"Қўқон-1912" янги мавсумда энг камида қайси ўрин учун курашади? Бахтиёр Ашурматов бу саволга жавоб берди

“Ўзбекистон-U22” жамоасига қарши бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувидан сўнг, “Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов "Спорт" телеканали мухбирига интервью берди.

- Ўтган мавсумда жамоамиз ёмон иштирок этмади. Лекин мавсум сўнггидаги жароҳатлар, захира ўриндиғимизнинг торлиги бизни совринли ўринлардан бирини эгаллашимизга тўсқинлик қилди. Ўйлайманки, биз бу йил ҳам рақобатбардош жамоа туза оламиз. Бу йўлда изланяпмиз. Жамоамизни нисбатан ёшартиришга ҳаракат қиляпмиз.

Бугунги Ўзбекистон олимпия терма жамоасига қарши ўйин биз учун жуда ҳам фойдали бўлди. Кўплаб ёш футболчиларни яна бир бор кўрикдан ўтказиб олдик. Ўринбосарлар таркибидан келган ёшларимиз ва жамоамизга янги таклиф қилинган ёш футболчилар бугунги ўйинлари билан мураббийлар штабида илиқ таассурот қолдиришди. Сардор Етовқўзиев, Жамшид Раҳматуллаев, Илҳом Ваҳобов каби футболчилар ўйиндан-ўйинга жамоамизга мослашиб боришмоқда. Ўйиннинг иккинчи бўлимида барибир ёш футболчиларимизда бироз тажриба камлиги билиниб қолди ва биз гол ўтказиб юбордик.

Жамоамиз таркибига кучли футболчилар қўшилишда давом этмоқда. Ярим ҳимоячилар Асадбек Собиржонов ва Якуба Бамба сафимизга олинди. Бу футболчилар ўйинимизни кучайтиради, деб ўйлайман.

Ҳозир ҳамма жамоалар мавсумга жиддий тайёргарлик кўришяпти. Лекин мени кўпроқ ўзимни жамоамнинг тайёргарлиги қизиқтиради. Биз мавсумга яхши тайёр бўлишимиз, ўтган мавсумдаги натижамиздан кам бўлмаган натижа учун курашишимиз лозим. Бу йўлда биз меҳнат қилишдан тўхтамаймиз. Мухлисларимизнинг эса жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришлари ҳамда жамомизга ишонишлари биз учун жуда муҳим. Улар бизни қўллаб туришса биз албатта ўтган йилдагидек жанговар футбол намойиш қиламиз. Шу ўринда барча мухлисларимизга соғлик ва ишларида омад тилайман", - деди Бахтиёр Ашурматов.

Эслатиб ўтамиз, "Қўқон-1912" ўтган мавсум Суперлигада 5-ўринни эгаллаган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!