Қирғизистон терма жамоаси устози "Навбаҳор"нинг собиқ аъзоси, тўпурар ҳужумчини Осиё Кубоги учун чақирилган таркибга киритмади

Қирғизистон терма жамоаси ҳам Қатарда ўтадиган Осиё Кубоги мусобақасига тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоа бош мураббийи Штефан Таркович қитъа мусобақаси учун сўнгги тайёргарлик босқичига жалб қилган футболчилар орасида “Пахтакор”дан Мерк Кими ва “Динамо” ҳужумчиси Жоэль Кожо бор. Аммо Қирғизистон терма жамоасининг энг яхши тўпурари ва “Навбаҳор”нинг собиқ ҳужумчиси Мирлан Мурзоев йиғинга чақирилгани йўқ. Бош мураббий Таркович бу хусусида шундай деди:

“Мирлан катта ўйинчи. У терма жамоада сардор бўлиб, кўп учрашув ўтказган. Албатта, уни ҳурмат қиламан. Охирги уч ой ичида у индивидуал тарзда ҳаракат қилди. Бундай паллада умумий гуруҳда шуғулланаётганлардан фарқли равишда оптимал формага эга бўлиш мушкул. Бу тушунарли. Мен унинг Малайзия ва Уммонга қарши учрашувларда жамоанинг етакчиси бўлишини хоҳлардим. Аммо унинг аввал сардор бўлгани ва шу сабаб ҳозирда ҳам ўйнаши кераклигини англатмайди.

мурзаев1

Олдинги ўйинларда бизнинг ихтиёримизда 14 кун бор эди. Мен Мурзоевнинг у ўйнайдиган позицияда ҳаракатланадиган футболчилар билан тайёргарлигини таққосладим. Албатта, бир тўхтамга келдим. Бу менинг қарорим. Бош мураббий сифатида ютишни истайман. Бунинг учун эса айни пайтда менга энг яхши 11 ўйинчи керак бўлади. Уни нима сабабдан чақирмаганимнинг асосий ва ягона сабаби ҳам мана шунда. Ўйинчи сифатидаги жиҳатлари учун эса мен уни ҳурмат қиламан”, - дейди бош мураббий маҳаллий ОАВга.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!