Превью: АГМК қаршисида Осиё гиганти!

АГМК бугун Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги ўзининг илк ўйинини Осиё гиганти, Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" жамоасига қарши ўтказади.

"A" гуруҳида олмалиқликлар Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол", БААнинг "Шабаб Ал-Аҳли" ва Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоалари билан тўқнаш келади.

Эътиборга молик тарафи, мазкур "квартет"даги икки жамоа, яъни "Истиқлол" ва АГМК учун ОЧЛ гуруҳ босқичидаги дебют иштирок. "Ал-Ҳилол" эса ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашиш бўйича мутлақ рекордчи (19) саналади.

"Ал-Ҳилол" ОЧЛда энг кўп ғолибликни қўлга киритиш бўйича ҳам пешқадамлардан бири. Саудия Арабистони жамоаси "Поханг Стиллерз" каби мазкур мусобақада 3 маротаба ғолиб чиққан.

"Ал-Ҳилол"ни ўтган йил якунидан бошлаб бразилиялик Рожерио Микале бошқармоқда. Бразилия Олимпия терма жамоаси билан "Рио-2016" олимпиадаси чемпиони бўлган мутахассис қўл остида жамоа айни пайтда Саудия чемпионатида пешқадамлик қилмоқда.

"Ал Ҳилол" сафида юқори малакали топ даражадаги жаҳон футболи юлдузлари ҳаракат қилишади. ОЧЛда легионерларга қўйилган лимит туфайли "Ал Ҳилол" мусобақага Себастьян Жовинко, Куэллар Густаво ва Курди Амири каби футболчиларни рўйхатдан ўтказмади. Жамоа Бафетими Гомис, перулик Андре Каррильо, аргентиналик Лусиано Вьетто ва Жан Хён Суни ОЧЛ рўйхатига киритган. Шунингдек, жамоанинг қолган чизиқ вакиллари Саудия Арабистони терма жамоаси аъзолари ҳисобланади.

АГМК ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашадиган Ўзбекистоннинг 7-жамоаси айланади.

АГМК учун бўлажак беллашув ОЧЛ гуруҳ босқичидаги дебют баҳс бўлса, мусобақа доирасидаги умумий ҳисобдаги тўртинчи ўйинга айланади. Ҳозирча плей-офф доирасидаги ўтказилган 3 ўйиндан 2 ғалаба ва 1 мағлубият қайд этилган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар