Превью. ОКМК - "Навбаҳор"
Ўзбекистон Суперлигаси 28-тури доирасида "Навбаҳор" Олмалиқда ОКМК клубига қарши майдонга тушади.
Мазкур рақиблар шу кунга қадар миллий чемпионатларимизда 35 марта куч синашишган. Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 14 марта, наманганликлар эса 10 марта зафар қучишган. Яна 10 бир учрашувда эса кучлар тенг келган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 45:44, “Навбаҳор” фойдасига. Ўзаро ўйинларда олмалиқликлар 53 очкони, “лочинлар” эса 41 очкони қўлга киритишган.
Жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Суперлига (олий лига)даги қарама-қаршиликка 2008 йилда асос солинган. Ўша йили Наманганда ўтказилган дастлабки учрашувда наманганликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Олмалиқдаги жавоб ўйинида эса жамоалар дурангга имзо чекканди – 1:1.
Мазкур клубларнинг Олмалиқда ўтказилган баҳсларига назар ташлайдиган бўлсак, 17 та баҳснинг 10 тасида мезбонлар ғалаба нашидасини суришган бўлса, "Навбаҳор" 4 марта зафар қучган. Учта учрашувда эса томонлар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич - 28:22, ОКМК фойдасига.
Эслатиб ўтамиз, ОКМК – “Навбаҳор” учрашуви бугун Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 18:00 да старт олади.



Фикрлар