ПФЛ бош директори ОФК семинарида иштирок этмоқда
Бугундан Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида жойлашган Осиё Футбол Конфедерацияси бош қароргоҳида ОФКнинг клубларни лицензиядан ўтказиш бўйича семинари иш бошлади.
28 февраль – 1 март кунлари бўлиб ўтадиган мазкур семинарда қитъамиз футбол уюшмасига аъзо 43 та мамлакат футбол федерациялари ҳамда футбол лигалари вакиллари, шунингдек, клубларнинг лицензиялаш бўйича менежерлари билан бир қаторда FIFA, UEFA ва CAFнинг мутахассислари иштирок этишмоқда.
Семинар кун тартибидан ўрин олган асосий масала – футбол клублари иш фаолияти ва инфратузилмасини яхшилашда лицензиядаш жараёни аҳамияти юқори экани ва ортда қолган 2018 йилги мавсумда клубларни лицензиядан ўтказиш жараёнида кўзга ташланган ютуқ ва камчиликларни муҳокама этиб, янги мавсумда Европа ва жаҳон тажрибасидан унумли фойдаланиш саналади.
Семинарда иштирок этган ОФК бош котиби – жаноб Виндзор Жон сўнгги йилларда қитъамизнинг барча мамлакатларида ҳам клубларни лицензияш жараёни муҳимлигига эътибор қаратилаётганидан мамнун эканини билдириб, лицензиялаш талаблари юқори бўлиши клубларнинг яхши инфратузилмага эга бўлишини таъминлашини алоҳида қайд этди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур семинарда ОФКнинг клубларни лицензиядан ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш қўмитаси аъзоси саналувчи Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Омон Ғофуров ҳам иштирок этмоқда.
Семинарнинг биринчи кунида асосан ФИФА вакиллари лицензиялаш жараёнининг нозик жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Эртага эса ушбу жараён қитаъмиз лигаларида қандай амалга оширилаётгани, ундаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилиши кўзда тутилган.
Фикрлар