"Қизилқум" ҳакамлар хатосидан 15 очко йўқотди. Бош мураббий яна нималар деди?
“Қизилқум” клуби 25-турда Жиззахда “Сўғдиёна” билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Аслида навоийликлар ютқазиши ҳам мумкин эди. Аммо 90+3-дақиқада Ойбек Қиличевнинг жавоб голи орқали “Қизилқум” мағлубиятдан қутулиб қолди.
Шуни ҳам айтиш керак, меҳмонлар устози Ҳамид Актамов мазкур баҳсда бир қатор етакчиларидан фойдалана олмади. Афтидан, навоийликларнинг келаси мавсум учун мақсади жиддий кўринади. “Сўғдиёна”га қарши учрашувдан кейин Актамов sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.
- “Қизилқум” охирги сонияларда мағлубиятдан қутулиб қолди. Шуни ҳисобга олганда, ўйиндан ва натижадан розимисиз?
- Йўқ, рози эмасман. Бундай жамоани ютишимиз керак эди. Майдон ҳам “шудгор” бўлиб ётибди. Шу йил ҳисобидан ҳали бундай майдонни кўрмагандим. Унинг ҳолати жуда ёмон. Етакчилар ҳам бундай майдонда қийналади. Футбол ўйнаб бўлмайди. Тўпни фақат олдинга тепиш орқали ўйин ташкил қилиш мумкин. Рақибнинг голи ҳам рикошет бўлиб кириб кетди. Аслида голга тортадиган вазият ҳам эмасди.
- Ўйиннинг охиригача мағлубиятдан қутулишингларга ишонганмидингиз?
- Бошиданоқ ютқазмаслигимизга ишонгандим. Аммо дурангга ҳам рози эмасдик. “Сўғдиёна”ни “Бунёдкор” ва олдинги ўйинларини кўриб чиққандик. Бизнинг ҳам етакчи футболчиларимиз майдонга тушмади. Игнатий Нестеров, Эркин Бойдуллаев, Салим Мустафоев, Владислав Касминин, Алишер Саноев...деярли 50 фоиз иккинчи таркибимиз ўйнади.
- Нима учун етакчиларсиз қолдингиз?
- Мустафоев, Нестеров, Саноев, Касминин каби футболчиларимизда жароҳат бор. Бойдуллаевда сариқ карточкалари тўрттага етгани учун бу ўйинни ўтказиб юборди. Уларнинг ўрнига майдонга тушганлар ҳам ёмон таассурот қолдирмади.
- Ярим ҳимоячи Ойбек Қиличев “Қизилқум”га августда қўшилди ва бешинчи голини киритди. Уни энг яхши трансферлардан бири деб айта оласизми?
- Голларни мавсум охирида санаймиз. Ойбек зўр ўйинчи, катта меҳнат қиляпти. Бизга берган ваъдасини устидан чиқяпти, ундан ҳам зиёд ўйнаяпти. “Қизилқум”га ҳар томонлама фойда келтиряпти. Шу боис Қиличевдан розимиз.
- Умуман, мавсумнинг иккинчи ярмида келган ўйинчилардан кўнглингиз тўляптими?
- Ҳаммаси ишончни оқлаяпти. Фақат бироз омад етишмаяпти. Биринчи даврада ва шу кунгача ҳакамлардан кўп “калтак” едик. Ҳисоблаб кўрсам, ҳакамларнинг хатоси билан 15 очко йўқотганмиз. Агар ҳакамлар ўйинларни ҳаққоний бошқарганларида жамоамиз бемалол кучли учталикка курашаётган бўларди.
- Суперлига тугагач, 7-8 декабрдан Кубок баҳслари бошланади. Одатда, клублар декабрнинг ўрталаридан янги мавсумга тайёргарликни бошлашарди...
- Европада Англия йил давомида футбол ўйнайди. 31 декабрда ҳам, 1 январда ҳам ўйинлар ўтказилади. Бундан бирорта футболчи ўлганини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Аслида биз бунга кўникиб бўлганмиз. Керак бўлса, январда янги чемпионат бошланса ҳам ўйнайверамиз.
- Айтмоқчиманки, декабрда Кубок мусобақаси ўтказилиши қишки режангизга таъсир қилмайдими?
- Қайтанга бу яхши бўлди. Барибир биз қишки мавсумга тайёргарликни декабрда бошлардик, ҳар доим. Энди бўлса, йиғин бўлмайди ва унинг ўрнига Кубок учрашувлари билан ушбу ойни ўтказамиз. Бу эса анча қизиқарли бўлади.
- Эшитишимча, келаси мавсумга “Қизилқум” анча кучли жамоа сифатида шаклланар экан, шунга ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз?
- Бу таркибимизни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Яна 4-5 та яхши футболчилар билан гаплашиб қўйганмиз. Худо хоҳласа, келаси йили медаллар учун курашишга тайёр бўляпмиз. Мақсадимиз жиддий.
- Ҳозирдан таркибдаги қайсидир ўйинчига жавоб бериш ниятингиз борми?
- Олдинда ўйин бор. 2-3 та футболчининг “кавушини” тўғрилаб қўйишим керак, фақат бироз вақт бор.
Фикрлар