
Превью. "Навбаҳор" - "Сўғдиёна"
Ўзбекистон Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилади.
Клуб матбуот хизмати ўйин олдидан превьюни тақдим қилди. Мазкур клублар Ўзбекистон чемпионатларининг суперлига (олий лига)сида ўзаро 59 марта учрашишган.
Ушбу ўйинларнинг 28 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 23 та баҳсда зафар қучган, 8 та ўйинда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 98-70, “Навбаҳор” фойдасига. Наманганликлар ўзаро ўйинларда 92 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 77 очко мавжуд.
“Навбаҳор” – “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўша йили “лочинлар” Наманганда жиззахликлар дарвозасига 7 та жавобсиз тўп киритишганди.
Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган.Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган.
2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида зафар қучишган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Наманганда бўлиб ўтган 29 учрашувнинг 21 тасида “лочинлар” зафар қучишган бўлса, 3 та ўйинда жиззахликлар ғалаба қозонишган, 5 та баҳсда эса жамоалар дурангга имзо чекишган. “Навбаҳор”нинг ўз майдонида бўлиб ўтган ўйинларидаги тўплар нисбати – 63-20, жамоамиз фойдасига.
Мазкур жамоаларнинг 1-даврада Жиззахда бўлиб ўтган баҳсида "Навбаҳор" 3:2 ҳисобида зафар қучганди. Мезбонларнинг голига Лупчо Дориев (14,76), наманганликларнинг голларига эса Пўлатхўжа Холдорхонов (2), Русланбек Жиянов (66) ва Аугусто Педро (90)лар муаллифлик қилишганди.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” ўйини бугун Намангандаги “Марказий” стадионида соат 19:00 да старт олади.
Фикрлар