"Қўқон-1912" майдони янгиланмоқда
"Қўқон-1912" жамоаси келгуси йилга ҳар томонлама жиддий тарзда тайёргарликни бошлаб юборишган. Клубда келаси йил Суперлигага ҳар жиҳатдан тайёр бўлиб чиқишни мақсад қилган ҳолда режалар ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Профессионал Футбол лигаси сўнгги йилларда суперлига ҳамда про лига жамоаларига стадионлар ёритиш тизими ва майдон чими борасида жуда катта талабларни қўйиб бормоқда. Бунинг натижасида республикамизда халқаро даражадаги ўйинларни ўтказиш талабларига жавоб берадиган стадионлар кўпайиб бормоқда. Албатта яхши ва сифатли майдонда сифатли футбол бўлади.
Хабарингиз бор ўтган мавсумда Қўқондаги "Марказий" стадион ёритгичлари янгитдан замонавий лампалар билан жиҳозланиб, стадион электр тизими тубдан янгиланган эди.
Келгуси мавсумда жамоа раҳбарияти “Марказий” стадион ёритиши тизимини янада яхшилаш билан бирга майдон чимини янгилашни ҳам мақсад қилишган. “Марказий” майдони тагидан янгиланиб чиқилади. Дренаж тизими, суғориш тизими бутунлай янгиланиб автомат суғориш тизимига ўтилади. Майдон чими ҳам янгитдан уруғ сепилиб, қишин-ёзин ям-яшил ҳолатда бўлиши таъминланади. Бугунги кунда “Марказий”да демонтаж ишлари бошланиб кетган. Майдондаги ишлар билан республикамиздаги кўплаб стадионларни, жумладан Фарғонадаги “Истиқлол”, Андижондаги “Бобур арена” каби стадионларни гўзал ҳолатга олиб келган мутахассислар шуғулланишади.
Шунингдек, "Марказий" стадионга яқин бўлган жойда машғулотлар учун алоҳида чимли, стандарт майдон ҳам қуриш режа киритилди.
Фикрлар