Пули бор клублар юқори ўринларда, пули камлар эса..."Бухоро"дан таклиф олган Жамшид Саидов ҳақида
Яқин-яқингача Александр Хомяков билан бирга “Андижон”да фаолият олиб борган бухоролик Жамшид Саидов ҳам ўзига яраша тажрибага эга бўлган мутахассислардан биридир. Боиси, у бемалол мустақил равишда бош мураббийлик вазифасида ишлаш хусусиятига эга. Шу боис бўлса керак, ҳозирда унинг хизматига қизиқиш билдираётган клублар ҳам йўқ эмас. Биз эса унинг кейинги режаларини билишга қизиқдик. Қолаверса, Саидов чемпионатимиз ҳақида ҳам фикрлари билан ўртоқлашди.
- Дастлабки иккита турни кўрдим ва табиийки, уч ойлик танаффус футболнинг сифатига таъсир кўрсатмасдан қолмайди, - дея гап бошлади Саидов. - Лекин шунга қарамасдан, жамоалар яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Пандемиядан сўнг тезлик пасайса керак, деб ўйлагандим. Бироқ аксарият клублар ўйин амалиёти яхши эканлигини кўрсатишяпти. Айрим жамоалар эса ҳали жисмоний тарафдан тайёр эмаслар. Танаффусдан кейин “Сўғдиёна”, “Металлург” каби жамоалар яхши натижалар кўрсатишяпти. “Локомотив” эса негадир ўзига ўхшамаяпти. “Андижон”, “Бухоро” кабилар эса ўз ўрнида (кулади). Биласизми, уч ойлик танаффус айрим клубларга фойдали, яна айримларига фойдасиз бўлди. АГМК, “Қўқон-1912” клублари ҳам чакки эмас.
- Собиқ клубингиз – “Андижон”ни ҳам кузатиб бораётгандирсиз. Янги мураббий бошчилигида жамоа қанчалик ўзини ўнглай оларкин?
- Биласизми, ҳар қандай янги келган мураббийга вақт керак. Футболчилар эса 5-6 та турдан кейин унга мослашишни бошлашади. Агар янги мураббий бошчилигида дастлабки ўйинларданоқ ғалабалар қозонишганида бу ўзига яраша сенсация бўларди. Лекин “Андижон” “Бухоро”ни юта олмади. Ҳар бир мураббийнинг ўз фикри бор. Виктор Кумиковнинг ҳам мураббийлик тажрибаси катта. Фаолияти давомида яхши клубларда ишлаган. Ҳозирча унинг ўйлаган фалсафасини ўйинчилар тўлиқ тушуниб етишганича йўқ. Шу боис вақт керак. Лекин улар учун вақт кам. Ўтган йили Александр Хомяков келганида ҳам 3-4 та турдан сўнг жамоа яхшироқ ўйнашни бошлаганди.
- Сиз ҳам бемалол мустақил равишда бош мураббийлик қила оласиз. Масалан, ўтган йили маълум муддат “Андижон”ни ҳам бошқаргандингиз. Кўпчилик эса Хомяков клубдан кетганидан сўнг балки унинг ўрнини Жамшид Саидов эгаллар, деган гап-сўзлар ҳам чиққанди...
- Барибир ҳар қандай вазиятда ҳам аввало раҳбарият муносабат билдириши керак. Мен эса Хомяков билан бирга кетдим. Мени эса нафақат у билан, балки мустақил ишлаш бўйича ҳам вариантларим бор эди. Балки ўшанда раҳбарият алоқага чиққанида қолармидим?! Ўшанда Хомяковнинг олдида аниқ таклиф бор эди. Лекин охирги лаҳзаларга келганда, унинг варианти ўз кучини йўқотди. Ўзингиз биласиз, барибир пулсиз жамоада ишлаш қийин-да. Натижа кўрсатмоқчи бўлсангиз, ўша клубда барқарорлик бўлиши лозим. Бўлмаса, жуда қийин масала. Мана, чемпионатимизга қаранг, қайси клубларнинг пули бўлса, ўшалар турнир жадвалида юқори ўринларда юришибди. Охирги ўринлардаги “Бухоро”, “Қизилқум” каби жамоаларда эса молиявий томондан қийинчиликлари бор. “Пахтакор”, АГМК, “Металлург” сингари клубларнинг асосий таркиби ва захира ўриндиғига қаранг, бой жамоаларда иккита тенг кучли таркиб бор.
- Аслида Хомяков “Андижон”дан кетиб тўғри қилди деб ўйлайсизми?
- Ўйлайманки, 50х50. Хомяков аниқ вазифаси бор, барқарор клубда ишламоқчи. Ишонаманки, у узоқ вақт ишсиз қолмайди. Айни пайтда унда таклифлар бор. Янги иш жойини танлашда хато қилиб қўймай, дея яхшилаб ўйлаяпти.
- Кейинги режаларингиз қандай?
- Ҳозирча уйда ўтирибман. Тўғри, кўп гаплар чиқди, у ёки бу ерга боради деб айтишди. Лекин ҳозирдан ҳеч нима айта олмайман. Ахир эртага нима бўлишини билмаймиз. Албатта, вариантлар бор, йўқ эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Эшитишимизча, “Бухоро”га бош мураббий бўлишингиз мумкин экан. Бу хабар қанчалик ҳақиқатга мос?
- Ҳа, менга “Бухоро”дан таклиф бўлган. Лекин айни пайтда бу клубда бош мураббий бор. Муҳсин Муҳаммадиев ҳам Москвадан қайтган. Балки у “Бухоро” билан натижа кўрсатар. Боя айтганимдек, барчасини вақт кўрсатади. Барибир қаерда иш бошласам ҳам бу ҳақида биринчи бўлиб сизга хабар бераман.
- Аммо “Бухоро” мавсумни ҳали ҳам ғалабасиз ўтказмоқда. Сизнингча, клубнинг муаммоси нимада?
- Мураббийга вақт бериш керак. Клубнинг ўтказган ўйинларига қарасак, рақиблари ҳам кучли эди. “Локомотив”, “Пахтакор”, “Қўқон-1912”, “Навбаҳор” каби клубларга ютқазди. “Андижон” билан эса дуранг қайд этди. Шунингдек, клуб ҳозирда легионерларисиз ўйнаяпти. Барибир таркибда хорижлик ўйинчиларнинг бўлиши ҳам жамоадагиларнинг руҳиятини кўтаради.
Фикрлар