“Қўқон-1912”нинг “Нефтчи” билан баҳси бекор қилинди, энди қўқонликлар ким билан ўйнайди?

Тошкент шаҳрида мавсумга тайёргарлик кўраётган "Қўқон-1912"  жамоаси мураббийлари ўз режаларига бироз ўзгартириш киритишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Режага кўра жамоа 18 февраль куни Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиши керак эди. Фарғоналиклар шу куни ЎФА вакилларига жисмоний тест синовларини топширишлари муносабати билан ушбу ўртоқлик ўйини бекор қилинди.

Энди қўқонликларга 18 февраль куни Тожикистоннинг энг номдор жамоаси , Душанбенинг "Истиқлол" клуби рақиб бўлади. Душанбеликлар айни кунларда Тошкентда йиғин ўтказишмоқда.

"Қўқон-1912" - "Истиқлол" ўртасидаги ҳалқаро  ўртоқлик ўйини  18 февраль куни , соат 15:30да , "Обод" стадионида бошланади.