Қатардаги ЖЧдаги қийин гуруҳга тушиб қолган, Африканинг сирли Гана терма жамоаси ҳақида
ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.
Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига бир кун қолди ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "H" гуруҳининг иккинчи вакили Гана терма жамоаси орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.
Жамоа ҳақида
Гана футбол ассоциацияси. Лақаби — “қора юлдузлар”.
Ташкил топган йил: 1957 йил (ФИФАга 1958 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Отто Аддо
Жамоа сардори: Андре Айю
Илк расмий учрашуви: Гана – Олтин Берег 1:0 (1950)
Энг йирик ғалаба: Гана – Кения 13:0 (1965)
Энг йирик мағлубият: Гана – Болгария 10:0 (1968)
Гана терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 61-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси 14-поғонадир. “Қора юлдузлар” 2008 йилда кучли 15 таликка кира олишни уддалаган. Гананинг энг ёмон кўрсаткичи эса 89-ўрин ҳисобланади.
Гана терма жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги тарихи
Гана терма жамоаси узоқ вақтдан бери Африка қитъаси учун сирли жамоа бўлиб келган. Гарчи улар ўша вақтга қадар Африка кубогини тўрт марта ютган ва турнир финалида уч марта мағлуб бўлган бўлса-да, биринчи марта 2006 йилда жаҳон чемпионатига чиқишга муваффақ бўлган. Гана мундиалдаги дебют мавсумидаёқ гуруҳдан чиқишни уддалади, аммо 1/8 финалда ютқазди. Ҳақиқий драма тўрт йилдан кейин содир бўлди. Чорак финал баҳсининг экстра таймларнинг охирида Луис Суарес тўпни қўли билан қайтариб, дарвозага киришига тўсқинлик қилди, лекин ганалик футболчи белгиланган 11 метрлик жаримани аниқ амалга ошира олмади. Кейин пенальтилар сериясида эса жанубий америкаликлар рақибини мағлуб этди ва яна мусобақа билан хайрлашди. Гана 2014 йилда Германия, Португалия ва АҚШ жой олган гуруҳдан чиқма олмаган. 2018 йилда эса улар жаҳон чемпионатига бормади. Мана орадан 8 йил ўтиб, “қора юлдузлар” яна ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишди.
Гана терма жамоаси билан гуруҳда яна қайси жамоалар бор?
Гана термаси бу йил ҳам гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Ҳар ҳолда мутахассислар шундай тахмин қилмоқда. Сабаби Португалия ва Уругвай жуфтлигидан кимнидир ортда қолдириш жуда қийин бўлади. Шунингдек, Сон Хин Мин бошчилигидаги Жанубий Корея ҳам рақибларига очколарни совға қилмаса керак.
Турниргача босиб ўтган йўли
Африка қитъасида жаҳон чемпионати учун саралаш 3 босқичдан иборат. Биринчи босқичда ФИФА рейтингида 26-ўриндан пастда бўлган (Африка қитъаси бўйича) 28 та жамоалар қатнашади (27 дан 54-ўрингача). Ушбу босқичда муваффақиятли иштирок этган жамоалар саралашнинг иккинчи қисмига йўл олади ва унда 40 та жамоа 4 тадан бўлиб, 10 та гуруҳга бўлинган ҳолда ЖЧ учун курашни давом эттиради. 10 та гуруҳнинг ғолиблари 3-босқичда 5 та жуфтликка бўлиниб, ўйнашади ва ғолиб ЖЧга йўл олади.
Гана саралашнинг 2-босқичидан иштирокини бошлади. Улар билан бир гуруҳдан Жанубий Африка, Эфиопия ва Зимбабве каби терма жамоалар ҳам бор эди. “Қора юлдузлар” жанубий африкаликлар билан бир хил 13 очкодан тўплашди. Бироқ Ганада тўплар фарқи бироз яхшироқ эди. Шу боис, улар мундиал саралашининг 3-босқичига йўлланма олди.
3-босқичда эса ганаликларга яна бир кучли жамоа, кўп карра ЖЧ иштирокчиси бўлган Нигерия рақиблик қилди. Биринчи учрашув 0:0, иккинчи баҳс эса 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Сафарда киритилган тўп эвазига Гана Қатар чиптасига эга чиқди.
Жамоа етакчилари
Гана терма жамоаси ҳақида гап кетганида, аввало Андре ва Жордан Айю кўз олдимизга келади. Гарчи бу футболчи катта футболда кўплаб ютуқларга эриша олмаган бўлса-да, кўпчилик мухлислар учун яхши таниш. Хуллас, бу футболчилар ҳам Қатар майдонидаги мундиалда яна бир бор ўз омадини синаб кўради. Яна бир маълумот шуки, Андре учун Қатар бегона эмас, чуник у бир неча мавсумдан бери ушбу мамлакатнинг “Ас-Садд” клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жордан эса ҳозирги кунда “Кристал Пэлас” шарафини ҳимоя қилади.
Шунингдек, “Атлетик” етакчиси Иньяки Уильямс эсдан чиқармаслик керак. Бильбао клуби футболчиси анча йиллардан бери Ла Лигада яхши мавсум ўтказмоқда. Яна бир қизиқ маълумот шуки, Иньякининг укаси Нико эса Испания шарафини ҳимоя қилади. Агарда бу икки терма жамоа плей-оффда дуч келиб қолишса, биз ака-ука дуэлига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Аммо бунинг эҳтимоли жуда кам.
Қолаверса, сиз Муҳаммад Қуддус номли футболчи ҳақида ҳам эшитган бўлсангиз керак. Жорий мавсум “Аякс” сафида анча мазмунли ўйин кўрсатаётган вингер ҳам Гана шарафини ҳимоя қилиб келади. Бу каби номларни “қора юлдузлар” сафида жуда кўп учратишимиз мумкин. Бироқ барча футболчига алоҳида тўхтала олмаймиз.
Гана терма жамоасининг ЖЧ учун чақирилган футболчилар рўйхати:
Дарвозабон: Абдул Манаф Нурудин (“Эйпен”), Ибрахим Данлад (“Асанте Котоко”), Лоуренс Ати-Зижи (“Санкт-Галлен”).
Ҳимоячилар: Денис Одои (“Брюгге”), Тарик Лэмпти (“Брайтон”), Алиду Сейду (“Клермон”), Дэниел Амарти (“Лестер”), Жозеф Айду (“Сельта”), Александер Жику (“Страсбур”), Муҳаммад Салису (“Саутгемптон”), Баба Раҳмон (“Рединг”), Гидеон Менса (“Осер”).
Ярим ҳимоячилар: Андре Айю (“Ас-Садд”), Томас Парти (“Арсенал” Лондон), Элиша Овусу (“Гент”), Салис Абдул Самед (“Ланс”), Мухаммад Қуддус (“Аякс”), Даниэль-Кофи Кьере (“Фрайбург”).
Ҳужумчилар: Дэниел Африйе (“Хартс оф Оук”), Камал Сова (“Брюгге”), Абдул Иссааку (“Спортинг” Лиссабон), Осман Букари (“Црвена Звезда”), Иньяки Уильямс (“Атлетик” Бильбао), Антуан Семеньо (“Бристоль Сити”), Жордан Айю (“Кристал Пэлас”), Камалдин Сулемана (“Ренн”).
ЖЧ-2022даги тақвими
1-тур
24 ноябрь. Португалия – Гана;
2-тур
28 ноябрь. Жанубий Корея – Гана;
3-тур
2 декабрь. Гана – Уругвай.
Фикрлар