Қачон бошлаш муҳим эмас, асосийси қандай якунлаш!

Эътиборлиси шундаки, Томас Тухель «Челси» бош мураббийига айлангач, 3,5 ойда «аристократлар»ни Европа Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиқди. Бундай ҳолатлар футбол учун бегона эмас. Хўш, қайси мураббийлар Тухель сингари қисқа муддатда натижа кўрсатган? Бугун улар ҳақида батафсил.

Висенте Дель Боске

1999/00 йилги мавсумнинг 17 ноябрида жамоа тепасига келган ва ЕЧЛда зафар қучган!

h45h454jhh4

Дель Боске - «Реал» клуби учун яратилган мутахассис десак, адашмаган бўламиз. 1999 йилда илк бор бош мураббийга айланган Дон Висенте бунга қадар 15 йил «Қироллик клуби» академиясида фаолият олиб борган эди. У жамоани вақтинча бошқариб туриш учунгина таклиф этилади. Жон Тошак истеъфога чиққач, Дель Боске ишга киришди.

Тошак кетганида, «Реал» «Примеро»да 8-ўринда эди. Шу боис, чемпионлик учун курашишнинг имкони бўлмади, бироқ халқаро майдонда натижа шунчаки супер! Дон Висенте бошчилигида «Реал» Эктор Купернинг «Валенсия»сини финалда тор-мор келтиради. Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Висенте Дель Боскедан фарқли ўлароқ, «Валенсия»ни мавсум бошида қабул қилиб олган бўлса-да, ҳал қилувчи баҳсда «Реал» кучлироқ чиқди.

Авраам Грант

2007/08 йилги мавсумнинг 20 сентябрида жамоа тепасига келган ва финалга чиққан!

glrthlrtphlrlth

2007 йилнинг сентябрь ойига келиб, Роман Абрамович ва Жозе Моуриньо ўртасидаги жанжал катталашиб кетди. Натижада, португалиялик мутахассис Лондонни тарк этди. «Беназир» кетгач, кутилмаганда унинг ўрнини Авраам Грант эгаллади. 52 ёшга қадар Исроилдан ташқарида ишламаган мутахассиснинг АПЛ грандида пайдо бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдиргани аниқ.

Эътиборлиси шундаки, Лондон клуби Жозе уддалай олмаган маррани айнан камтарин Грант билан забт этди. Ўзининг дебют мавсумидаёқ Авраам «аристократлар»ни Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиқди. Москвадаги финал баҳсида омад «Манчестер Юнайтед»га кулиб боқди. Орадан 3 кун ўтгач, исроиллик мутахассисга «Челси» «жавоб бериб» юборди.

Роберто Ди Маттео

2011/12 йилнинг 4 мартида жамоа тепасига келган ва ЕЧЛда зафар қучган!

ytjtykjtykyukyuk

Италиялик мутахассис қиссаси бошқаларникидан ажралиб туради. Роберто «Стэмфорд Бридж» учун бегона эмас. У 6 мавсум давомида Лондон клубида тўп сурган. Бутсаларини михга илгач, кўп ўтмай мураббийликка қўл урди. «Милтон Кинс Донс» ва «Вест Бромвич»да ярим мавсумдан ишлаган мутахассис кўп ўтмай «Челси»дан таклиф олди.

Аслида, 2011/12 йилги мавсумни у Андре Виллаш-Боаш штабида бошлади. Март ойининг бошида эса, португалиялик истеъфога чиқарилди. Клуб уни ўрнини вақтинча Ди Маттео билан тўлдирди. Тан олиш лозим, Маттео жуда оғир вазиятда клубни қабул қилиб олди. Чемпионатда ишлар расво, ЕЧЛ плей-оффидаги биринчи ўйин «Наполи»га (3:1) бой берилган, ички муҳит расво ва бошқа омиллар унинг ишини мураккаблаштириб юборган эди.

«Челси» янги мураббий қўл остида ўзига келишни бошлади. Аввалига, «Наполи» 4:1 натижаси билан мағлуб этилди. Бранислав Иванович қўшимча бўлимларда ҳал қилувчи голни киритгач, Лондон клуби яна «кураш»га қўшилди.

Кейинги босқичда «Бенфика» класс эвазига таслим этилди. «Челси»нинг саёҳати мантиқан «Камп Ноу»да якунлашини керак эди. Ҳисоб 2:0 Жон Террига кўрсатилган қизил карточка «Челси»ни тўхтатиб қолгани йўқ. Якунда, улар ҳисобни 2:2 кўринишига келтиргани чинакам «мўъжиза»!

