"Пахтакор"нинг ёш футболчиси "Насаф"га қарши "олтин ўйин", Шацких ва Суперлигадаги интрига ҳақида фикр билдирди

"Пахтакор" ўз майдонида "Металлург"га қарши назорат ўйинида майдонга тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг "шерлар" матбуот хизмати жамоанинг ёш футболчиларидан бири Муҳаммадали Ўринбоев билан кичик интервьюни тақдим этди.

"Бу ўйин мен учун бошланғич таркибда тушганим билан аҳамиятли бўлди. Кўплаб акаларим терма жамоаларга кетганлиги учун назорат учрашувидаги имконият мени хурсанд қилди. Қанча кўп ўйинларда майдонга тушсам, табиийки, шунча кўп тажрибам ошиб бораверади. Қувонарлиси шундаки, бу ерда катта футболчилар менга рақобатчи сифатида эмас, укага қарагандек муносабатдалар. Шунинг учун ҳам бугунги ўйинда қийналмадим", - дейди 17 ёшли футболчи.

- ФИФА кунлари ҳам ўз якунига етди, олдинда сизларни муҳим баҳслар кутиб турибди...

"Тўғри айтасиз, чемпионатда "Насаф"га қарши "олтин ўйин"лардан бири бизни кутиб турибди. "Металлург" билан ҳам айнан шунинг учун баҳс ўтказдик. Чемпионликни мақсад қилган жамоа фақат ғалаба ҳақида ўйлаши керак. Бу йилги чемпионатдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳали қизиқарли ва кучли ўйинлар олдинда деб айтишим мумкин".

- Аввалги мавсумларга қараганда бу йил кўпроқ ўйин амалиётига эга бўляпсиз?

"Суперлигада дебют голимни шу мавсумда уришни истайман. Менга ишонч билдираётган Максим Александровичга катта раҳмат айтаман. Умуман олганда, "Пахтакор"га келиб ёмон мураббийларга дуч келмаганман. Ҳар бир қадамимда уларнинг меҳнати ётибди. Олдимизда 7 та ўйин қолди, мана шу беллашувларда ҳам майдонга тушиб, жамоамизга фойда келтириш ҳақида ўйлаяман".

"Пахтакор" клуби матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!