ПСЖда секинлаштирилган “бомба” портлаш арафасида
Бир қарашда ПСЖ ва Килиан Мбаппе ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқдек туюлиши мумкин, аммо низо тобора катталашиб бормоқда. Ҳозирча, бу фактор жамоанинг натижаларига таъсир кўрсатмаяпти, бироқ исталган пайтда панд бериб қўйиши мумкин. Вазият шунчалар қалтисми?
Мбаппе Неймар билан ярашиб олгани йўқ!
Французнинг Неймар билан муносабатлари ёмонлашганига анча бўлди. Улар ўртасидаги кескинлик мавсум бошида ўзининг пик нуқтасига чиқди. Улар жамоанинг асосий пенальти тепувчиси ким бўлиши масаласида тортишиб қолди. Айнан шу масалани ҳал қилиш мақсадида ПСЖ раҳбарлари каттагина мажлис ўтказди. Унда Неймар ва Килиандан ташқари, Рамос, Месси ва Галтье иштирок этди.
Кенгаш якунида мураббий футболчилар барча муаммоларни шу ерда ҳал қилиб бўлгани ҳақида маълум қилди. Деярли барча бу сўзларга ишонди. Ҳар ҳолда, майдондаги ҳужумчиларнинг ҳаракатлари шундан далолат бераётгандек. Бразилия терма жамоаси аъзоси илк 10 ўйинда гол+пас тизмида 17 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, хориж нашрларида бу шунчаки кўзбўямачилик эканлиги бот-бот эълон қилинди.
Таниқли "Goal" нашрининг маълум қилишича, Неймар-Мбаппе можароси ҳали-ҳамон ҳал этилмаган. Неймар жамоанинг асосий пенальтичиси мақомидан айрилганини ҳазм қила олмаяпти. Амалдаги жаҳон чемпиони эса, бразилиялик футболчининг кийиниш хонасидаги ҳукмронлигидан норози. Бу жанжал аста-секин майдонга ҳам кўча бошлади.
ЕЧЛ биринчи туридан ўрин эгаллаган "Ювентус"га (2:1) қарши ўйин ёдингиздами? Ўша учрашувда Мбаппе бирга-бир ҳолатда, ўзидан анча қулай позициядаги Неймарга пас беришдан бош тортган ва 100 фоизли голли вазиятни кўкка совурган эди. Баҳс якунлангач, жамоа матбуот котиби Неймардан матбуот анжуманида иштирок этишини илтимос қилади, лекин у қуйидаги сўзларни айтиб бош тортади:
"Аниқ мен-ми? Агар журналистлар билан ҳозир гаплашсам, сизларга муаммо туғдириб қўйишим мумкин!"
Ҳозирча, очиқдан очиқ жанжал бўлганича йўқ. "Goal" нашрининг ёзишича, Неймар Серхио Рамоснинг илтимосига кўра, ёш футболчи билан низо юзага келмаслигига ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, клуб бош мураббийи йигитлардан ҳеч бўлмаганда камера олдида ўзини профессионал тутишларини сўраяпти. Эътиборлиси, бир-бирини кўрарга кўзи йўқ юлдузлар ичкаридаги гапни ташқарига олиб чиққанича йўқ.
"Юве"га қарши ўйинда сўнг мураббий Неймар ва Мбаппе жанжали ҳақида берилган саволдан усталик билан қочиб қолди, бироқ муаммо бор экани кўриниб қолди. Бу конфликт бир неча кундан сўнг портлаши аниқ бўлган бомбага ўхшаб қолди. У исталган муҳим ўйинда панд бериши, орқасидан катта шов-шув кўтарилиши мумкин.
ПСЖда бошқа чора йўқ!
"L’equipe"нинг маълум қилишича, Килиан парижликлар билан 2025 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чеккан. Агар воқеалар ривожи шу темпда кетса, 2023 йилнинг ёзида парижликлар Мбаппедан воз кечишга мажбур бўлиши ҳеч гап эмас. Сабаби, қаҳрамонимиз жамоаси билан тузган шартномада 2024 йилга келиб, у эркин агент сифатида бошқа клубга йўл олиш банди бор.
Ҳозир-ку, бунга эҳтиёж йўқ, бироқ... Сўнгги пайтларда, "тошбақа ниндзя" ОАВ томонидан кўп бор нишонга олинмоқда. Айниқса, Мбаппенинг Поль Погба ва унинг ака-укалари билан содир бўлган жанжалга аралашиб қолгани кўпчиликнинг таъбини хира қилди.Кўп ўтмай, яна бир воқеа омма томонидан жуда кескин қабул қилинди. Мбаппе "RMC Sport" нашри журналисти Дани Риолани судга берди. Унга кўра, ПСЖ ҳужумчисига журналистнинг мақоласидаги мана шу сўзлар манзур келмаган:
"Бизнинг футболни қутқариб қолиши мумкин бўлган вундеркинд - Мбаппедан хавотирдаман. У сўнгги йилларда кетма-кет хатоларга йўл қўймоқда. Бу ҳақдаги айрим ҳақиқатларни ошкор қилмоқчи эмасман. У эҳтиёткор бўлиши керак".
Бу мақола "RMC Sport" нашрида эълон қилинганидан бир неча дақиқа ўтиб, ўчириб ташланган. Шунга қарамай, интернет ҳеч нарсани унутмайди. Скриншотлар тезда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Бироздан кейин Килиан Мбаппенинг онаси бу мақолага муносабат билдирди:
"Улар мақолани ўчириб юбориб тўғри қилишди. Биз аллақачон бу масала борасида нашрни судга беришни режалаштираётган эдик. Журналистларнинг ёлғон информациясини Килианнинг собиқ дўсти сизларга етказиб турганини яхши биламиз. Мбаппе ҳақида исталганча ёзишингиз мумкин, лекин у ҳақиқат бўлиши шарт!"
"RMC Sport" журналистларининг айтишича, Килиан шахсий ҳаёти борасидаги маълумотларни омма юзини кўришини истамаяпти. У информаторга айланганликда айблаётган дўстини огоҳлантирган ҳамда барча нашрларни унинг рухсатисиз мақола чоп этмасликка чақирган. Агар кескинлик ошиб борса, футболчи жуда ҳам қўрққан маълумотлар интернетда пайдо бўлиши хавфи юқори.
Мухлислар Мбаппедан умид узган!
Жорий йилнинг ёзида Мбаппени "Реал"га ўтиши борасидаги миш-мишлар деярли 3 ой тўхтагани йўқ. Эркин агент мақомидаги футболчи учун кураш олиб борган "қаймоқранглилар" якунда ҳеч нарсага эриша олмади. Яқинда Килиан кутилмаганда, Мадрид унинг иккинчи уйи эканлиги айтди.
"Нима бўлишини олдиндан айтиш имконсиз. Мен ҳеч қачон бу жамоа шарафини ҳимоя қилмаганман, аммо у менга худди ўз уйимдек".
Катта эҳтимол билан, "қаймоқранглилар" Мбаппе борасида ПСЖга бошқа таклиф билан чиқмайди. Бундан аввалги рад жавоби ва сўнгги пайтлардаги миш-мишлар футболчининг репутациясига салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб мухлислар Килиан якунда жамоани тарк этишини башорат қилмоқда. "Le10Sport" нашри фанатлар ўртасида сўровнома ўтказди. Унга кўра, 34 фоиз инсон Париж форвардининг 2023 йилда трансферга қўйилишини тахмин қилган. 20 фоиз мухлис уни ҳеч қачон кетмаслигига овоз берган бўлса, қолганлар ҳужумчининг контракти якунига қадар Парижда қолади, деб ҳисобламоқда.
Кўриниб турибди-ки, ПСЖнинг ашаддий мухлислари ҳам Килианни ПСЖ афсонасига айланишига ишонч билдирмаяпти. Носир Ал-Хелайфи "Реал" Мадридни ортда қолдириб, уни таркибда сақлаб қолди, бироқ футболчининг қалбидаги клубга бўлган ҳурматни эмас. Воқеалар ривожи шундай давом этса, 2023 йилнинг ёзида "Мбаппенинг трансфери" сериалини янги фасли экранларга чиқади.
Я . У
Фикрлар