ПФЛ ўтган мавсум ЎФА кафил бўлган жамоани бу йил лигадан четлатди
Биринчи лигада 2021 йилги мавсумдан бери иштирок этиб келаётган “Лочин” жамоаси фаолиятини давом эттира олмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди. 2021 йилда жамоа 12 та иштирокчи орасида 8-ўринни эгаллаганди.
Мусобақанинг 7-туридан ўрин олган “Андижон II” жамоасига қарши ўйин учун “Лочин” майдон топа олмаган ва унга техник мағлубият ёзилганди. Шунингдек, “Лочин” 9-турдан жой олган “Қизилқум-фарм” билан учрашувда ҳам иштирок этмади. Оқибатда Регламент асосида Биринчи лигадан четлаштирилди.
Қайд этиш керак, “Лочин” 2021 йилги мавсумда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт унирвеситети жамоаси сифатида Чирчиқдаги олийгоҳ ўйингоҳидан фойдаланиб келди. Мавсум якунида қатор талабларни бажара олмаганидан келиб чиқиб, “Лочин” “Жомбой” билан бир қаторда биринчиликдан четлаштирилиши керак эди. Бироқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт унирвеситети кафолати асосида жамоа сақлаб қолинди. Афсуски, ички муаммолар сабаб “Лочин” мусобақани барибир давом эттира олмайдиган бўлди. Аввалроқ “Нефтгазмонтаж” жамоаси ҳам биринчиликда иштирок эта олмаслигини маълум қилганди.
Регламент асосида “Лочин” қайд этган барча натижалар 0 га тенглаштирилади. Эндиликда Про лига йўлланмаси учун курашни 14 та жамоа давом эттиради.
Фикрлар