Қувватов, Ғаниев, Искандеров - Катанец МТЖга чақирмаган футболчилар рамзий жамоаси (фото)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиш мақсадида бир неча кундан сўнг Жанубий Кореяга йўл олади. Жамоамизнинг словениялик бош мураббийи Сречко Катанец йиғин доирасида бўлиб ўтадиган Камерун ва Коста-Рикага қарши беллашувлар учун кенгайтирилган таркибни танлади. Ўрганиб қолганимиздек, бу сафар ҳам рўйхатдан бир нечта лойиқ бўлган футболчилар тушиб қолди. Қуйида Катанец МТЖга чақирмаган футболчилардан тузилган рамзий жамоа эътиборингизга ҳавола этилади.
Дарвозабон: Санжар Қувватов "Пахтакор"
Катанец аввалги йиғинларга ҳам дарвозабонларни худди шу жамоалардан чақирганди: "Навбаҳор", "Насаф", АГМК. Фарқли томони, бир неча ой олдин "аждарлар" постини Умиджон Эргашев, олмалиқликлар дарвозасини Валижон Раҳимов қўриқлаётганди. Ҳар икки посбоннинг клубдаги ўрнини бой бериши МТЖ таркибига ҳам таъсир қилди, гуёки, Қарши ва Олмалиқ клубларидаги киперларнинг миллий жамоада муқим ўрни бордек. Аслида, сўнгги турларда жуда яхши ўйин намойиш этаётган Санжар Қувватов ҳам Корея сафарига йўл олиши адолатдан бўларди. Охирги ўйинларга назар ташланса, у қайдномадаги бирорта дарвозабондан ёмонроқ эмасди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Дилшод Саитов "Насаф"
Айни пайтда МТЖ ўнг қанот ҳимоясида рақобат йўқ! Ҳожиакбар Алижонов айниқса Шацких келганидан сўнг анча ўсди. Паслардаги аниқлик ортганидан ташқари энди у жарима майдонига ёриб киряпти, ҳимояда ҳам хатоларга кам йўл қўймоқда. Бироқ жароҳатдан ҳеч ким кафолатланмаган. Ана шундай кўнгилсиз вазиятда мураббий унинг ўрнига аслида ўнг оёқда ўйнаш унга қулай бўлган чап қанот ҳимоячиси Фаррух Сайфиевни қўймоқчи. Умуман олганда тўғри қарор. Шу билан бирга, Саитовнинг ҳам ўйини "оқ бўрилар" либосини кийиш учун тортаётгани, ундаги тезлик, аниқ паслар Катанецга қўл келиши мумкинлигини ҳам келтириб ўтиш адолатдан бўларди.
Марказий ҳимоячи: Шаҳзод Азмиддинов "Пахтакор"
МТЖда иккита жуда баҳсли позиция бор. Бири айнан мудофаа маркази. Аслида, мистер Сречко Ашурматов-Алиқулов тандемини ўйнатиши ҳақиқатга жуда яқин. Лекин уларга муносиб захира ҳам керак-ку. Умар Эшмуродовга эътироз йўқ, аммо Ислом Қобилов ва Абдулла Абдуллаевдан бирининг ўрнига "шерлар" сафида тобора ёрқинроқ порлаётган Шаҳзод Азмиддиновни жалб этиш мумкин эди. У ёш, у мотивацияга тўла, у ҳозирги "Пахтакор"нинг асосий ҳимоячиларидан бири.
Балки Азмиддинов ҳозирча миллий жамоанинг бирор ўйинида майдонга тушмас, бироқ йиғин доирасида анча нарса ўрганиши тайин. Қўшимчасига, у Шерзод Аъзамов ёки Ислом Тўхтахўжаевдан ёш фактори эвазига бироз устунроқ.
Марказий ҳимоячи: Сардор Қулматов "Сўғдиёна"
Эътибор бердингизми-йўқми, Катанец қайдномага "Сўғдиёна"дан бирорта футболчи чақирмади. Хўп, жиззахликлар таркибининг аксарият қисми ёши катта ўзбеклар ёки серблардан иборатдир. Аммо Сардор Қулматов ҳам МТЖ таркибига тортмасмиди? Наҳотки у бирор марта бўлса ҳам синаб кўришга арзимайди?
Чап қанот ҳимоячиси: Акром Комилов АГМК
Акром аввалги йиғинларнинг бирида адашмасам, Иброҳимҳалил Йўлдошев ўрнига таркибга киритилганди. Бу сафар чап қанот ҳимоячиларининг барчаси соғлом ва яхши формада. Бундай ҳолатда ҳатто Комиловнинг ўзи ҳам Катанецдан хафа бўлмаса керак...
