"Қизилқум" катта мураббийи: Актамовга шифокорлар рухсат беришмади

Ўзбекистон Суперлигаси 3-туридан ўрин олган “Машъал” – “Қизилқум” (1:1) баҳсидан сўнг, меҳмонлар катта мураббийи Акмал Холиқов учрашув борасидаги ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Икки ўйинда мағлуб бўлганимиздан сўнг, учинчи мағлубиятни мухлислар кечира олмас эди. Ҳар иккала клуб ҳам 2-турда мағлуб бўлди ва бугунги баҳс оғир ўтишини билар эдик. Жанговар ўйин бўлди. Ҳисобни очиб, афсуски тезда гол ўтказиб юбордик. Шундай бўлса-да, йигитларга раҳмат айтаман. Улар бор кучларини ишга солиб ҳаракат қилишди. Шунинг эвазига сафарда 1 очкони қўлга киритдик. Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

- Бугунги ўйинга қандай режа қилган эдингиз?

- 5 кун давомида қарши ҳужумга асосланган футболга тайёргарлик кўрдик. Танлаган тактикамиз иш берди. Ғалабага тенг 1 очкони қўлга киритдик.

- “Қизилқум” тезкор гол киритиб, тезда яна гол ўтказиб юборди...

- Биринчи турда ҳам шундай ходиса юзага келган эди. Футболчилар консентрацияни йўқотгани боис бундай бўлмоқда, деб ҳисоблайман. Гол ургач, ўйинни бўшаштириб юборишди ва гол ўтказдик.

- Бугунги баҳсга жамоани сиз тайёрладингизми?

- Бизда мураббийлар штаби бор. Бош мураббийга саломатлиги боис шифокорлар рухсат беришмади ва шу боис мураббийлар штаби билан биргаликда тайёрладик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!