"Қизилқум" ҳам жиддий ўзгаришлар арафасида! Клубга хорижлик янги бош мураббий келди, унинг кимлигини биласизми?
Яна ўзгаришлар бўсағасида турган “Қизилқум” клуби ниҳоят 11 январдан Навоийда машғулотларга киришган. Биласиз, клуб ўтган йилги чемпионатни 9-ўринда якунлади. Биринчи даврадаги иштиёқини кўриб бу йил жамоа бемалол совринли ўринлар учун курашар экан-да, деб ўйлагандик. Бироқ иккинчи даврага келиб жамоанинг натижалари пасайиб кетди.
Охирги пайтларда клубга хориждан бош мураббий келиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Sports.uz маълумотига қараганда, кеча сербиялик Никола Лазаревич Навоийга етиб келган. Тез орада “Қизилқум” бош мураббийи сифатида таништирилиши кутилмоқда. 29 январь куни 44 ёшни қаршилайдиган мутахассиснинг охирги иш жойи Саудия Арабистонининг “Ал-Тавун” клуби ҳисобланади. У ерда ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган. Қолаверса, Тожикистонда ҳам бир неча йил меҳнат қилган. Аниқроғи, Тожикистон миллий терма жамоасида, “Истиқлол” ҳамда “Хўжанд” жамоаларини ҳам бошқарган. У “Ал-Тавун” клубидан олдин Ливияда “Ал-Наср” жамоасида ҳам фаолият кўрсатганини қўшимча қилиш жоиз. Умуман айтганда, Лазаревич Сербия, Хитой ва Черногорияда ҳам иш олиб борган.
Никола мураббийлик фаолияти давомида 2015 йили Тожикистоннинг “Истиқлол” клубини ОФК Кубоги финалига олиб чиққан. Шунингдек, 2015 ва 2016 йилги мавсумларда Тожикистон чемпионлигига эришган. Яна ушбу йилларда Тожикистон Кубоги соҳибига ҳам айланган. Қолаверса, 2015 йилда Тожикистон Суперкубогида ғолиб чиққан.
Бундан ташқари, сербиялик мураббий “Атлетико” (Мадрид), “Базель”, “Зенит” сингари клубларда малака ҳам ошириб қайтган.
Тожикистонда ишлагани сабабли ўзбек футболи билан яқиндан таниш. Бунинг устига “Хўжанд”ни бошқарган кезларида Тошкентда йиғин ўтказган пайтлари ҳам бўлган. Лазаревичга ўзбек клубларидан олдин ҳам таклифлар бўлган. Мисол учун “Турон”, “Навбаҳор” каби жамоалар унинг хизматига қизиқиш билдиришганди.
Шундай экан, Лазаревич учун ўзбек футболи бегона эмас. УЕФА “Про” лицензиясига эга бўлган мутахассис ҳам Суперлигада ўзини синаб кўришга шижожати юқори эди. У билан илгари ҳам бир неча бор Sports.uz сайти учун суҳбатлар ҳам ташкил қилганмиз. Ўшанда ўзбек футболида ишлашга бўлган иштиёқи баландлигини қуйидаги фикрлари орқали сезгандик.
“Ўзбек футболининг савияси анча юқори. Мен футболингизни Осиёдаги энг яхшиларидан бири деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, ўзбек клубларидан бири тез орада Осиё Чемпионлар лигасини ютиши мумкин. Агар менга ўзимни чемпионатингизда синаб кўриш ҳақидаги таклиф билан чиқсалар, бундан қувонган бўлардим. Шу заҳоти бундай таклифга розилик бериб, ўзбек футболида омадимни синашга тайёрман”.
Мана, эндиликда мураббий ўз мақсадига эришиб турибди. Рости, Никола билан алоқаларни сақлаб қолганимиз туфайли дарҳол у билан яна боғланишга эришдик. Дарҳақиқат, у Навоийга кеча етиб келганини тасдиқлади ва машғулотни кузатган. Режа бўйича бугун шартнома имзоланади. Шунингдек, унинг мураббийлар штабидан яна икки нафар сербиялик жой олиши ҳам маълум бўлди. Улар жисмоний тайёргарлик бўйича ва таҳлилчи вазифасидаги мураббийлар ҳисобланади. "Қизилқум" жамоаси янги мураббий қўли остида катта марраларни забт этмоқчи. Бу йил эса жиддий мақсад қўйилиши кутиляпти.
Албатта, таркиб масаласида ҳам янги мураббийнинг режалари бор. Никола Лазаревич “Қизилқум”га сербиялик легионерларни ҳам таклиф этмоқда ва улардан бири эртага ташриф буюради. Маълумотларга қараганда, биттаси ҳужумкор ярим ҳимоячи саналади. Унгача эса сербиялик бошқа бир футболчи – Александар Станисавлевич “Қизилқум” билан шартнома тузган. Ўтган йилги таркибдан Григалашвили, Кухианидзе, Ватсадзе каби легионерлар жамоа билан хайрлашишган. Асосий посбон Игнатий Нестеров эса клубдан кетмаган ва мавсумга “Қизилқум” билан тайёргарлик кўришда давом этяпти.
Умуман айтганда, “Қизилқум”нинг 11 январдан бошланган йиғинида янги футболчилар иштирок этмоқдалар. “Локомотив”ни тарк этган Темурхўжа Абдуҳолиқов, Жавоҳир Илёсов ва Шуҳрат Муҳаммадиев қўшилган бўлса, АГМКдан Бобур Йўлдошев билан Санжар Шоаҳмедов ҳам янги мавсумни Навоийда бошлашади.
Шу ўринда жамоанинг амалдаги бош мураббийи Ҳамиджон Актамовнинг тақдири барчани қизиқтираётган бўлса ажаб эмас. Биздаги маълумотларга кўра, у клубда қолади ва юқори лавозимлардан бирини эгаллаши кутилмоқда. Хуллас, ҳозирча “Қизилқум”да шунақа гаплар. Дарвоқе, янги бош мураббийга суҳбатлашиш таклифимизни ўртага ташладик. Фақат, аввало шартномага имзо чекиб олай, кейин бемалол гаплашамиз, деган ҳолда у билан келишиб олдик.
Фикрлар