Қудратилло Абдуқаҳҳоров: "Америкада каттароқ номлар билан жанг қилишни ҳоҳлайман"
Мана 3 йилдирки, профессионал бокснинг ярим ўрта вазн тоифасида Қудратилло Абдуқаҳҳоров IBF чемпионлик камари учун даъвогарлик ўрнида бормоқда. Гарчи, мажбурий даъвогар ҳисобланса-да, у ҳамон чемпионлик камари эгаси Эррол Спенс билан жанг қилганича йўқ. 147 фунтда "Тhe Ring" рейтингида 7-ўринда бораётган Абдуқаҳҳоров ўзи учун узоқ кутилган жангни олиш ниятида бўлса-да, Эррол Спенснинг икки марта жароҳат олганлиги, "Covid-19" билан боғлиқ муаммолар буни узоққа чўзилишига сабаб бўлаётганини ҳам тушунади.
Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг навбатдаги жанги 11 декабрь куни Калифорния штатида жойлашган "Dignity Health Sports Park" аренасида бўлиб ўтади. Мазкур кечада унга мағлубиятсиз одимлаётган канадалик боксчи Коди Кроуле рақиблик қилади.
"Бу бироз ёмон ҳолат, лекин мен ўз жамоамдан мени актив фаолиятда бўлишимга шароит яратиб берганлари учун мамнунман. Охирги йилларда буни амалга ошириш қийин бўлмоқда, лекин мен дивизиондаги энг яхшилар билан жанг қилишни хоҳлайман. Ҳозирда Кроулега бутун эътиборимни қаратишим керак. Чунки уни мағлуб қилмасам, Спенс билан жанг қила олмайман. Мен шу жангга диққат қилганман," - деди Абдуқаҳҳоров.
28 ёшли Абдуқаҳҳоров 17 ойлик танаффусдан сўнг, жорий йилнинг март ойида Хавьер Флорес устидан ғалаба қозонган эди.
"Бунчалик узоқ вақт жанг қилмасдан юриш қийин. Мен ҳаммасини яхши томондан кўра олдим ва жангда ғалаба қозондим. Америкада яна жанг ўтказиш ажойиб, бу сафар бизга ёрдам берувчи мухлислар ҳам бўлади", - деб қўшимча қилади у.
"The Punisher" шимолий Калифорнияда мураббий Мэнни Роблес ва жисмоний тайёргарлик бўйича Матиас Эрбин қўл остида 5 ҳафталик машғулот жараёнини ўтказди.
"Мэнни билан бирга яхши машғулот бўлди. Ўзим учун янги нарсаларни ўтгандим. Матиас эса мени юқори жисмоний ҳолатимни сақлашда ёрдам берди ва мен Калифорниядаги мухлислар учун ўзимни томошабоб жангчи эканимни кўрсатишни хоҳлайман,"- дейди у.
Қудратилло Абдуқаҳҳоров мазкур баҳс катта жанглар олдидан сўнгиси бўлишига умид қилмоқда.
"Мен жанглар ортидан қувмайман, бу борада барчасини (менежер) Викрам ва (промоутер) Сампсонга қўйиб бераман. Улар мен учун энг яхши йўлни билади ва уларни кўрсатмасига амал қиламан, лекин келаси йили Америкада каттароқ номлар билан жанг қилишни хоҳлайман."
Менежир Викрам Сивапрагасам Абдуқаҳҳоровни машҳурлар жам бўлган юлдузли дивизиядаги ўзгаришлардан сўнг, номдорлар қаторида бўлишига умид қилмоқда.
"Бу йили ушбу вазнда кўплаб ўзгаришлар бўлди. Биз йил давомида Мэнни Пакьяо ва Шон Портер каби жангчилар ўз фаолиятини якунлаганига гувоҳи бўлдик. Шунингдек, Вержил Ортис ва Жерон Эннис каби ёш жангчилар етишиб чиқмоқда. Ишонаманки, Қудратилло ҳам мазкур дивизиянинг бир бўлаги сифатида ўз ўрнига эга бўлади,"-дейди менежер.
Унинг промотери Сампсон Левкович эса катта жанглар остонасида эканликларига ишонмоқда.
"Ишонтириб айтаманки, мазкур жангдан сўнг биз учун улкан имконият вақти бўлади. Биз катта, машҳур ном, ёки чемпионлик жангини кутмоқдамиз,"-дейди Левкович.
Қудратилло Абдуқаҳҳоровга рақиблик қилувчи Кроуле профессионал фаолиятини 2014 йилда бошлаган. 28 ёшли Кроуле охирги жангларида Стюарт МакЛеллан, Миан Ҳуссаин, Жош Торрес каби боксчиларни мағлуб этган. Ҳозирда статистикаси (19-0, 9КО).
Манба: "The Ring"
Инглиз тилидан Жалол Аҳмедов таржимаси.
Фикрлар