"Қизилқум"нинг қаршисида қўрқинчли рақиб. Сабабини биласизми?
Бугун Суперлиганинг 18-тур ўйинлари давом эттирилади. Навоийда “Қизилқум” амалдаги чемпион – “Пахтакор”ни қабул қилади. Тушунарлики, мезбонларни жиддий имтиҳон кутяпти. Турнир жадвалида охирги ва 1-ўриндаги жамоалар тўқнашувига гувоҳ бўлиш ҳам ўзига яраша қизиқарли кўринади, шундай эмасми?
Навоийликлар ортда қолган 17 та ўйинда 2 ғалаба, 5 дуранг ва 11 мағлубият қайд этиб, 11 очко билан 14-поғонада бораётган бўлса, “Пахтакор”да 17 та турдан сўнг 12 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият бор. Очколари сони 38 та ва якка пешқадам ҳисобланади. Маълумот учун, “Пахтакор” ҳужумчиси Драган Чераннинг бир ўзи “Қизилқум”нинг бутун бошли жамоасидан кўп гол урган. Боиси, Чераннинг ҳисобида Суперлигада ҳозиргача урган голлари 11 та. “Қизилқум”да эса 7 та холос. Бу кўрсатгич бўйича ҳам навоийликлар энг охирида. Чунки Суперлигада энг оз гол урган жамоа айнан “Қизилқум” бўлиб турибди. Ҳа, жамоа ўйинида муаммолар бор. Лекин иккинчи даврада клубда ўзгаришлар бўлганини биласиз. Бош мураббий алмашган, таркибга янги ўйинчилар қўшилган. Эътиборлиси, ўтган турда “Қизилқум” Қаршида “Насаф” билан ғалабага тенг дурангни қайд этди – 0:0. “Насаф” эса Ўзбекистон Суперкубогида “Пахтакор”ни 2:1 ҳисобида енгиб совринни қўлга киритганидан яхши хабардорсиз.
Яққол аутсайдер ва яққол пешқадам жамоа ўртасидаги ўйинни қандай тасаввур қиляпсиз? Ҳа, фаворит шубҳасиз “Пахтакор” ва кўпчилик Шацких жамоасининг имкониятини юқори баҳолаётгани табиий. Лекин “Қизилқум”ни орқага йўли қолмаган. Уларнинг рақобатчилари ҳам очколар жамғаришяпти. Жамшид Саидов устозлик қилаётган “Қизилқум” ўта мураккаб бўлишига қарамасдан чемпион рақибини мағлубиятга учратиши лозим. Акс ҳолда аҳволини қийинлаштириб бораверади. Лекин қайсидир маънода дуранг ҳам ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтилса, мезбонлар учун ижобий натижага айланиши шубҳасиз.
“Қизилқум” – “Пахтакор”нинг ўзаро ўйинлар статистикаси мезбонлар учун қўрқинчли. Рақамларга эътибор беринг: 47 та учрашувнинг фақат 1 тасида “Қизилқум” ютган. “Пахтакор” эса 40 учрашувда ғолиб чиққан. 6 та беллашувда дуранг натижаси қайд этилган. Тўплар нисбатида ҳам тафовут шунга яраша улкан - 27\133 “Пахтакор” фойдасига.
“Қизилқум” ягона ғалабасини қачон қўлга киритганини биласизми? Бундан 22 йил муқаддам, 2001 йилнинг 31 июль санасида навоийликлар Тошкентда “Пахтакор”ни 1:2 ҳисобида енгиб қайтган ва ўша ғалаба ўзаро клубларининг ўйинлар тарихида ягоналигича қоляпти. Ҳа, “Қизилқум” учун “Пахтакор” аллақачон ноқулай ва қўрқинчли рақибга айланган. Буни статистик рақамлар кўрсатиб турибди. Навоийликлар сўнгги бор 2017 йилги мавсумда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган ва шунан бери хоҳ Навоийда, хоҳ Тошкентда бўлсин фақат ютқазяпти!
Қолаверса, “Пахтакор” “Қизилқум” ўзи истаган, ўзи хоҳлаган натижаларда мағлуб этиб келмоқда. Навоийликларинг энг йирик мағлубияти 2007 йилга тўғри келади. Ўшанда “Қизилқум” ўз уйида “Пахтакор”га 0:11 ҳисобида ютқазган. Ундан кейинги энг йирик мағлубият 8:0 бўлиб, 2019 йилда “Пахтакор” Тошкентда навоийликларни тор-мор келтирган.
Дарвоқе, бўлажак учрашувда VAR ишламаслиги маълум қилинди. Нима бўлганда ҳам “Қизилқум” – “Пахтакор” қарама-қаршилиги турфа хил ва навбатдагисида қанақа натижа бўлиши қизиқ. Лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган “Қизилқум” ҳамон “Шерлар”дан қўрқадими ёки бу сафар ҳаммаси бошқача тус оладими? Буни кузатиш муҳим.
Хуллас, шунақа гаплар!
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар