"Қўқон-1912" марказий ўйинда ютқазиб қўйди. Бош мураббий мағлубиятни қандай изоҳлади?
Бугун про лиганинг 2-тури бошланди. Марказий учрашув “Қўқон-1912” ва “Бухоро” клублари ўртасидаги қарама-қаршилик эди.
Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказилган мазкур беллашувда меҳмонлар ягона гол эвазига жуда муҳим бўлган уч очкони қўлга киритишди.
“Қўқон-1912” бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида мағлубият сабаблари ҳақида фикр билдирди.
- Рақибимизни ғалаба билан табриклаймиз. Кўрдинглар, футболда ҳамма нарса бўлади. “Бухоро”га қарши яхши тайёргарлик кўргандик. Бугун бизнинг кунимиз эмас экан. Битта вазиятда йигитларда саросима бўлди ва тўп ўтказиб юбордик. 90 дақиқа ҳужум қилдик, вазиятлар яратдик. Дарвозага тўп кирмади.
- Кейинги ўйинларга яхши тайёргарлик кўриб, очколар олиш керак...
- Худо хоҳласа. Кейинги ўйинимиз “Арал” билан. Ҳозир футболчилар билан гаплашиб олдим. Бу ўйинимизни яна кўриб чиқамиз. Қаерда хатоларимиз бор, қаерда тўғри қилдик, устимизда ишлаймиз. Чемпионат бошланди, иккита ўйин ўтказдик. Тўғри, иккала учрашувда ютишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам мумкин эди. Бугун шу ҳолатга тушдик. Бу ёғига яна ўйинчилар билан ва мураббийлар штаби билан кўриб, хатоларимиз устида ишлаймиз. Кейинги ўйинларда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.
- Бу йил янги ўйинчилар қўшилди. Ҳали улар бир-бирини тушуниб, киришиб кетишгани йўқ, бизнингча. Масалан, ҳужумчи Петровда хавфли вазиятлар бўлмади.
- Тўғри савол. Бу йил жамоамиз 90 фоизга ўзгарди. Бу баҳона эмас. Футболчилар билан етарлича вақтимиз бор эди, ишладик, кўрдик. Айтганингиздек, таркиб янги. 60-70 фоизини ёшартирдик. Келажаги бор, йигитлар. Футболчиларни ёмон деб бўлмайди. Энди иккита тур ўтди. Ҳаммаси бир-бирига мослашади, ҳали ғалабаларимиз олдинда. Барчасини мослаштириб, жипслаштириб оламиз. Ҳаммаси яхши бўлади ва якунда ниятимизга эришамиз.
Фикрлар