"Қўқон-1912" икки нафар легионери билан хайрлашди

“Қўқон-1912” матбуот хизматининг хабар беришича, клубнинг икки нафар сербиялик легионерлари - Иван Йосович ҳамда Филип Райевац жамоа лагерини тарк этди.

Суперлиганинг 24-туридаги “Локомотив”га қарши ўйинда тажрибали ҳимоячи Иван Йосович бошидан жиддий жароҳат олганди. Шифокорларнинг хулосаларига кўра, сербиялик футболчи учун бу йилги мавсум якунланди.

Шунингдек, ҳужумчи Филип Райевацнинг “Қўқон-1912” жамоаси билан тузган шартномаси ўз якунига етганлиги боис, “шунқорлар” ҳар иккала футболчи билан  дўстона тарзда хайрлашди.

Бугун тунда сербиялик легионерлар Тошкент-Истанбул-Белград йўналиши бўйича ўз ватанига учиб кетади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мавсумда Райевац қўқонликлар таркибида 22 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди. Йосович эса, 22 та беллашувда 1 та гол ва 1 та ассист муаллифи бўлди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!