ПСЖга қарши камбэк, Бенземанинг “Олтин тўп”ни олиши ва Мбаппенинг қарори. Модрич испан ОАВга интервью берди

Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоячиси Лука Модрич испан ОАВга интервью берди. Қуйида биз сизларга буни тақдим этамиз.

Карим ҳақида

- Бензема бир вақтнинг ўзида ҳужумнинг турли нуқталарида ўйнай олади. Бу Каримнинг устун томони! У мен бирга ўйнаган энг буюк футболчилардан бири ҳисобланади. Албатта, Бензема "Олтин тўп"га 100 фоиз лойиқ, лекин у бу совринни анча олдин қўлга киритиши керак эди.

“Реал” сафидаги биринчи кунимданоқ, у билан ўйнаш менга завқ бағишлаган ва вақт ўтиши билан Карим билан янада қадрдон бўлиб қолдик. Мен унинг муваффақиятидан ҳамда “Олтин тўп”ни қўлга киритиши мумкинлигидан хурсандман. Бензема бунга лойиқ.

Рамос ҳақида

- Машғулотларга келиб, Серхио йўқлигини кўриш жуда ҳам ачинарли. У “Реал”га келган биринчи кунимданоқ, менинг мослашишимга катта ёрдам берган. Ҳар доим менга ишонч билдиришини ва доимо қўллаб-қувватлашини айтарди. Биз ажойиб дўст бўлдик.

Ҳозирги кунда у билан тез-тез телефон орқали гаплашиб турамиз. Мен Рамос жамоада бўлган вақтларни соғинаман, лекин бу — футбол. Биз барчасига кўникишимиз керак.

ПСЖга қарши ўйиндаги камбэк ҳақида

- ПСЖ майдонида мағлубиятга учраганимиздан сўнг, Карвахал билан гаплашдим. Унинг кайфияти йўқ эди. Мен унга айтдим: "Карва, кўрасан, биз уларни “Бернабеу”да “тиз чўктирамиз”. Хафа бўлма".

ПСЖни мағлуб этишимизни билардим. Бу ҳақида кўпчиликка айтганман.

Чорак финалга чиққанимиздан кейинги ҳолатим? Нега бундай қилганимни билмайман (кулади).

Парижликлар устидан қозонилган ғалаба — энг яхшиси, чунки кўплаб иқтидорлар жамланган мега-жамоа устидан муваффақият қозонишимизга кўпчлик ишонмаган ва "таҳлилчилар" бизни ҳисобдан чиқариб қўйган эди. Аммо, шунга қарамай, биз сўнгги сонияларда ўйинни ўзгартириб юбордик.

Лекин, Мессини “Барселона” либосидан бошқа формада кўриш ғалати бўлди. Месси, Неймар ва Мбаппе ПСЖда ажойиб учликни ҳосил қилган... Бу қиммат трио.

Мбаппе ҳақида

- Мбаппе? Ҳаммамиз Килианни “Реал”га келади, деб ўйлагандик, лекин у ПСЖда қоладиган бўлди. Мен ҳар доим, ҳар қандай ҳолатда, ҳеч бир футболчи клубдан устун бўлмаслиги керак деб биламан. "Реал" Мадрид ҳар қандай топ-футболчидан устун турадиган буюк жамао ва доимо шундай бўлиб қолади.

Таркиб ҳақида

- Тажрибали футболчилар ва ёшларнинг бирлашиши бу мавсумда ғалаба қозонишимизнинг энг муҳим сабабларидан бири бўлди. Вальверде, Камавинга, Родриго ва Винисиус каби иқтидорлар биз каби қарияларга муносиб ўринбосар бўлади. Алаба ҳам “Реал”га жуда тез мослашди. Унинг тажрибаси ғалабаларимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Катта футболчилар Мадриддан кетса, ёшлар шу ерда қолади ва ғалаба қозонишда давом этади. Боиси, бу — "Реал" Мадрид.

Карло Анчелотти ҳақида

- Анчелотти футболчиларга қўшимча мотивация беради. Унинг ёндашуви ўзига хос ва бетакрор. Жамоадаги барча футболчи унинг учун “жангга” киради.

Карло кўплаб ўйинчилар билан алоҳида гаплашди. Бу футболчиларга ишонч берди деб ўйлайман. Ҳозирда жамоада ажойиб муҳит ҳукм сурмоқда.

Ҳамма биладиган нарсани айтишга ҳожат йўқ: Анчелотти ва Зидан – топ даражадаги мутахассислар! Натижаларнинг ўзи буни кўрсатиб турибди.

Зидан кетганидан кейин айнан Анчелотти керак эди. Сабаби, уларнинг футболга бўлган қарашлари бир хил. Шунинг учун, Зидан кетганидан кейин ҳам жамоада катта талофат кузатилмади.

Анчелотти ҳақида озроқ қўшимча қилишим мумкин. У катта футболидаги кескинлик, босим ва стресс ҳолатлардан хотиржамлик билан чиқиб кетадиган мураббий. Шунинг учун ҳам барча уни жуда ҳурмат қилади.

Чемпионлар лигаси ҳақида

- Менимча, Чемпионлар лигасидаги бу ғалаба қолганларидан қадрлироқ, чунки биз ҳар бир учрашувда мусобақадан чиқиб кетишимиз мумкин эди. Аввалига Франция чемпионини, кейин амалдаги Европа Чемпионлар лигаси ғолиби устдан ғалаба қозондик. Ярим финалда Англия чемпионидан кучлироқ эканлигимизни исботладик. Финалда ҳам “Реал” фаворит эмасдек кўринган эди, аммо биз ҳаммасини ўзимиз томонга оғдириб олдик. Барча бизга омад кулиб боққани ҳақида гапирди. Бироқ, жамоа кучли ўйин намойиш этди. Бу “Реал” учун тарихий ғалаба бўлди.

Кубоклар ҳақида

2012 йилда жамоага қўшилган пайтим катта мусобақаларда ғалаба қозонишга чанқоқ эдим, чунки мен “Тоттенхэм”дан келганман. Лондондаги тўрт йил ичида катта муваффақиятларга эришдим, лекин улар билан соврин ютиш менга насиб этмади.

Париждаги Чемпионлар лигасида ғалаба қозонганимиздан сўнг: “Эртадан бошлаб Чемпионлар лигасидаги 15-кубокни қўлга киритиш учун ҳаракатни бошлаймиз”, деб ўзимизга ваъда бердик. Бу — “Реал” Мадрид. "Реал"да ўтиш даври йўқ. Биз ҳар йили ғалаба қозонишингиз шарт.

“Сантьяго Бернабеу” ҳақида

- "Сантьяго Бернабеу"даги олқишлар? Бу ўзгача туйғу. Биринчи кунданоқ Мадрид мухлисларига меҳрим тушган. “Сантяго Бернабеу”даги томошабинлар бизни олқишлаганда барча ғам-ғуссани унутаман. Мухлислар мени жуда яхши кўришларини ҳис қиламан. Орамиздаги меҳр тобора кучайиб бормоқда ва бу менга жуда ёқади.

Матбуот босими ҳақида

- "Реал" Мадрид кубоклар учун даъвогарлик қилмаса, ОАВда бонг урилади. Лекин, бу нормал ҳолат. Менинг шикоят қиладиган ҳеч нарсам йўқ. Оммавий ахборот воситалари мени ҳурмат қилишини яхши биламан.

Келажак ҳақида

- Ўзимни яхши ҳис қилгунимча ва клуб раҳбарияти менга ишонч билдиргунча, ўйнашда давом этаман. "Реал" Мадриднинг муваффақиятига ҳисса қўшганимдан бахтлиман. Мен деярли барча совринларни қўлга киритганман. Бу менинг энг катта орзуим эди ва унга эришдим.

 

Жамшидбек Маҳмудов таржимаси.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!