"Пахтакор"нинг собиқ легионери агентлик фаолияти, Суперлиганинг даражаси ва "Динамо"га устозлик қиладиган мураббий ҳақида нима деди?

Ўзбекистон чемпионатида кўплаб хорижлик футболчилар ўйнаб кетган. Айниқса, олти йил давомида “Пахтакор” сафида тўп сурган Боян Миладиновични яхши эслаб қолганмиз.

Сербиялик ҳимоячи “Пахтакор”да кўплаб совринлар ютган ва бу борада унинг ҳам ҳиссаси беқиёс бўлган. Юртимиздан кетганидан сўнг, у ўз омадини Малайзиянинг “Фельда Юнайтед” клубида синаб кўрди. Кейинчалик Сербияга қайтиб, собиқ жамоаси – “Напредак” учун ўйнади.

Миладинович бутсаларини михга илган бўлса-да, ҳали ҳам футболда қолган ва агент сифатида ишлаб келмоқда. Қолганини суҳбат давомида билиб оласиз.  

- Боян, сизни юртимизда кўп эслаб туришади. Адашмасам, ҳозир футбол агенти сифатида ишлаяпсиз-а?

- Ҳа, бу рост. Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Ҳар доим бу ерга биз катта хурсандчилик билан қайтамиз. Футболчилик фаолиятимни якунлаганимдан сўнг, Сербия суперлигасида вице-президент бўлиб ишладим. Кейин спорт директорига айландим. Шу тариқа, яхши жамоани шакллантиришни бошладим ва бу иш менга ёқиб қолди. Ўзбекистон билан эса ниҳоятда яхши алоқаларим бор. Шу сабабдан кейинчалик агентлик фаолиятимни ҳам бошлаб юбордим.

- “Пахтакор”даги ўйинларингизни яхши биламиз. Бу фаолиятингиздаги энг ёрқин хотиралармиди ёки бошқа клубда ҳам шундай туйғуларни сезганмисиз?

- Ҳа, бу мен учун энг яхши хотиралар. “Пахтакор”да фаолиятимнинг олти йилини ўтказдим. Бу ажойиб олти йил эди. Ишонч билан айта оламанки, мен ўша даврларни ҳеч қачон унутмайман. Худо насиб қилса, кун келиб “Пахтакор”га қайтаман.

боян6

- Қайси “Пахтакор” кучли: сиз ўйнаган даврми ёки ҳозиргисими?

- Биласизми, менинг фикримча, ҳозирги “Пахтакор”дан мен тўп сурган “Пахтакор” кучлироқ бўлган.

- Яқинда Самарқандга келиб, “Динамо” учун янги мураббийни тавсия қилганингизни эшитдим. Бу ростми?

- Ҳа, бу рост. Мураббий Предраг Роган билан бирга келгандик. Айтишим мумкинки, у жуда яхши мутахассис. Ишончим комилки, унинг бошчилигида “Динамо” клуби кейинги йили Суперлигада жуда яхши иштирок этади.

- Умуман олганда, қайси футболчилар билан ишлаяпсиз?

- Мен айни пайтда Сербия, Черногория ва Босниядаги ўйинчилар билан ишлаяпман.

- Сир бўлмаса, ўзбек клублари томонидан ўйинчиларингизга қизиқишлар борми?

- Албатта, менинг мижозларимга таклифлар бор. Аммо ҳозир буларнинг барчасини ошкор қилишнинг вақти эмас.

боян2

- Ўзбекистонлик футболчилар билан ҳам ишлайсизми?

- Уч йил олдин Санжар Шоаҳмедов билан бирга ишладим. Ўшанда уни Малайзияга жўнатиб юборгандим. Футболчи у ерда икки йил тўп сурди. Кейин Ўзбекистонга қайтди. Бу вақтда эса пандемия Малайзия клубларининг бюджетига зиён етказганди. Шундан бери у ерларда катта пуллар тўлаш қийин.

- Суперлигамизни кузатаётгандирсиз. Ҳозирги савиямиз ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, кузатяпмиз. Лекин охирги икки-уч йилни оладиган бўлсак, даража у қадар яхши эмас. Лекин умид қиламанки, яқин келажакда бу ҳолат ўзгаради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!