Қиролнинг таъсирли ҳикояси: "Эверест"дан то жонига қасд қилиш ёқасигача борган Тайсон Фьюри!

  • 10 декабрь, 2021, 09:00
  • 0
  • Бокс

Тайсон Фьюри бу бокс оламининг бугунги кундаги қироли. У ўз чиқишлари билан миллионлаб мухлислар эътибор марказида туради. Ҳар бир жанг учун жуда катта гонорар қўлга киритади. Бир қарашда, у омадли инсондек таассурот қолдириши мумкин, аммо хулоса қилишга шошилманг! Унинг қалби тубидаги ҳикояга қулоқ солинг! Қаҳрамонимиз барча-барчаси учун нималарни бошдан кечиришга мажбур бўлганини ҳис этиб кўринг!

"Ҳаётимнинг асосий мақсади Кличкони рингда таслим этиш бўлди. Мен ўсмирлик чоғимдан бошлаб супероғир вазн қиролини тахтдан ағдариш ҳақида ўйлар эдим. Шу мақсад билан яшадим. Ўша пайтлари ҳаётда бошқа мақсадим қолмаган эди. Ҳаваскор бокс билан шуғулланиб юрган чоғларим Владимир Кличконинг чемпионлик жангларини томоша қилганман. Мен доимо уни таслим этишни орзу қилганман. Бу "Эверест" чўққисини забт этишдек мураккаб, аммо ёқимли ҳис этди. Бу жангдан сўнг ичимдаги олов сўнганини ҳис қилдим. Уёғига, ўзимни машғулотларда мажбуран иштирок этаётганимни сеза бошладим. Тонгда уйғониб, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилардим. Ичим бўм-бўш бўлиб қолганди. Ваҳоланки, фарзандларим, оилам, севган ёрим, пул, машина, уй ва бошқа барча нарсам бор. Болалигимдаги орзу - Кличко устидан қозонилган ғалаба ҳам чўнтагимда эди. Афсуски, бу жангдаги ғалаба қозониш ҳиси мени тарк этди. Унинг ўрнини эса, ҳеч нарса тўлдира олмай қолди. Менда бирор бир иш қилиш учун мотивация қолмади. Тишимни ювиш, душ қабул қилиш ҳам малол кела бошлади. Ҳеч нарса қизиқ бўлмай қолди. Мен "синдим". Мен AIBA камарини ҳимоя қилишдан бош тортим. Натижада, уни мендан тортиб олишди.

Кейин, қўлимдаги барча нарса ҳавога учиб кетди. Ҳамма нарсам бор эди. Машҳурлик, пуллар, натижа, оила - ҳамма-ҳаммаси, бироқ ўзимни нега бундай бахтсиз ҳис этаётганимни ҳеч ким сўз билан тушунтириб бера олмасди. Бора-бора ҳаётим энди ҳеч қачон аввалгидек ёрқин бўлмаслиги ҳақида ўйлай бошладим. Миямни омадсиз эканлигим ҳақидаги фикр тарк этмай қўйди. Иложи борича позитив фикрлашга уриндим, бироқ хаёлимдаги негатив фикрлар ҳеч қаерга кетмади. Негатив, негатив, негатив! Ҳатто, атрофимдагилар ҳам мендан ёмон энергия олаётганини сеза бошладим. Барчасини унутиш мақсадида ичкиликка ружу қўйдим. Наркотик моддаларга ўралашиб қолдим. Тунлари уйга келмайдиган одат чиқардим. Бокс, ҳаёт, натижалар, оилам - ҳеч бири қизиқтирмай қўйди. Шунчаки, ҳаммаси тугашини, ўлишни истай бошладим. Ичкилик ичганимда ёки наркотик қабул қилган пайтларимда ўзимни бахтли ҳис қила бошладим. Ҳаммаси чиройли, ҳаммаси ёқимли, аммо ўзимга келгач, муаммолар ҳеч қаерга кетмаганини ҳис этаман. Бундай кунларнинг охири бўлиши шарт эди. Шу боис, ўз жонимга қасд қилишга қарор қилдим. Ортиқ бундай ҳаёт кечириб бўлмаслигини чуқур ҳис этдим. Мен ҳаммага озор бера бошладим, ўзимдан нари қилдим. Катта йўл бошида ёлғиз қолдим. 2016 йилнинг ёзида янги Феррари сотиб олдим. Унга ўтирдим ва уйим олдидаги катта йўлда тезликни оширдим. 5 км масофага чўзилган йўл охирида кўприк устуни бор эди. Буни билиб туриб машина тезлигини 300 км/соатга қадар оширдим. Мен дўслтарим, оилам, карьерам, барча-барчасига тупурдим. Мени ҳеч нарса қизиқтирмай қўйди. Шунчаки, ўлмоқчи эдим. Кўприк узоқдан кўриниши билан ғойибдан овоз келди.
"Тайсон, бундай қилма! Болаларингни ўйла! Уларга барча сени қўрқоқ бўлганингни айтишини истайсанми?"

