Профессионал боксимизнинг "Уч мушкетёр"лари
Профессионал бокс оламида ҳам юртдошларимиз ажойиб натижаларни қайд этишмоқда. Бу борада албатта фаҳрлансак арзийди. Буюк француз ёзувчиси Александр Дюманинг "Уч мушкетёр" асарини барча яхши билади. Мен Қудратулло Абдуқаҳҳоров, Шоҳжаҳон Эргашев ҳамда Шаҳрам Ғиёсовларни худди шу асар қаҳрамонларига қиёслайман. Чунки уларнинг нияти, мақсади бир, яъни ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш ва нуфузли камарларни қўлга киритишдир. Гўёки, Дюма асари қаҳрамонларининг ҳам мақсадлари муштарак бўлгани каби. Қолаверса, вазн тоифалари ҳам деярли бир хил бўлганлигини ҳисобга олиб, шундай ўхшатишга жазм этдим.
Аслида, "косанинг тагида нимкоса" борлигини ҳам барча фаҳмлаган бўлса керак. Шунчаки, боксчиларимизнинг орасига совуқчилик туширишга ҳаракат қилаётганлар учун ёки уларнинг муваффақиятларига панжа ортида қараб, ҳар-хил бўлмағур фикрлар билдираётганларга айтмоқчимизки, булар бир юртнинг фарзандлари, халқаро ареналарда миллатимиз довруғини кўз-кўз қилаётган ўғлонлардир. Шундай экан келинг, уларни қўллаб-қувватлайлик!? Рақиблари кучлими, кучсизми ўз олдига қўйган вазифаларини аста-секинлик билан уддалашмоқда. Кутайлик, дуода бўлайлик, насиб қилса энг нуфузли чемпионлик камарларини ҳам қўлга киритсинлар!
Демак:
Қудратулло Абдуқаҳҳоров - Атос
Айнан Қудратуллони Атосга ўхшатишмизнинг ўзига яраша рамзий маъноси мавжуд. Яъни асар қаҳрамони Атос ёш жиҳатидан энг каттаси бўлади. Бу жиҳатдан олсак, балки Абдуқаҳҳоров бунга тўғри келмас, лекин профессионал боксдаги фаолиятига назар ташласак, Шаҳрамдан анчагина аввал, Шоҳжаҳон билан деярли бир вақтда бошлаганлигига гувоҳ бўламиз. Лекин расмий илк жангини Эргашевдан деярли икки ой аввал ўтказган. Қолаверса, вазн тоифаси ҳам қолганлардан битта юқорида. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ушбу танловни амалга оширдик. Қолаверса, одоб-ахлоқ ва оғир-босиқлик бобида ҳам Қудратулло айни шу қаҳрамонимизга тўғри келади.
Маълумот учун
Ушбу боксчимиз ҳозирда вазн тоифасидан қатъий назар ўзбекистонлик боксчилар орасида энг рейтинги баланд ҳисобланади. Қудратулло 18 октябрь куни АҚШда Луиз Коллазога қарши навбатдаги жангини ўтказади. Ҳозирда у IBF йўналиши рейтингида карвонбошилик қилмоқда. Айнан 18 октябрь кунги жангида ғалаба қозона олса, у чемпионлик жангида иштирок этиши мумкин. Абдуқаҳҳоров профи рингда 16 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.
Балки бу ўхшатиш бироз қизиқ туюлар. Чунки, Портоснинг вазн тоифаси жуда юқори бўлган. Қолаверса, иштаҳа бобида ҳам қолганларни ортда қолдиради. Айнан Шоҳжаҳонни ушбу асар қаҳрамонига ўхшатган жиҳатимиз унинг хеч нарсадан чўчимаслиги, орқадан гапиргандан кўра, юзига айтишни мақул кўриши, бир сўз билан айтганда мақсади сари хеч қандай тўсиқни писанд қилмаслигини инобатга олдик.
Бу юртдошимиз ҳам ўз услубига эга, ажойиб боксчи ҳисобланадаи. Қолаверса, мухлислар орасида ҳам жуда машҳур. Гарчи, у ҳаваскор боксда улкан натижаларни кўрсатмаган бўлсада. Лекин профессионал боксда мағлубиятсиз одимламоқда. Ҳозирда Шоҳжаҳон WBA йўналиши рейтингида 4-ўринда бормоқда. Навбатдаги жанги ҳозирча номаълум. Эргашев профессионал боксда 17 жанг ўтказиб барчасида ғалаба қозонган. 15 бора рақибларини нокаутга учратган.
Ўзига ҳос ва мос ўхшатиш бўлган деб бемалол айта оламиз. Чунки, Арамиснинг ҳушфеллиги, ўзига ҳос романтиклиги, одоб-ахлоқи борасида ҳарактери Шаҳрамникига мос тушади десак янглишмаган бўламиз. Дарҳақиқат, Ғиёсов ташқи кўринишидан мулойим кўринсада, рингда арслонга айланади. Қолаверса, у ҳам Арамис каби дўстликни қадрлайди. Унинг Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғойибназаровлар билан мустаҳкам дўстлиги бунга мисол бўла олади.
Маълумот учун
Шаҳрамнинг ҳаваскор боксдаги натижаларига тўхталиб ўтишни лозим топмадик. Зеро, унинг бу борадаги улкан муваффақиятларидан барчанинг хабари бор. Ғиёсов профессионал рингда 9 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. 7 бора рақибларини нокаут билан мағлуб этган. У профессионал боксга 2018 йили кириб келади. Ҳозирда WBA рейтингида 5-ўринда қайд этилган. Унинг эҳтимолий жанги 30 ноябрь куни Монакода бўлиб ўтиши мумкин.
Фикрлар