ПФЛ битта клубни мусобақадан четлатди

2022 йилнинг январ ойида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ 2021 йилги мавсумни Биринчи лигада ўтказган футбол клубларининг умумий иш фаолияти, ижро интизоми, мусобақада иштирок этиш ва лицензиялаш билан боғлиқ талабларнинг бажарилишини ўрганди.

Бу жараёнда "Жомбой" футбол клуби "2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти" ҳамда "Лицензиялаш регламенти"даги қатор талабларни бажармагани маълум бўлди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

"Жомбой" футбол клуби ЎзПФЛ Ижроия қўмитасининг 2022 йил 24 февраль кунидаги 02-сонли йиғилиш баёни билан тасдиқланган қарорга асосан умумий иш фаолияти белгиланган тартибда ташкил этилмагани, ҳужжатлар умуман юритилмаслиги, клуб фаолиятини ташкил қилиши учун офис мавжуд эмаслиги, футболчи ва мураббийлар учун иш ҳақи тўланмаслиги, бухгалтерия ҳисоби юритилмаслиги, умуман молиялаштириш манбаларига эга эмаслиги, 2021 йилда белгиланган тартибда молиялаштирилмагани сабабли Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси қатнашчилари сафидан чиқарилди.

"Жомбой" футбол клубига Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси қатнашчилари сафидан чиқарилгани сабабли Самарқанд вилоятининг 2-Лига мусобақасида қатнашиш тавсия этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!