Марказий ярим ҳимоячи: Азиз Ғаниев "Шабаб Ал-Аҳли"
мистер Сречко Ўзбекистонга келган пайтиёқ натижа учун ўйнашини айтганди. Менимча, бугунги жаримадан Ғаниевчалик яхши зарба бера оладиган футболчимиз йўқ. Айнан Азиз кам ҳаракат эвазига натижа келтирадиган стандартларда жуда қўл келарди. Боз устига, у "Шабаб Ал-Аҳли"нинг сўнгги ўйинларини асосий таркибда бошламоқда ва аксарият учрашувларда тўлиқ ўйнаяпти. Ғаниев ҳам ўзи лойиқ бўлган жойдан қолиб кетди. Аммо...
Марказий ярим ҳимоячи: Жамшид Болтабоев "Навбаҳор"
Аммо қуйида келтириладиган футболчиларни кўриб, у хафа бўлмаса керак. Чемпионлик учун даъвогар клуб таркибидаги асосий футболчилар Камерун ва Коста-Рикага қарши беллашувларда иштирок этмайдиган бўлди. Ҳар икки Жамшид айни пайтда зўр спорт формасида, майдонда тинимсиз меҳнат қиляпти. Болтабоев ўзининг устунликларини майдонда тўлиқ намойиш этиб, керакли вазиятда рақибни "жёсткий" ўйини билан тўхтатмоқда, баъзида рақибнинг 3-4 футболчисини алдаб ўтиб, ҳужумдаги шерикларини қўллаб-қувватлаяпти. Катанец эса унинг ўрнига ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган футболчини жалб этди. Тушунарсиз қарор, бироқ...
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Жамшид Искандеров "Навбаҳор"
Бироқ Искандеровнинг рўйхатга киритилмаслиги олдида Болтабоев ҳам ранжимагани аниқ. Қандай қилиб айни пайтда Ўзбекистон Суперлигасининг энг кучли футболчиси МТЖдан чақирув олмаслиги мумкин. Ахир Жамшидда пас бериш, жарима майдони ташқарисидан йўлланадиган зарбалар, майдонни кўра олиш, қарши ҳужум пайтида идеал боғловчи вазифасини мукаммал бажара олса. мистер Сречкога яна қандай футболчи керак?!
Ўнг қанот вингери: Темурхўжа Абдуҳолиқов "Қизилқум"
Абдуҳолиқов айни пайтда Суперлига тўпурари. Темурхўжа бу ишни "Пахтакор" ёки "Насаф" таркибида эмас, "Қизилқум" либосида уддаламоқда. Мана шу вазиятда ҳам унинг МТЖга чақирилмаслиги ғалати. Кимдир унинг ёши ўтиб қолганини айтиши мумкин, аммо у Игорь Сергеевдан 2 ёшга катта холос. Менимча, уларнинг формасидаги тафовут бунга кўз юмиш имконини берарди.
Чап қанот вингери: Хуршид Ғиёсов АГМК
Чап қанот ҳимояси каби, миллий жамоамизда бу қанот ҳужуми ҳам юлдузлар билан тўла. Жалолиддин Машарипов соғ бўлса-ку, ўз жойини ҳеч кимга бермайди. Лекин ҳозирги вазиятда чап қанот ҳужумида ким ўйнайди? Бозоров Насруллаев майдонга тушса, яхшироқ ҳаракат қилади. Эркинов ўнг қанотда ҳам фойдали, чапда Йўлдошев билан "ёндириши" мумкин. Ғиёсов-чи? У нега керак деган савол туғилиши табиий. Жавоб қуйидагича: Шаҳбоз Умаров! Катанец Умаровни аввал ҳам термага чақирган, унинг нималарга қодирлигини кўргандир, бироқ Ғиёсов ҳамон ўз навбатини кутмоқда. Ҳақли бўлган пайтида ҳам...
Марказий ҳужумчи: Шоҳруз Норхонов "Сўғдиёна"
Олдинги йиғинларда Азиз Амонов, Шерзод Темиров каби ҳужумчилар ўқув-машғулот йиғинига олиб кетилди. Аммо Норхонов ўшанда ҳам қолиб кетарди. Ҳозир на Азиз, на Шерзод Кореяга борадиган бўлди, лекин Шоҳруз яна ташлаб кетилмоқда. Бунга сабабни фақатгина мистер Сречконинг ўзигина билса керак. Ҳар ҳолда, мен тушунолмаяпман.
P/S: Катанец - бош мураббий, барча жавобгарлик унинг бўйнида, эртага нимадир бўлса, жавобни ўзи беради қабилидаги гапларни миядан чиқариб ташлайлик. Худо кўрсатмасин, Осиё Кубогида натижа ёмон бўлиб, Жаҳон чемпионатига ҳам чиқа олмасак, мистер Сречко узрини сўраб, ватанига қайтиб кетади. Биз яна армонларимизу, кўз ёшлари билан қолиб кетаверамиз. Журналистиканинг вазифаси ҳам шу, биз гапирмасак, ҳозир гапирмасак кейин кеч бўлиши мумкин!
Жавоҳир Азимов
Фикрлар