"Қизилқум" бош мураббийи: "Биз ҳали максимум даражада ўйин намойиш этаётганимиз йўқ"

“Қизилқум” клуби сафарда “Олимпик” жамоасига қарши баҳсда ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Навоийликлар устози Никола Лазаревич оғир ўтган учрашув борасида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Аввало, яхши ўйин учун “Олимпик”ни табрикламоқчиман. Бу жамоа Ўзбекистондаги энг яхши ўйинни намойиш этяпти. Ҳамкасбим Кападзе жуда яхши иш олиб бораётгани шундоқ кўриниб турибди.

Биз “Олимпик” иштирокидаги иккита учрашувни синчиклаб кузатдик ва ўзаро тўқнашувда мана шундай руҳдаги ўйинни кутгандик. Асосан тактик ўйинга таянган ҳолда тўп сурдик. Шунга амал қилдик. Аввало, жисмонан рақиб билан тенг келишимиз осон кечмаслигини сезгандик. Нега деганда, аксарият футболчиларимиз рўза тутишмоқда. “Олимпик” футболчилари эса тўлиқ 90 дақиқа давомида бир маромда ўйин кўрсатишни уддалаб келмоқдалар. Шундай бўлса-да, уларнинг ҳужумларини бартараф этган ҳолда тезкор қарши ҳужум уюштириш ва бундай пайтда тўпни иложи борича назорат қилишга интилдик.

Бундай усул ўз навбатида самара берди. Яхши ўйин учун яна бир бор “Олимпик”ка миннатдорчилик билдираман ва шуни ишонч билан айта оламанки, бу жамоа ҳали кўплаб рақибларига муаммолар туғдира олади. Сўзим охирида кечаги учрашув учун ўз ўйинчиларимга алоҳида миннатдорлик билдириб қолардим. Улар мухлисларимизни хурсанд қиладиган натижага эришишди. Бундан кейин ҳам бўлажак ўйинларга максимал даражада ҳозирлик кўришда давом этишимиз керак. Яна шуни қўшимча қилган бўлардимки, биз ҳали максимум даражада ўйин намойиш этишга киришганимизча йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!