ПФЛ бир корхонаси билан ҳамкорлик шартномаси имзолади. Энди кўрамиз, стадионлардаги нархлар пасаярмикин?
Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси миллий чемпионатларимиз учрашувларига мухлислар ташрифини кўпайтириш, миллий футболимизга бўлган жамоатчилик эътибори ва қизиқишини орттириш йўлида қатор лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, юртимиздаги барча стадионларда ишқибозларга қатор қулайликлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, эндиликда барча жамоаларда клуб дўконлари фаолият юритмоқда. Дўконларда клублар аттрибутикалари савдолари йўлга қўйилди. Шунингдек, ишқибозлар учун ўйиндан олдин ва танаффус вақтида турли шоу дастурлари ва акциялар ташкил этилмоқда.
Мазкур йўналишда ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “EVENT ART WEDDING” корхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолади. Унга кўра, мазкур корхона ПФЛ томонидан ўтказиладиган барча мусобақалар – Суперлига, Про-лига, Ўзбекистон Кубоги, аёллар футболи, футзал чемпионатлари жараёнида мухлислар учун футболка, сувенир маҳсулотлари, аттрибутикалар сотувини йўлга қўяди ҳамда ўйин куни стадионда рухсат берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар савдосини ҳаммага этарлича миқдорда, мақбул ва арзон нархларда сотилишини таъминлашга масъул бўлади.
Шунингдек, мухлисларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Telegram бот ёрдамида мухлислар ўтирган жойларига буюртмаларни етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.
Қолаверса, стадионларга ишқибозлар оқимини янада кўпайтириш, уларнинг миллий футболимизга қизиқишини орттириш учун ўйин бошланишидан олдин ва танаффус вақтида турли акцияларни ташкил этишда ва юртимиздаги машҳур футболчиларнинг 3D макетлари ёрдамида стадион секторларига кириш жойларида фото ҳудудлар яратиш борасида ҳам икки томон ҳамкорликда иш олиб боради.
Ўзаро келишувга кўра яна бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Фикрлар