Полвонларимиз Осиё чемпионатининг биринчи кунини муваффақиятли якунлади (фото)
Ads

Тошкентда самбо бўйича катталар, ёшлар, ўсмирлар ва хотин-қизлар ўртасида Осиё очиқ чемпионати бошланди. 
Осиё самбо уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда мамлакатимиз самбо ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирда йигирмадан зиёд давлатдан беш юзга яқин спортчи самбо ва жанговар самбо бўйича куч синашмоқда. 
"Ўзбекистон" спорт мажмуасида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида мамлакатимизда барча спорт турлари қатори самбо ҳам жадал ривожланаётгани таъкидланди. Кўплаб халқаро миқёсдаги мусобақаларда шоҳсупага кўтарилаётган ҳамюртларимиз сафи кенгаймоқда. 
Терма жамоамиз бош мураббийи Роман Шокировнинг айтишича, бу йилги мусобақада етмишга яқин самбо устаси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Улар орасида жаҳон ва қитъа чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари билан бирга иқтидорли ёш полвонлар ҳам бор. 
Чемпионатнинг дастлабки кунида полвонларимиздан Фазлиддин Абдураҳмонов, Жасур Содиқов, Жонибек Шоназаров, Ибодатхон Оғажонова, Зарнигор Ўрмонова ўз ёш ҳамда вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритди. 
Шаҳзод Ҳурматов, Мадина Турғунбоева, Гулжаҳон Тўрабоева, Феруза Юсупова кумуш, Исмат Қудратов, Бобир Қўчқоров, Гулжаҳон Саъдиева бронза медаллари билан тақдирланди.

Манба: uza.uz