Қувондиқ Рўзиев: "Келаси йил мен учун катта имтиҳон бўлади"

“Мавсум-2021”да “Навбаҳор” учун тўп сурган ярим ҳимоячи Қувондиқ Рўзиев жароҳат олгани боис чемпионатнинг охирги ўйинларини ўтказиб юборганди. Чемпионат якунланганидан сўнг, Рўзиев “Навбаҳор”ни тарк этгани маълум бўлди. Шу тариқа, Қувондиқнинг Намангандаги бир йиллик фаолияти поёнига етди.

У “Навбаҳор” таркибида Суперлигада 22 та учрашувда майдонга тушди. Лекин футболчи Намангандаги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмади. Бу ҳақида Қувондиқ илгари ҳам сайтимизга берган интервьюсида таъкидлаб ўтганди. Ўша пайтдаёқ футболчининг “Навбаҳор”ни тарк этишини тахмин қилгандик ва бу тасдиғини топди. Фаолиятини энди қаерда давом эттиради? Иқтидорли ўйинчига бир қанча клублардан таклифлар мавжуд. Sports.uz мухбири футболчининг фикрлари билан қизиқди.

Жароҳатидан қутулдими?

- Худога шукр, ҳозирги аҳволим аъло даражада. Умид қиламанки, ҳамма нарса ортда қолди. Айни пайтда тренажёр зали ва бассейнга қатнаб, индивидуал тарзда ўз устимда ишлаяпман. Ўйлайманки, бу ёғига ушбу жароҳат мени бошқа безовта қилмайди. Шу пайтгача мени безовта қилиб келган асосий нарса олиб ташланган. Ҳолатимни зўр десам ҳам бўлади.

рузиев2_1

“Навбаҳор” билан орани очиқ қилгани ҳақида

- Бу мавсум фаолиятим давомидаги энг оғири бўлди, десам янглишмайман. “Навбаҳор”ни тарк этиш фикри ўзимдан чиқди. Жамоа раҳбариятига кетмоқчилигимни айтдим. Жароҳатдан кейин кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни хоҳладим. Кейинги йилга “Навбаҳор”да катта ўзгаришлар бўляпти. Шу сабабли захирада ўтириб қолишдан бироз чўчидим. Шуларни ҳисобга олиб раҳбариятга бор гапни айтдим. Натижада улар билан келишган ҳолда шартномани бекор қилдик.

рузиев_1

Афсусланмаяптими?

- “Навбаҳор” жамоасига кўчиб ўтганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Бу клуб либосини кийганимдан ва жамоа шарафини ҳимоя қилганимдан хурсандман. Балки мен бунчалик катта босимга тайёр бўла олмагандирман. Лекин яна қайтаришни хоҳлардимки, мен ҳеч қачон “Навбаҳор”га ўтганимдан афсусланмайман.

рузиев3_1

Қандай хулоса чиқарди?

- Бу йилги омадсиз мавсумдан кейин кейинги бошланадиган янги чемпионат мен учун кўп нарсани ҳал қилиб беради. Энг асосийси, жароҳатимдан фориғ бўлдим. Худога шукр, йил давомида мени қийнаб келган нарсадан қутулиб олдим. Умид қиламанки, янги мавсумда ўзимни кўрсатишим учун ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Шу сабабли келаси чемпионат мен учун жуда кўп нарсани ҳал қилиб беради. Ўзимни қандай ҳис қила оламан, ўйинимни қанақа даражага олиб чиқа оламан – барчасини янги мавсум кўрсатиб беради. Ўзим учун ҳам келаси йил катта имтиҳон бўлади. Айни пайтда менга таклифлар бўлиб турибди. Аммо биринчи навбатда ўзимга жамоа танлашда асло адашмаслигим керак. Айнан шу сабабли шошилмоқчи эмасман.

рузиев1_1

“Насаф” ва “Локомотив”нинг қизиқаётгани ростми?

- Гапнинг очиғи, бундай гапларни сиздан эшитиб турибман. Бу жамоаларнинг ҳар иккисидан ҳам менга таклиф келиб тушгани йўқ. Яширмайман, ҳозирги пайтда 3-4 та клублардан қўнғироқлар бўлиб турибди. Бир қарорга келишим ҳамда мавсумга тайёрланишим учун ҳали етарлича вақт бор, деб ўйлайман. Шошилмаган ҳолда ўзимга маъқул келадиган клубни танлайман.

рузиев5_1

Легионерга айланадими?

- Менимча, кейинги фаолиятимни ҳам яна Суперлигада давом эттирсам керак. Легионерга айланиш эҳтимолим жуда ҳам кам. Ростини айтаман, ўтган йили ўзимни кўрсата олмадим. Голлар ва голли паслар бўлгани йўқ. Шу сабабли менинг легионерга айланишим ниҳоятда қийин. Чунки хориж клублари легионерларни олаётганида кўпроқ унинг статистикаларига эътибор қаратишади. Менда эса бу борадаги статистика жуда ҳам қониқарсиз. Шунинг учун ҳам фаолиятимни яна Суперлигада давом эттираман, деб ўйлайман.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
16/12/2021 13:51
Agar uzing shu fikrlarni uqisang. uzing yahshi kurgan va hurmat qilgan klub. Nasafka kel. oylegi sahal kam bulsa ham Nasafka kel. Nasafka boshiga zahiradan tushkan taqderinga ham. elni nazariga tushasan. uzinga malum Nasaf fudbol uynayman degan uyinchi uchun yahshi farant. agar iloji qilib olsang Nasafka kel.
SHAXBOZ BEKMURODOV
16/12/2021 13:06
Nasafga kelaqol