Перес трансфер бозорига "бомбалар" билан қайтмоқда, ёзда улар "портлайди". Ёхуд "Реал" катта ўзгаришлар остонасида

"Реал" мавсум якунланишига 6 ҳафта қолганида икки жабҳада курашни давом эттирмоқда. Испания кубогида “Алькояно” клубига қарши шармандали мағлубиятдан сўнг, (20 январь) Зинедин Зидан жамоаси улкан ютуқларга эришди. "Қироллик клуби" пешқадам "Атлетико" билан юзага келган 9 очколик фарқни деярли йўққа чиқарди. Чемпионлик учун курашаётган "Барселона" эса ўтган ҳафтада тор-мор келтирилди. Энг муҳими, “Реал” Чемпионлар Лигасининг ярим финалига йўл олди. Шу сабабли, “Реал” ҳозирда “олтин дубль”ни расмийлаштириш имкониятига эга бўлиб турибди. Айтиш керакки, мадридликлар буни ўз тарихларида бор йўғи 3 марта - 1956/57, 1957/58, 2016/17 йилги мавсумларда қайд эта олган холос. Айнан ҳозирги таркиб 4 йил муқаддам жамоанинг 60 йил олдинги сўнгги “олтин дубли”ни такрорлади, аммо Перес бу билан кифояланмоқчи эмас. Бундан ташқари, президент келгуси натижаларидан қатъи назар, таркибни сезиларли даражада ўзгартиришни режалаштирган. “Планка” жуда юқори олинган. Янги лойиҳа қайта реконструкция қилинган ва замонавийлашган “Сантьяго Бернабеу” даражасига муносиб бўлиши керак.

Испанские СМИ анонсируют перестройку в Мадриде: 10 футболистов "на выход", ветераны непоколебимы, Холанд и Мбаппе - на вход

Янгиланган “Реал”нинг биринчи қалдирғочи "Бавария"нинг 28 ёшли ҳимоячиси Давид Алаба бўлади, деб ёзмоқда Marca. Европа оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, Флорентино австриялик футболчининг шартномасини 18 январдаёқ аниқ қилиб қўйган. Унга кўра, Алаба “Реал” билан 5 йиллик шартнома имзолайди ва йилига тахминан 10 миллион евро маош олади. Аммо, Мадрид грандининг асосий мақсади барибир жаҳон даражасидаги ҳужумчи сотиб олиш ҳисобланади. Бу борада жуда кўп миш-мишлар юрибди. Гап шундаки, Перес жамоага битта эмас, бирданига иккита "галактикос"ни - Мбаппе ва Холандни олиб келмоқчи.

Ҳа, "Реал"нинг қарзи катта (500 миллион евродан ортиқ) ва стадионида қимматбаҳо таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда. Аммо самарали бюджет шу ҳолатда ҳам бир нечта юлдуз футболчиларни таклиф қилишга имкон беради. Биринчидан, яқинда қайта сайланган Перес трансфер бозорида анчадан буён кўринмади. Унинг сўнгги қимматбаҳо хариди Эден Азар бўлган эди. 2019 йил “Реал” бельгиялик футболчини “Челси”дан 130 миллион евро эвазига сотиб олган. Иккинчидан, “Саньтяго Бернабеу”нинг реконструкцияси 30 йиллик имтиёзли кредит эвазига амалга оширилмоқда. Унга кўра, “Реал” ҳар 12 ойда қарзнинг 29 миллион евро миқдоридаги қисмини қайтариши керак. Бу пандемия даврида ҳам “қироллик клуби” учун у қадар катта маблағ эмас. Агар ПСЖ ва "Боруссия" ўзларининг амбицияларидан воз кечса, Флорентино бу ишларга жиддий киришишга тайёр. Афтидан, иккала футболчи билан ҳам оғзаки келишувга эришилган. Чунки Мбаппе шайхлар билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар жараёнини иложи борича кечиктирмоқда. Холанд эса агенти Мино Райола билан Дортмунддан кетишнинг турли йўлларини қидирмоқда. Тўғри, мадридликлар ҳар бир тийинни ҳисоб-китоб қилишади. Чунки юқорида тилга олинган иккала трансфер умумий ҳисобда “Реал”га тахминан 300 миллион еврога тушади. Ўз навбатида Мбаппе ва Холанд ҳам Мадридга кўчиб ўтиш учун молиявий йўқотишларга тайёр бўлиши керак. Мбаппе ҳозир ПСЖда йилига 30 миллион евро олмоқда, аммо у “Реал”га ўтса, ҳозирги маошининг учдан бирини олади. Норвегиялик футболчига эса 15 млн евро ваъда қилинмоқда. Лекин унга бундан анча кўп маош таклиф қилаётган жамоалар ҳам бор.

Клубда амалга ошириладиган биринчи “тозалов”дан сўнг жамоа янги босқичга сезиларли даражада яқинлашади. Ҳозирда 9 нафар футболчи “Реал”нинг “қора рўйхати”га кирган. Булар Бэйл, Марсело, Иско, Одриосола, Мариано ва Йович. Бундан ташқари, Мадрид клуби Майораль, Валлехо ва захира дарвозабони Алтуба учун таклифларни кўриб чиқишга тайёр. "Реал" раҳбарияти шунингдек, жамоа сардори Серхио Рамоснинг якуний қарорини кутмоқда. El Chiringuito нашри мухбири Хосеп Педреролнинг сўзларига кўра, 35 ёшли ҳимоячи январь ойида қўйган ультиматумидан бери президент билан умуман гаплашмаган. Ўшанда Перес шундай деган: "Агар сиз бизнинг шартларимизни қабул қилмасангиз, биз сизсиз жамоани тузамиз". Рамос эса: "Яхши, синаб кўринг", деб қисқа жавоб қайтарган.

Серхионинг ҳозирги маошини (солиқларни ҳисобга олган ҳолда 40 миллион евро) ҳисобга олсак, унинг кетиши "қироллик клуби" учун молиявий жиҳатдан фойдали бўлади. Худди Варананинг трансфери каби! Франциялик футболчи шартномани узайтиришда иккиланмоқда ва шу боис клуб ҳам жимгина турли вариантларни ўрганмоқда. Келажакдаги инқилобнинг яна бир қурбони Васкес бўлади. Испаниялик футболчи ёзда Мадридни тарк этиши мумкин. Жароҳат олган Карвахаль қайтганидан кейин Зидан уни майдонга туширмаяпти. Аслида, ҳозирги таркибнинг фақатгина 8 нафар футболчиси ўзларини хавфсиз ҳис қила олади. Булар Куртуа, Каземиро, Кроос, Бензема, Вальверде ва Винисиусдир.

Аммо мавсум якунлангач жамоада Зиданнинг ўзи қоладими ёки йўқми, бу ҳам сўроқ остида. Шуниси аниқки, "Реал" ёзда “қайноқ” трансферларни амалга оширади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!