Икки ой ичида кимдир бошқача тарзда кучайиб кетишига ишонмайман. “Пахтакор” кўпроқ кучсизланди. Балки 3-4 йил бошқача услубда ўйнаган ўйинчилар энди бошқача услубга кўника олмаётгандир. Лекин жамоанинг обрўсига хос бўлмаган натижа бўлди.
Фикрлар