“Қизилқум” бу тур “Қўқон-1912”, “Андижон” ва Тошкентга сафар қилган “Навбаҳор”ни ортда қолдирди. “Машъал”га эса “жон кирди”
17-19 май кунлари Суперлигада 9-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этмоқдамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлисларининг статистикасини таништирамиз.
“Насаф”нинг ОФК кубогида иштирок этаётгани боис “Металлург”га қарши ўйини 23 июнга қолдирилди. Шунинг учун 9-тур 6 учрашувдан иборат бўлди.
Бу гал стадионларимизга жами 24680 томошабин ташриф буюрди (аввалги турга қараганда рақамлар деярли икки баробарга ошди). Ҳар бир беллашувга ўртача 4113ни ташкил қилади.
Энг кўп мухлис Навоийда қайд этилди. “Қизилқум” – “Пахтакор” ўртасидаги баҳсни 7832 одам шоҳидига айланди (бу камдан-кам учрайдиган ҳолат, аммо ора-орада шундай ҳам бўлиб туради).
Энг кам ишқибоз Термизда. “Сурхон” – “Турон” беллашувини 1284 томошабин кузатди. Бошқа турлар билан солиштирганда бу рақам ҳам яхшиланган, яъни энг кам мухлислар мингдан ошди.
Турнинг марказий беллашувлари “Бунёдкор” – “Навбаҳор” қарама-қаршилигини 3851, “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” учрашувини 5382 мухлис бевосита стадиондан томоша қилди.
Муборакликларга ҳам “жон кирган”и эътиборга молик. Охирги пайтларда “Машъал”нинг уй ўйинларига ташриф буюраётганлар сони минг нафарга ҳам етмаётганди. Бу гал 3200 ишқибоз АГМК билан бўлган баҳсни кўргани стадионга борди.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Қизилқум” – “Пахтакор” 0:1. 7832 томошабин
“Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” 2:3. 5382 томошабин
“Бунёдкор” – “Навбаҳор” 0:0. 3851 томошабин
“Машъал” – АГМК 2:1. 3200 томошабин
“Андижон” – “Локомотив” 1:2. 3131 томошабин
“Сурхон” – “Турон” 1:0. 1284 томошабин
Фикрлар