
Қўқондаги водий дербиси қандай ўтди?
Янги футбол мавсуми ҳам бошланди. Илк турда мухлислар водий дербисига гувоҳ бўлдилар. “Андижон” клуби сафарда Қўқондаги “Марказий “стадионда “Қўқон-1912” жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Мухлислар катта футболни соғиниб қолишганди. Андижондан 2000 минг атрофида ишқибозлар “Марказий” стадионда “Бургутлар”ни бутун баҳс мобайнида катта иштиёқ билан қўллаб-қувватладилар. Учрашувдан аввалоқ "Андижон" ишқибозлари ўзларини сездира бошладилар ва стадионни ларзага келтирдилар.
Ўйин шунга яраша томошабоп тарзда кечди. Иккала жамоа мураббийлари жанговар таркибда ўйинни бошладилар. Про лигадан Суперлигага қайтган “Қўқон-1912” тажрибали бўлган рақибига муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. “Андижон” эса учрашувни яхши бошлади. Рақибни кўп вазиятларда шошириб қўйди. Бўлим ўрталарида босниялик Мирзад Механович жарима зарбасидан йўллаган тўпини мезбонлар посбони катта қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Орадан кўп ўтмасдан “Андижон” ҳисобни очди. Абдулвоҳид Ғуломовнинг жарима майдони ичига узатган ажойиб пасини Рустам Турдимуродов боши билан дарвоза бурчагига жойлаб қўйди ва у жамоанинг 2025 йилдаги расмий баҳсда дастлабки голи муаллифига айланди.
Бироқ бўлим якунида мезбонлар жавоб голини урдилар. Бахтиёр Қосимовнинг жарима зарбасидан кейин Валижон Раҳимов тўпни қайтарди. Лекин қайтган тўпни мезбон футболчиси дарвозага киритди.
Танаффусдан кейин ҳам учршув қизиқарли ва ҳужумкор руҳда давом этди. Гоҳ “Қўқон-1912”, гоҳ “Андижон” дарвозаси олдида хавфли вазиятлар гувоҳи бўлиб турдик. Масалан, иккинчи бўлимда Исмоналиев жарима зарбасини амалга оширди. Бу сафар ҳам дарвозабон аранг хавфни бартараф этди.
Жамоалар жанговарликни оширишди. Ғалаба сари ҳаракат қилдилар. Лекин якунда 1:1 ҳисоби ўзгармай қолди.
“Қўқон-1912” – “Андижон” – 1:1 (1:1).
8 март. Қўқон. “Марказий” стадиони. 6000 томошабин.
Ҳакамлар: Достон Раҳмонов, Шохнур Йўлдошев, Сардор Умрзоқов.
Захира ҳаками: Алишер Абдувоҳидов.
ВАР: Найим Қосимов
АВАР: Максим Нехочин
Назоратчи: Бахтиёр Намозов
Комиссар: Бекзод Арипов
“Қўқон-1912”: Азизхон Исақов, Аслиддин Тоштемиров, Алишер Салимов, Андро Гиоргадзе, Шахзод Акрамов, Бахтиёр Қосимов, Хусниддин Ғофуров (Баҳром Абдураҳимов, 57), Иқбол Маликжонов (Алишер Хайруллаев, 86), Муҳаммаданас Ҳасанов (Бекжон Жўрабоев, 69), Шахзод Бешимов (Егорь Кондратюк, 57), Жасур Холтўраев (Жавоҳир Хусанов, 86).
“Андижон”: Валижон Раҳимов, Ислом Маматказин, Миомир Журичкович, Олег Зотеев (Абдураҳмон Комилов, 90+2), Абдулвоҳид Ғуломов, Муҳаммадкарим Тоиров, Искандар Шойқулов (Алтин Крезиу 90+2), Усмонали Исмоналиев (Дониёр Абдуманнопов, 73), Мирзад Механович (Ислам Машуков, 73), Бектемир Абдуманнонов (Фарҳод Соҳибжонов, 80), Рустам Турдимуродов.
Голлар: Рустам Турдимуродов, 36 – 0:1. Андро Гиоргадзе, 43 – 1:1.
Огоҳлантиришлар: Шахзод Акрамов, 48 – Миомир Журичкович, 45. Ислом Маматказин, 82.
Фикрлар