Мюнхендаги финал эса, бунданда оловли ўтган. «Бавария» ўз уйида 90 дақиқа ҳужум қилиб, фақат бир бор гол урди. «Челси» эса, бу голга тезда жавоб қайтаради. 15 дақиқалик таймларда Роббен пенальтини амалга оширишда адашгач, Де Маттео анча эркин нафас олгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган. Пенальтилар серияси ва «Челси» ўз тарихида илк бор Европанинг тенгсиз клуби!

Кинолардагина учрайдиган воқеадан 6 ой ўтиб, қарсаклар остида Ди Маттео ишдан олинди. Истеъфони ҳазм қилиш жуда оғир бўлди, шекилли Маттео бошқа юқори натижа кўрсата олмади. «Астон Вилла» ва «Шальке» унинг сўнгги манзили бўлиб қолди.

Зайниддин Зидан

2015/16 йилнинг мавсумнинг 4 январида жамоа тепасига келган ва ЕЧЛда зафар қучган!

kwerogowegw

Рафа Бенитес клубни бошқара олмагач, Флорентино Перес ёшлар билан ишлаётган Зайниддин Зиданни ёрдамга чақиради. Қаҳрамонимиз керакли пайтда керакли жойда ҳозир бўлади. «Рома», «Вольфсбург» ва «Манчестер Сити» билан ўйинлардан сўнг, Мадрид дербиси! «Атлетико» билан ўйин тақдири пенальтилар сериясида ҳал этилади. Зидан ўзининг дебют мавсумидаёқ «Реал»ни Европанинг энг кучли клубига айлантиради.

Ёдингизда бўлса, Зиданнинг ЕЧЛдаги илк ғалабасидан сўнг, ҳамма уни Ди Маттеога қиёслаган эди. Кўп ўтмай, Зизу бу фараз алдамчи эканлигини исботлаб ташлади. Ҳозир ҳам мутахассис жамоаси билан Испания чемпионлиги учун кураш олиб бормоқда.

Ханс-Дитер Флик

2019/20 йилги мавсумнинг 3 ноябрида жамоа тепасига келди ва ЕЧЛда зафар қучди!

gkerogokekor

«Бавария» жамоасида омадсиз фаолият олиб борган Нико Ковач кетгач, унинг ўрнини «абадий иккинчи» Флик эгаллади. Қаҳрамонимиз жамоа бошқарувини қўлга олгач, йўлидан учраган барчани «парчалаб» ташлади. «Барселона» ва «Челси»ни хафа қилган «Бавария» финал остонасида «Лион»ни аяб ўтирмади. Ҳал қилувчи баҳсда Томас Тухелнинг ПСЖ клуби минимал ҳисобда мағлубиятга учратилди.

Энди эса, мутахассис клубни тарк этишини расман эълон қилиб бўлди. Шунга қарамай, мюнхенлик бирорта мухлис Фликнинг ғалабасини тасодифга йўймайди. Чемпионликни қўлидан чиқариб юбориши аниқ бўлиб улгурган «Бавария» унинг қўл остида супер машинага айланди. Кетишга тараддуд кўраётган Томас Мюллер эса, якунда бир нечта рекордлар ўрнатди. Флик барча «Бавария» мухлислари хотирасида абадий қолиши аниқ.

Томас Тухель

2020/21 йилги мавсумнинг 26 январида жамоа тепасига келди ва ҳозирча финалга олиб чиқди!

kwoegkoweokgw

Жорий мавсумда Тухель ватандоши сингари қаҳрамонга айланиши мумкин. Ўтган йили у Флик билан тўқнашувда мағлубиятга учраган эди. Ҳозир унда, ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш имкони мавжуд. Плей-оффда «Атлетико», «Порту» ва «Реал»ни таслим этган «Челси» чемпионлик учун курашда «Манчестер Сити» билан тўқнаш келади.

Эътиборлиси шундаки, «Челси» мавсум ўртасида тайинлаган 3 мураббий билан 3 бор финалга етиб келмоқда. Бунақа кўрсаткич Европанинг бирорта жамоасида йўқ. Лондон клуби ўз финалларининг иккитасида ҳам пенальтилар сериясига қадар етиб борган. Бирида «Манчестер Юнайтед»га имконият бой берилган бўлса, иккинчисида «Бавария» таслим этилган. 29 май санаси кўп нарсага ойдинлик киритади. Томас Тухель Ди Маттеонинг издошими ёки Авраам Грантними?

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар