Пойтахтимизда “Хумо Арена” муз саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди (ФОТО)
Бугун пойтахтимизда қад ростлаган “Ҳумо Арсена” муз саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросими спорт мухлисларининг ёдида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди. Маросимида бош ғоя санъат ва спортни биргаликда уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Очилиш маросими спортчи ва санъаткорлар ҳамкорлигида тайёрланган шоу дастур билан давом этди. Муз майдони сатҳида 3D мэппинг технологияси асосида Ҳумо қуши, бу ерда ўтказиладиган спорт турлари тасвири намойиш этилди. Спортчи ёшлар ҳамда болалар кўргазмали чиқишлар қилди. Ўзбекистоннинг ёш спортчилари ва машҳур хоккейчилар ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.
Humo Arena” замонавий муз саройининг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон спорти тарихида янги босқични бошлаб беради.
Қайд этиш керакки, кўп тармоқли “Хумо Арена” муз саройи дунёга машҳур ўндан ортиқ хорижий фирма ва компания билан ҳамкорликда қурилди.
Мажмуанинг концептуал лойиҳаси Жанубий Кореянинг “Heerim Architects & Planners” компанияси, том қисмининг лойиҳаси Австриянинг “Oberhofer Stahlbau” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Умуман, иншоотни қуриш ва жиҳозлашда Германия, Буюк Британия, АҚШ, Испания, Италия, Бельгия, Франция, Финляндия, Россия каби мамлакатларда ишлаб чиқарилган техника ва технологиялардан фойдаланилган.
Иншоот икки қисмдан иборат бўлиб, унда асосий ва машқ муз ареналари жой олган. Умумий майдони 82 минг 250 квадрат метрдан иборат 6 қаватли иншоотнинг энг баланд нуқтаси 40 метрни ташкил этади.
Мобиль ўриндиқлар билан жиҳозланган саройда хоккей ўйинларини 12 минг 500, бошқа спорт мусобақаларини 14 минг, турли концерт ва дам олиш дастурларини 10 минг томошабин кузатади. Дам олиш маскани ва ижтимоий марказ сифатида барпо этилган муз саройида турли тадбирларни ўтказиш мумкин. Хусусан, аренада халқаро хоккей ўйинлари, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича мусобақалар, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо, қиличбозлик баҳсларини ўтказиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, мажмуада умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун барча шароит муҳайё.
Мажмуада муҳандислик тармоқлари, ёнғинни ўчириш, совутиш тизимлари, ёритиш, вентиляция, иситиш қурилмалари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, тежамкор технологиялар асосида ишлайди.
Сарой ёнида 1 минг 500 автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ қурилган.
МДҲ мамлакатларининг бирортасида кўп тармоқли “Ҳумо Арена” муз саройининг муқобили йўқ, у жаҳон юлдузлари рейдери талабларига деярли тўлиқ жавоб беради.
Қисқача айтганда, ушбу иншоот Ўзбекистон халқи фаровонлиги, тараққиёт ва ривожланиш йўлида янги саҳифа очилгани рамзидир.
Маросимда Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель, дунёга машҳур спортчи ва санъаткорлар иштирок этди.
Фикрлар