Кўприк олдида машинани тўхтатдим. Қўлларим қалтирай бошлади. Мен нима қилиш кераклигини билмас эдим. Афсуски, бу воқеа мени ҳаётга қайтара олмади. Соғлиғим билан умуман қизиқмай қўйдим. Ойдан ойга вазним ортиб бора бошлади. 150, 170, 180кг! Бирорта кийимим сиғмай қолди. Ҳаммасини ўзгартириб юборган воқеа 30 ёшга тўлганимда бўлди. "Хэллоуин" байрамида бўкиб ичмоқчи эдим. Қўрқинчли либосни кийиб барга келдим. Озгина ичгач, атрофга назар ташладим. Ҳамма ўйин-кулгу қилар, ҳеч кимнинг ҳеч нарса ҳақида бош қотиргиси йўқ. Уларга разм солар эканман, ўзимга ўзим савол бердим. "Мен шундай ҳаётни истаганмидим?" Ўрнимдан турдим ва уйга йўл олдим. Келишим билан, тиз чўкиб ўтирдим. Яратгандан менга ёрдам беришини ялиниб-ёлвордим. Бунга қадар ҳам кўп ибодат қилганман, аммо ҳеч қачон ундан ёрдам сўрамаганман. Кўзларимдан оқаётган ёшларни тўхтата олмадим. Кўйлагимнинг ёқалари хўл бўлиб кетди. Мен ана шундагина, Яратганнинг ёрдамисиз бу вазиятдан чиқиб кета олмаслигимни англадим. 20 дақиқа ибодат қилдим. Яратгандан куч-қувват беришини кўзда ёш билан сўрадим. Ўринимдан турганимда, елкамни босиб турган ғам-ташвишлар пастга қулаганини сездим.
Эртаси куни тонгда спорт кийимларимни кийиб 2 миль масофага югурмоқчи бўлдим. Атиги 200 метр югура олдим, холос. Ич-ичимдан бошқа югура олмаслигимни ҳис қилдим. Ваҳоланки, мен доим кучли атлет бўлганман. Ҳозир эса, 200 метрдаёқ тўхташга мажбур бўлдим. Шунга қарамай, мақсадимдан қайтмадим. 2 милни пиёда бўлса ҳам босиб ўтишга қарор қилдим. Юриб борар эканман, "Инстаграм"да Деонтей Уайлдернинг мен ҳақимда айтган сўзларига кўзим тушди. У мени курашдан чиққанимни айтди. Бунга қадар у Майк Тайсонни биринчи раунддаёқ нокаутга учратиши ҳақида баёнот берган эди. Видеони кўргач, ортга қайтишга қарор қилдим. Энди менда мақсад пайдо бўлди! Деонтей Уайлдерни таслим этиш! Энди 60 кг вазн ташлашим ва барча ёмон иллатлардан воз кечишим шарт! 2017 йилнинг бошида яна бокс оламига қайтганимни эълон қилдим. Ҳар тонг эрта уйғониш ва кўпроқ масофага югуришни бошладим. Мен қайтдим, қўлимдан чиқиб кетган ҳамма нарсани ортга қайтардим. Яна машғулотлардан лаззат олишни бошладим. Энг муҳими, оддий бир ҳақиқатни тушуниб етдим. Ҳеч ким ўзи ҳақидаги асл ҳақиқатни қабул қилишни истамайди. Авваллари, мени бақалоқ ёки пиёниста, дейишларига чидай олмас эдим. Ҳозир, буни тан оламан. Айнан ўша кундан бошлаб, ҳаётимдаги энг оғриқли муаммони енгдим. Агар ўз мағлубиятингни тан олмасанг, ҳеч қачон яна курашга қайта олмайсан! Ўтмиш билан ҳаёт кечирган инсон улкан ғалабаларга эришмайди".

2020 йилнинг 22 февраль оқшомида Тайсон Фьюри бутун дунёни ҳайратга солди. 2015 йилда Кличко устидан қозонилган ғалаба ҳам барчанинг ёдидан кўтарилиб кетди. Кетма-кет 40 та жангда ғалаба қозонган Уайлдер Тайсон Фьюри томонидан нокаутга учратилди. Британиялик спортчи замонавий боксдаги энг кучли техника эгасини барча фронтларда таслим этди. Буниси муҳим эмас. Асосийси, у ўз ҳаётидаги энг кучли рақиб - ўзини енгди!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!