Пулни ўйлаганимда Саудияга кетган бўлардим, "Шахтёр" мени Европа клубига сотади - Шаҳзод Убайдуллаев яна нималар деди?
Беларусь чемпиони – “Шахтёр” ўз сафига ҳамюртимиз Шаҳзод Убайдуллаевни қўшиб олган ҳолда ҳужум чизиғини кучайтиришни режалаштирган.
Ўтган йили ярим мавсум “Шахтёр”да тўп сурган Жасур Яхшибоев қандай натижа кўрсатганини ҳамма кўрди. Шу боис клубнинг Убайдуллаевдан ҳам умиди катта.
Айни пайтда жамоаси билан Дубайдаги йиғинда қатнашаётган Шаҳзод “Шахтёр”га кўчиб ўтгач, ўзининг илк интервьюсини sports.uz мухбирига берди.
- Шаҳзод, сизни Беларусь чемпиони сафига қўшилганингиз билан табриклаймиз. Аслида ҳаммаси қандай юз берди? “Шахтёр”нинг таклифи ҳақида дастлаб қачон ва кимдан эшитгандингиз?
- Бу таклиф ҳақида биринчи марта “Металлург” жамоаси бошлиғи Шавкат ака Саидовдан эшитдим. Менга четда тўп суришни хоҳлайсанми деди ва Беларусь, Саудия Арабистони ва яна бир қатор вариантларни айтди. Нима қиласан деди. Мен ҳам дарҳол “Шахтёр”ни танладим. Чунки бу Европа футболи. У ерда тўп сурсам, Европа бир қадам дегани. Янада яхши клубларга кетишим осонроқ бўлади дея Беларусь вариантини танладим.
- У ерда ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев тўп суриб, тўпурарлик маҳоратини кўрсатганди. Шунинг учун улар яна бир бор ўзбекистонлик ҳужумчиларга эътибор қаратишди ва бу борада сизни танлашди. Табиийки, сиздан ҳам Яхшибоев сингари сермаҳсулликни кутишади. “Шахтёр”да Жасур Яхшибоев ҳақида нима дейишяпти?
- Менга Яхшибоев ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлгани йўқ. Лекин, тўғри, Жасур жамоанинг юрагига айланганди. Голлар уриб, тўпурар сифатида ўзини кўрсатди. Шунинг учун улар яна ўзбек ҳужумчиларига қизиққан деб ўйлайман. Натижада бизнинг жамоамизга таклиф билан чиқишган. “Шахтёр”дагилар мени қандай кузатишган, қандай пайқашган, буниси қоронғу. Фақат менга бу таклифни айтишганида, ҳеч нимани ўйламадим, Европами, бўлди кетаман дедим. У ерда янада ўсишимга ишонганим учун ҳеч нимага қарамасдан кетишга қарор қилдим.
- Янги жамоада сизни қандай қарши олишди? “Шахтёр”га мослашишингиз қандай кечяпти? Ҳозир жамоа билан Дубайдаги йиғинда қатнашяпсиз.
- Худога шукр, мени яхши кутиб олишди. Кунига икки маҳалдан шуғулланиб, назорат учрашувларида майдонга тушяпмиз. Янги жамоамга анча киришиб кетдим. Бир ойларда тўлиқ мослашиб кетаман. Барибир легионер сифатида бошқа юртга келасиз ва янги клубга мослашиш осон бўлмайди. Лекин мени жамоадагилар яхши қабул қилишди.
- “Металлург”да 10-рақамда тўп сургансиз. “Шахтёр”да ўзингизга қайси рақамни танладингиз? Қолаверса, у ерда кўпроқ қайси футболчи билан дўстлашдингиз? Хонадошингиз ким?
- 7-рақамни олдим. Клубда кўпроқ дўстлашиб, мулоқот қилаётган футболчи сифатида Антични айта оламан. У билан муносабатимиз зўр. Лекин қолган йигитлар билан ҳам яхши алоқадамиз.
- Сизнинг “Шахтёр”га трансферингиз ҳақида гапирадиган бўлсак, нархингиз 150 минг долларга баҳолангани ҳақида эшитдик, шу ростми?
- Трансфер нархимга қизиққаним йўқ. Менга бу трансфердан бир сўм ҳам тегмайди. Ҳаттоки, бу ерга келиб ойлик маош қанақалигига ҳам қизиққаним йўқ. Бу ерга футбол ўйнаш учун, Европанинг кучлироқ клубларига кетиш учун келганман.
- “Шахтёр” бош мураббийи Роман Григорчук билан илк суҳбатингиз қандай бўлди? У сизга нималар деди?
- Тўғрисини айтсам, ҳали мураббий билан бафуржа гаплашганим йўқ. Рости, рус тилини яхши билмайман. Гарчи рус тилини тушунсам-да, гапиришга қийналаман. “Шахтёр” клубига бошида бир ўзим эмас, Шавкат ака Саидов билан бирга келганман. У русчани тушунади, фақат кўп гапирмайди, унга кўп савол-жавоб қилманглар, машғулотларини қилса бўлди, қолганини аста-секин ўрганиб кетади деб уларга айтган. Лекин бош мураббий жуда қаттиққўл ва талабчан экан. Худди Александр Хомяков билан бир хил экан.
- Жамоадошларингиз билан майдон ташқарисида қандай гаплашяпсиз? Барибир оддий ҳаёт тарзида ҳам ўзаро гаплашиб турасизми?
- Озгина қийинчилик бўляпти. Лекин ҳаёт мажбур қилади, ўрганиш керак. Нимадир қилиб гапларимни тушунтира оляпман. Айтдимку, русчани тушунаман. Ўзим ҳам тўлиқ гапириб кетишим учун бироз вақт керак. Ҳаммаси яхши бўлади.
