Профессионал бокс оламининг ҳақиқий "Шаҳзода"сини биласизми?

  • 8 ноябрь, 2019, 18:16
  • 0
  • Бокс

Профессионал бокс оламида жуда кўп афсоналар фаолият юритган. Ҳар бири ўз йўли, ўз услуби билан мухлислар эътиборини қозонган. Баъзилари томошабинлар учун рингда ўзига ҳос шоулар тақдим этишган. Баъзилари эса хурмача қилиқлари билан ном қозонган. Бугун, биз ҳикоя қиладиган қаҳрамонимиз фаолияти мобайнида юқорида санаб ўтганларни барчасини ўзида мужассамлаштирганди. Унинг жангларини мухлислар орзиқиб кутишар, шунга яраша у томошабинларга завқ улашарди. Исталган катта ёки ўрта ёшли бокс ихлосмандларидан сўрасангиз, бу шоввозни албатта бокс олами тарихидаги энг кучли 10 ликдан ўрин олишини айтади десак, муболаға бўлмайди. У бутун жаҳонга леопард шортиги билан ҳам машҳур эди.

Ҳа, у профессионал бокс оламининг ҳақиқий  “Шаҳзода”си Насим Хамиддир.

Уни кўплар рингда жанг қилмайди, фақат мухлислар эътиборини қозонишга ҳаракат қилади дейишарди. Машҳур ирландиялик бастакор, актёр Боб Гелдоф уни дунёдаги энг яхши шоумен деб ҳам атаганди. Лекин жуда кўп таниқли шахслар, Силвестер Сталлоне, Уил Смитт, Уэсли Снайпс ва Девид Бекхемлар уни ҳақиқий истеъдод эканлиги ҳақида кўп гапиришган. У Буюк Британия қаҳрамонига айлана олганди. Ҳаттоки, уни Букингем саройида шахсан қироллик оиласи кутиб олади.

Бир сўз билан айтганда у ўз вақтининг энг кучли боксчиси бўлиш баробарида мухлисларнинг меҳрини ҳам қозона олган.

Ота-онаси яманлик бўлган, Насим Ҳамид 1974 йил 12 февралда Буюк Британиянинг Шеффилд шаҳрида таваллуд топади. У ярим енгил ва енгил вазн тоифасида ўз жангларини ўтказган. Уни чапақай боксчилар орасидаги намояндалардан бири десак ҳам муболаға бўлмайди.
У 6 ёшидан бошлаб, бокс билан шуғуллана бошлаган. Ҳаваскор боксда жами 62 та жанг ўтказиб, 57 маротаба маротаба ғалабани қўлга киритади. Беш бор эса мағлубият қайд этган. Ҳаваскор йўналишда рақибларини 18 маротаба нокаутга учратади.

У профессионал боксда 1992 йил дебют жангини ўтказади. У профи рингда барчаси бўлиб, 37 та жанг ўтказиб, уларнинг 36 тасида ғалаба қозонади. Бир маротаба мағлубиятга учрайди. Ўша мағлубият яна бир афсона мексикалик Марко Антонио Баррерадан қабул қилиб олинган. У ўз вақтида WBC, IBF, WBO, IBO камарларини қўлга киритади. У сўнги жангини 2002 йил 18 майда ўтказади ва шу билан спортчилик фаолиятини якунлайди.

Насим Хамид 26 ёшида ўз вазнининг жаҳондаги энг кучли боксчисига айлана олади. Кейинчалик баъзи ёмон ҳаракатлари туфайли, озодликдан ҳам маҳрум бўлади. Шундай қилиб, у бокс оламини тарк этади.  Шундай бўлсада, у боксда ўчмас из қолдира олган.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!