"Қизилқум"ни келажакда мутлақо бошқа даражада кўряпман" ёхуд Никола Лазаревич Ҳамиджон Актамовнинг кетганига қандай муносабат билдирди?
Навоийнинг “Қизилқум” клуби Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги иккинчи ўйинида ниҳоят ғалаба қозонди.
Маълумки, Никола Лазаревич жамоаси илк турда “Навбаҳор”га 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Аммо 2-турга келиб сафарда “Нефтчи” устидан ғалаба қозониб мухлисларини хурсанд қилди.
Биласиз, бу жамоанинг чемпионатдаги ишлари ҳам яхши кетяпти ва “Пахтакор” билан юқори ўринни бўлишиб турибди. Албатта, жамоани қабул қилиб олган сербиялик бош мураббий Никола Лазаревичнинг ҳам бу борада қилаётган хизматлари катта. “Нефтчи”га қарши ғалабали учрашувдан кейин мутахассис Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.
- “Нефтчи”га қарши беллашув борасида нима деган бўлардингиз?
- Биз аввалги турдаги ўйин каби оғир учрашув бўлишини кутгандик. Учрашув давомида кўплаб тажовузкорлик, жисмоний курашлар ҳакамнинг охирги ҳуштагига қадар давом этди. “Нефтчи” чемпионат доирасидаги учрашувдан кўра бошқачароқ ўйнади. Айниқса, бу ўйин схемасига боғлиқ. Лекин менинг фикримча, уларнинг бизга қандай хавф-хатар яратишини олдиндан тушуниб етгандик.
- Умуман айтганда, “Нефтчи” сизда қандай таассурот қолдирди?
- Ўтган сафар ўйиндан кейин айтганимдек, биз фақат натижа ҳақида ўйлаяпмиз. “Нефтчи”га қарши ўйин осонроқ кечди. Бироқ беллашув давомида охиригача тартибли ва чиройли ўйнашга ҳаракат қилдик. Мазкур ўйинда ҳам бизни шундай беллашув кутиб турганини билардик. “Нефтчи”ни жуда яхши жамоа деб ўйлайман ва буни клуб келгусида намоён эта олади.
- Кубок баҳсларида ҳам асосий етакчилардан фойдаланяпсиз. Таркибда ротацияга ҳожат йўқ деб ўйлайсизми?
- Ўйлашимча, керак. Лекин биз аввало ўйинчиларимизни ҳар бир учрашувда янги куч билан ўйнашга тайёрлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ бу сафарги тўқнашувда ўйин амалиётига кам эга бўлаётган футболчиларга ўйнаш имконини бердик. Бунинг натижасида улардан ижобий жавоб олдик.
- Темурхўжа Абдухолиқовнинг киритган голига қандай таъриф берасиз?
- Темурхўжа Абдухолиқов тажрибали ўйинчи. Бундай вазиятлар ва имкониятлар унинг учун фойдали бўлишига ишонаман. “Нефтчи”га қарши ўйиндаги голи билан у мастер-класс кўрсатди.
- Ҳамиджон Актамов жамоадан нима учун кетди? Буни кутмагандик...
- Афсуски у кетди. Лекин жамоани доимо қўллаб-қувватлайди. Унинг нега “Қизилқум”ни тарк этганини билмайман ва бу масала билан мен шуғулланмайман. Бироқ, фикримча, “Қизилқум” унинг иккинчи уйи саналади.
- “Қизилқум”да барчаси сизни тўла қаноатлантиряптими?
- Ўйлашимча, “Қизилқум” клуби ва раҳбарияти яхши йўлдан ҳаракатланмоқда. Агар биз аввалроқ муҳокама қилиб олган режалар ва лойиҳалар амалга ошса, “Қизилқум” барқарор клублардан бирига айланади. Яна кўп нарсаларни амалга ошириш ва ўзгартириш керак. Раҳбарият ҳам бу борада ҳар бир масалага жиддий ёндашмоқда. “Қизилқум”ни келажакда мутлақо бошқа даражада кўряпман.
Фикрлар