Машҳур ҳужумчи 8,5 йил қамоққа ҳукм қилинди
Испаниянинг “Эльче” жамоаси ҳужумчиси Рафа Мир зўрлаш жинояти учун 8 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда нуфузли манба - Marca нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Мир жинсий зўравонлик ва тан жароҳати етказиш иши бўйича айбдор, деб топилган.
Қайд этилишича, ҳукм ҳали кучга кирмаган ва Рафа Мир суд қароридан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Қамоқ жазосидан ташқари, суд футболчини 64 минг евро миқдорида жарима тўлашга ҳам мажбур қилди.
Рафа Мир иши бўйича тергов бир неча йил давом этди. У илк бор 2024 йилда полиция томонидан қўлга олинган эди. ОАВ маълумотларига кўра, зўрлаш ҳолати испаниялик футболчининг уйида ўтказилган кечада содир бўлган. Футболчи ва унинг таниши икки нафар қизга нисбатан зўравонликда айбланган.
Маълумот учун, 28 ёшли Рафа Мир фаолияти давомида “Валенсия”, “Севилья”, “Вулверхэмптон”, “Ноттингем Форест” ва Европанинг бошқа қатор клубларида тўп сурган.

Фикрлар