- “Шахтёр”да сиздан ҳам Яхшибоев каби сермаҳсул натижани кутадилар. Бу эса сизга қўшимча босим ўтказмаяптими?
- Йўқ, менга ҳеч қанақа босим бўлмаяпти. Ўзимнинг ҳам мақсадим тўпурар бўлиш. Чемпионлар лигасида ҳам ўзимни кўрсатишни истаяпман. Айтганимдек, янада яхшироқ жамоаларга кетмоқчиман.
- Фаолиятингизда янги саҳифа очиляпти. Энди сизда ҳам Европа Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Бу борада тайёргарлик қандай бўляпти ва нималарни ҳис қиляпсиз?
- Асосий мақсад Чемпионлар лигасида муносиб иштирок этиш. Биз ҳозир шунга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. “Шахтёр” 10 га яқин янги футболчиларни олган. Мураббийлар ҳам, раҳбарлар ҳам Чемпионлар лигасига жиддий эътибор қаратишяпти. Худо хоҳласа, яхши натижа кўрсатамиз, деган умиддаман. У ерда ўзимни кўрсатиб, янада кучли клубларга кетишга кўзим етади. Чунки уларда ҳам иккита оёқ ва иккита қўл бор ва бизда хам. Меҳнат қилишдан тўхтамайман.
- Янги клубда сизни ҳайрон қолдираётган ҳолат нима? Барибир бу бошқа чемпионат ва тайёргарлик жараёнларида ҳам жиддий фарқларни кўряпсизми?
- Олдинги йиллари Беларусь чемпионатининг айрим ўйинларини кузатиб турардим. Чунки Жасур Яхшибоев билан Шаҳбоз Умаров ўйнагани учун қизиқиб турардим. Айримлари Беларусь чемпионатини бизникидан кучсизроқ дейишарди. Бу ерга келиб ўзим билдимки, бундай эмас. Бизнинг футбол техник томондан кучли. Негаки, Ўзбекистонда техникаси юқори бўлган ўйинчилар кўпроқ. Бу ерда бошқача, ҳаммаси жисмоний кучга қаратилади. Ҳамма футболчилари жисмоний томондан бақувват, кучли ўйинчилар. Шароитларга келсак, биздан кўра анча яхши, ҳамма томонлама. Барибир Европада. Бу ерга келиб ҳаммасини ўзингиз кўрмагунча билмайсиз экан-да! Мен ҳам Беларусь футболи бизникидан кучсизроқ бўлса керак, деб ўйлардим. Тўғрисини айтсам, машғулотларида қийналиб қоляпман. Ўзимиздаги машғулотлар енгилроқ бўлгани учун унчалик қийналмасдик. “Шахтёр”да эса бошқача. Ҳар куни икки маҳалдан шуғулланяпмиз, очиғи, қийин бўляпти. Худо хоҳласа, мослашиб кетаман. Аммо машғулотлари бизникидан анча кучли.
- Жамоадагилар сизни қандай чақиришяпти? Ўзаро ҳазил-ҳузул қилиб турасизларми ёки ҳаммаси жиддий кайфиятдами?
- Кўпчилиги исмим билан чақиришади, Шаҳзод деб. Бир-иккитаси шох деб чақиришади. Ўзимизда ҳам мени шох деб аташарди.
- Клуб сизга қандай шарт-шароитлар яратиб беряпти? Молиявий ҳолат “Шахтёр”га ўтишингизга қанчалик таъсир кўрсатди?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, бу ерга пул учун келганим йўқ. Агар пулни хоҳлаганимда Саудия Арабистонига кетган бўлардим. Бу ердаги ойлик маошлар деярли биздаги каби, балки бизникидан бироз кўпроқдир.
- “Шахтёр”ни танлашингизда оила-аъзоларингизнинг сизга берган маслаҳати қандай бўлди?
- Дадамга олдимда турган таклифлар ҳақида айтдим, нима қилай деб. Дадам ҳам илгари футбол ўйнаган – Умид Жўраев. Дадам менга, ўзинг биласан, энди ёш бола эмассан, агар футбол ўйнашни ва ўсишни истасанг Европага кетишинг керак, деб маслаҳат берди. Бу менга ҳам ёқди.
- Янги клубда бир ўзингизсиз. Мослашишга қийналмаяпсизми?
- Бошида бир ҳафтача мослашишим қийин бўлди. БАТЭга ўтган дўстим Шаҳбоз Умаров менга қўнғироқ қилди. У билан доим гаплашиб турамиз. Зерикмаяпман, чидаймиз-да, футбол шунақа ўйин, уйдагилардан узоқ юришга ҳам мажбур қилади. Балки вақти соати келганда уйдагиларни ҳам бу ерга олиб келарман.
- Суперлигамизда дебютингизни 2019 йили “Андижон”да ўтказгансиз. Унгача биринчи лигада “Машъал”да ўйнадингиз. Қизиғи, “Андижон”да ҳам, “Металлург”да ҳам бир йил тўп сурдингиз. Энди эса “Шахтёр”дасиз ва бу ерда ҳам балки сизни бир йил кўриб, кейин бошқа клубда кўрармиз...
- “Шахтёр” билан уч йилга шартнома имзолаганман. Клубда ўзимни кўрсатиб, тўпурарлик салоҳиятимни кўрсатсам, улар мени Европани яхшироқ жамоаларидан бирига сотади. Ўзида кўп ушлаб ўтирмайди. “Андижон”дан “Металлург”га ўтганимда ҳам уч йилга шартнома тузганман. Агар яхши таклиф бўлса, сотишига келишиб олгандик. Бу ерда ҳам шундай.
Фикрлар