"Қизилқум" устози: "Насаф"га ёрдам керак эмас"

  • 23 сентябрь, 14:44
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган “Қизилқум” - “Насаф” беллашувида ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада меҳмонлар белгиланган пенальти орқали гол уришди ва бу ўйин тақдирини ҳал қилди.

Tecno

Шундай қилиб, “Қизилқум” ўз уйида “Насаф”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Клуб матбуот хизмати учрашувдан сўнг "Қизилқум" бош мураббийи Акмал Рустамовнинг матбуот анжуманидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Учрашув борасида фикрингиз қандай?

- Ўйинни жуда яхши ўтказдик. Ҳамма футболчиларга борларини беришгани учун раҳмат айтаман. Биз жиддий ҳозирлик кўргандик. Вазиятлар бўлди, агар фойдаланганимизда ҳисоб бошқача бўларди. Бу - футбол, кимдир ютади, кимдир ютқазади. Жамоамиз иштирокидаги учрашувларда энг оғриқли нуқта  деб бемалол айтсам бўлади, мана, нечанчи  ўйиндирки, ҳакамлардан азият чекяпмиз. Ҳакамларни деб очко йўқотяпмиз. Ушбу учрашувни олайлик, биринчи таймнинг ўзида тўп рақиб футболчи қўлига икки марта тегди. Ҳакам ВАРни эшитиб ҳам тегмади деб ҳисоблаяпти. Мен умуман тушунмай қолдим.

90-дақиқада юз берган ҳолатни олайлик, ҳакам худди шу вазиятни кутгандек йўл тутди. Ҳакам нимадир қоида бузилишини атайин кутди. Юқори ташкилотдагилардан жамоамиз иштирокидаги ўйинларда ҳакамликни кўриб чиқишини сўрайман. Футболчиларимиз 90 дақиқа тинмай ҳаракат қиляпти, лекин ҳакамнинг хатосини деб ютқазиб қўйяпмиз. Бу ҳакам (Иброҳим Исмоилов) “Андижон” билан учрашувда голимизни ҳисобламаганди. ОКМКга қарши баҳсда эса пенальти бермаган. Ҳозир яна шу ишни қиляпти. “Насаф”га ёрдам керак эмас. Улар чемпион жамоа. Лекин, барибир ёрдам беряпти.

- Бозоровнинг бугунги баҳсдаги ҳаракатлари ҳақида

- Биз ҳаммага бирин-кетин имкон беряпмиз. Бозоров яхши ҳаракат қилди. Унда ўсиш бор. Пенальти бўлган вазиятни кўрдингиз, ҳакамга ВАРга мурожаат қилишни хоҳламади ҳам. Бирданига ўзи қарор чиқарди. Ўша пайт футболчимизга нисбатан қоида бузилганди. Аммо ҳакам индамади. Бозоровнинг ўйинига келадиган бўлсак, унинг ҳаракатларидан қониқдим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!