Қирғиз Республикаси бош мураббийи: "Футболда оддий бир қоида бор - гол урмасангиз, ғалаба қозона олмайсиз"
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 2-туридан ўрин олган Қирғиз Республикаси - Япония учрашувида японияликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Қирғиз Республикаси жамоаси бош мураббийи Максим Лисицин иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Жуда қийин рақибга қарши баҳс олиб бордик. Биринчи таймда яхши ҳаракат қилдик. Режаларимиз яхши иш бераётганди. Бироқ иккинчи бўлимда хатоларга йўл қўйдик. Рақиб ҳам ўз даражаси эвазига бизнинг камчиликларимиздан унумли фойдаланди. Япония кучли терма эканини билардик. Афсуски, натижа биз истагандек бўлмади.
Ҳар бир гол учрашувга ўз таъсирини ўтказди. Футболда оддий бир қоида бор - агар сиз гол урмасангиз, ғалаба қозона олмайсиз.
Футболда яхши ўйин учун очко берилмайди. Учинчи баҳсда боримизни берамиз ва умид қиламизки, бу турда очко қўлга кирита оламиз.
Илк бўлимда жамоам яхши ўйнади, тўғри. Биринчи гол кўрганингиздек, марказдан урилди. Айнан шу чизиқда хатоларга йўл қўйдик. Бу тактик эмас, асосан, психологик мағлубият деган бўлардим. Йигитлар ўз устида ишлаши кераклигини билиб олдик", - деди мутахассис.
Фикрлар