«ПСЖ» «Барселона»нинг яна бир футболчисини сотиб олмоқчи
«Барселона» таркибида ҳимоячи Алехандро Бальденинг мавқеи сезиларли даражада пасайди. Каталония клуби бош мураббийи Ханс-Дитер Флик уни жамоа учун алмаштириб бўлмайдиган футболчи сифатида кўрмаяпти. Клубнинг спорт директори Деку эса бир неча вақтдан бери Бальде маошини харажатлар рўйхатидан чиқариш йўлларини изламоқда.
Шу пайтда «ПСЖ» 22 ёшли Бальде билан шартнома имзолаш имкониятини кўриб чиқишга тайёр. El Nacional нашри хабарига кўра, парижликлар трансфер қай тарзда амалга оширилиши мумкинлигини аниқлаш учун иш бошлаган.
«Луис Энрике жуда яхши биладики, Бальдедек ҳимоячи жамоага ўз тезлиги, катта майдонни қамраб олиш қобилияти ва масофани тез босиб ўтиш хусусиятлари билан катта фойда келтириши мумкин. Энрике ҳужумда қанотни кенг ёза оладиган ҳимоячи изламоқда ва атроф-муҳитни ўзгартириш Бальде учун фойдали бўлишига ишонади», — дея таъкидланади хабарда.
Маълумотларга кўра, «Барселона» Бальдени юқори миқдорда сотиб олиш шарти кўзда тутилган ижара асосида жамоани тарк этиши вариантларини кўриб чиқишга тайёр.

Фикрлар