Қуръа ҳақида: Ёшлар терма жамоасининг собиқ устози хотиржамликка берилмасликка чақирмоқда, сабаби...

Тимур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 терма жамоасига ҳам эътибор юқори. Мақсад эса аниқ – фақат олий марра. Гуруҳдаги рақбилар маълум бўлгач, терма жамоамиз бош мураббийи ҳам Sports.uz орқали ўзининг дастлабки фикр ва мулоҳазаларини билдирганди.

Яхши биласиз, ушбу терма жамоамизни Кападзега қадар Отабек Ғуломхўжаев бошқарганди ва у ҳам йигитларнинг кучи ҳамда имкониятларини яхши билади. Табиийки, қуръа борасида у ҳам бефарқ эмасди.

Шуни назарда тутган ҳолда ёшлар терма жамоамиз собиқ устозининг ҳам гуруҳдаги рақиблар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. Ўз навбатида Ғуломхўжаев нафақат гуруҳимиз, балки яна бошқа эътиборни қаратишимиз керак бўлган жиҳатлар бўйича ҳам ўз муносабитини билдирди.

“Тўғриси, Индонезияни ҳам эътибордан четда қолдирмасдим”

-  Осиё чемпионатига тўрт ой вақт бор ва ҳар бир мураббий жамоасини мусобақагача қандай тайёрлаганини ўша пайтда кўрамиз. Лекин ёшлар терма жамоасини бошқарган чоғимда биз CAFAдаги турнирда Эрон билан тўқнаш келгандик. Ўшанда асосий таркиб эмас, балки иккинчи таркиб билан боргандик. Эроннинг кучли томони шундаки, улар жисмонан бақувват. Шунингдек, саралаш баҳсларида Индонезиянинг ўтказган ҳар бир ўйини менда бор. Тўғриси, уларни ҳам эътибордан четда қолдирмасдим. Сабаби жаҳон чемпионати Индонезияда ўтади ва улар Осиё чемпионатида жуда хотиржам ўйнайди. Улар гуруҳда учта ўйинни ўтказиб кетиш учун келишмайди. Имкони қадар узоқроққа бориб кучлироқ рақибларга қарши ўйнаб, ўз кучини баҳолаб олмоқчи. Ҳозирги пайтда Индонезия, Таиланд, Вьетнам, Гонконг футболи ривожланаётган мамлакатлар саналади. Мутахассислари ҳам кучли.

гуломхужаев

“Асло хотиржамликка берилиш керак эмас”

-  Осиё чемпионатига қуръа ташлангач, у ерда-бу ерда гуруҳимиз енгилроқ, рақиблар осонроқ, деган гапларни ўқияпмиз. Аммо мен душман эмас, дўст сифатида айтаманки, асло хотиржамликка берилиш керак эмас. Камбоджага келадиган бўлсам, ҳа, улар гуруҳимизда яққол аутсайдер бўлиши мумкин. Лекин олдинги Осиё чемпионатларини кузатганмиз ва ўзига яраша сюрприз кўрсатиб бера оладиган жамоа бўлган. Тўғри, жамоамизнинг ўзига бўлган ишончи яхши, аммо ҳаддан ташқари хотиржамликка берилиш яхши эмас. Ўша CAFAдаги мусобақада Афғонистон билан хотиржам ўйнаганмиз ва оқибатда 2:0 ҳисобида ютаётиб якунда 2:2 бўлганди.

“Кўп нарса биринчи ўйинга боғлиқ”

-  Биз Осиё чемпионатида ўз уйимизда ўйнаймиз. Ҳамма вақт ўз майдонимизда ўйнаганда деворлар ҳам ёрдам беради, дейилади. Аммо уйдаги босимни енгиб ўтиш ҳам ҳар бир футболчи учун эмас. Бунинг масъулияти жуда оғир, қолаверса, ҳар доим кўп нарса биринчи ўйинга боғлиқ бўлади. Биз эса илк учрашувни Эронга қарши ўтказамиз. Агар дастлабки беллашувни Камбоджага қарши ўтказиб, ғалаба қозониб ўзларига бўлган ишонч янада ортганида бу бошқа гап эди. Лекин шуни қўрқмай айта оламанки, биз шу гуруҳнинг фаворити бўла оламиз.

“Хавотирга солаётгани шуки, кўплаб футболчиларимиз

Суперлига клубларининг хатто захирасида ҳам йўқ”

-  Шунга қарамай, мени яна бир хавотирга солаётган жиҳат бор. Жамоамиздаги кўпчилик футболчилар Суперлига клубларининг асосий таркиби тугул, ҳатто захирасида ҳам йўқ. Фақат ўз клубининг асосий таркибида ўйнаётганлардан Ҳожимат Эркинов, Жасур Жалолиддинов ва Абдувоҳид Неъматовни айтишим мумкин. Тўғри, номзод йигитларимиз ўринбосарлар сафида ва про-лигада ўйнаяпти. Бироқ Осиё чемпионати бу бошқа савия. Хоҳлаймизми-йўқми, терма жамоамизнинг асосий негизи барибир “Пахтакор” ва “Бунёдкор” футболчиларидан ташкил топади. Аммо клублар ўша йигитларни ҳар доим ҳам асосий таркибда ўйнатаверишмайди. Ахир уларнинг ҳам ўзига яраша мақсади бор ва таркибида ҳам рақобат кучли. Аммо имкон қадар термага номзод футболчилар ўз клубларининг асосий таркибида ўйнашса яхши бўларди. Шуни ҳозирдан айтишим мумкинки, ўринбосарлар савияси Осиё чемпионатиникига таъсир кўрсатиши мумкин. Халқаро майдонда барибир савия, тезлик бошқа даражада бўлади.

узб

“Плей-оффдан ўтиб олсак финалгача етиб бора оламиз”

-  Ҳозирдан плей-офф ҳақида гапириш ноўрин. Шахсан мен бу ҳақида гапирмасдим. Аммо терма жамоамизнинг бу гуруҳдан чиқишига кўзим етяпти. Плей-оффда эса ҳаммаси бошқача бўлади. Чунки у ерда ҳаммаси битта ўйиндан иборат. Кейинги босқичда кўпчилик Япония билан Жанубий Кореяни айтишяпти. Ўз вақтида корейслар билан оптимал таркиб билан ўйнаганмиз. Ўшанда ҳужумкор ўйинни таклиф қилганмиз. Аммо ҳимояда айрим нуқталар бўш қолган ва бундай ҳолатда корейслар кечиришмайди. Умуман айтганда, Корея билан ҳам, Япония билан ҳам ўйнаса бўлади. Лекин Осиё чемпионатида бўш жамоанинг ўзи йўқ. БАА, Қатар ёки бошқа термалар Осиё чемпионатига чиқа олишмадими, демак ҳозирги кунда Ўзбекистонга келадиган термалар кучли ва бунга муносиб. Энг муҳими, терма жамоамизга омад тилайман. Тўғри, яхши тайёрланамиз, аммо омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Агар плей-оффдан ўтиб олсак, йигитларимиз хотиржамлик билан финалгача етиб бора оладилар. Тақвим яхши тузилган ва қаердадир Саудиядан аламимизни олишимиз мумкин бўларди. Айнан улар финалгача бизга тўғри келишмас экан. Балки адашаётгандирман, нима бўлганда ҳам улар билан ярим финалдами ё финалдами, барибир Саудия билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор эди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!