"Раҳбарият ультиматум қўйган". Илҳом Мўминжоновдан матбуот анжуманида "қайноқ" фикрлар

“Нефтчи” клуби чемпионатни ғалаба билан бошлаб олди. Илк турда “Қўқон-1912”ни пенальтидан киритилган ягона гол эвазига мағлуб этишди. Учрашувдан кейин “Нефтчи” устози Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида қатнашди.

- Бугунги ғалаба билан “Нефтчи” мухлисларини табриклайман. Шогирдларимни ҳам биринчи ғалаба билан қутлайман. Раҳбарият олдимизга кучли учликка кириш вазифасини қўйган. Бунинг учун астойдил шуғулландик ва ўйин услубимизга мос тушадиган футболчиларни олдик. Олдимизга қўйилган вазифани биз мураббийлар штаби бажаришимиз шарт.

- Бугунги ўйин ҳақида нима дейсиз?

- Чиройли ўйин бўлди деб ўйлайман. Иккала жамоа ҳам тартибли ўйнадилар. Биринчи бўлимда ютишимиз керак эди. Иккита имкониятга эга бўлдик. Барибир ғалабага эришдик. Жароҳатлар кўп. Дониёр Нарзуллаев, Ҳусниддин Ғофуров, Лутфулла Тўраев, Шаҳзод Убайдуллаев. Тўртта асосий футболчиларимиз жароҳатда. Иккитаси 4-5 та ўйинда майдонга туша олмайди. Шаҳзод аста-секин ўзига келяпти. Бугун Лутфулла йўқотиш бўлди. Ҳеч қиси йўқ, бизда иккита бир хил таркиб бор. Захирадан майдонга туширган футболчиларимиз ҳам ўйин темпини ушлаб беришди.

- Тўраев биринчи бўлимда жароҳат олиб сизни қийин аҳволга солиб қўйди. Бу вазиятдан қандай чиқиб кетдингиз?

- Айтяпман-ку, тўртта ўйинчимизни жароҳати бор. Айнан тўртинчиси Лутфулла эди. Аммо бугунги ўйинга бир амаллаб чиққанди. 40 дақиқа ўйнаган бўлса ҳам кўп ишни бажариб берди, раҳмат. Шуни эвазига ҳам ютдик. Балки ўйин бошқача бўлармиди?! У майдонга тушиши керак эди, мен буни хоҳлагандим. Чунки ютишимиз керак эди. Ҳеч ким бизни кечирмайди. Раҳбарият ультиматум қўйган. “Нефтчи” 3 йил деганда Суперлигага чиққанига қарамай, дарҳол учталикка кириш вазифаси қўйилган. Мақсади бор жамоада ишлаш ҳар бир мураббийни орзуси. Босимдан қўрқмайман. Босим орқали ишлашни яхши кўраман. “Навбаҳор”да ўзимни кўрсатганман. Энди “Нефтчи” билан учталикка киришимиз шарт.

- Жарима майдони ташқарисидан кўплаб зарбалар берилди. Бу олдиндан тузилган режамиди?

- “Қўқон-1912”ни “Локомотив”га қарши ўйинини кўриб чиққанимиздан кейин қандай ҳимояланиш ва ҳужум қилиш устида режа тузиб чиққандик. Шахзод Убайдуллаев ҳам захирадан майдонга тушиб гол урди. Бу ўйиндаги вазифаси шундай эди.

- Ҳар бир жамоада селекционер мураббийлар бор. Аммо улар эътибор бермаётган жиҳатлар бор. Масалан, қўқонликлик Жасур Ёқубов “Сурхон”да эди, “Пахтакор” олди. Акром Комилов АГМКда. Рустам Ашурматов “Навбаҳор”га ўтди. Селекция пайтида шуларга ҳам эътибор беришса бўлмасмиди?

- Ёқубов билан қаттиқ шуғулландик. Чемпионат тугаши билан “Локомотив” уни олиб бўлган экан, биз кечикдик. Биз хоҳлагандик. Кейин “Локомотив” уни қўйиб юборганида ҳимоячи олиб бўлгандик. Рустам Ашурматовни ҳам хоҳлагандик, музокара ҳам ўтказгандик. Афсуски, футболчи “Навбаҳор”ни танлади. Маҳаллийлардан Анвар Ғофуров бизда-ку.

- U-18 жамоаси билан чемпион бўлган Азиз Алижонов учта шогирди билан “Бунёдкор”га ўтди. Нега уларни ушлаб қолишни иложи бўлмади? Шунингдек, жамоада ўйинни ўз қўлига оладиган, голлар урадиган футболчилар керак. Кўпроқ голлар урадиган футболчилар борми?

- Биринчи саволга жавоб беролмайман, футболдан ташқарида бўлиб қоляпти. Иккинчисига келсак, Улуғбек Ҳошимов, Шаҳзод Убайдуллаев, Ешич каби футболчиларимиз бор. Улар формада бўлса, учаласини қўямиз. Уларга ишоняпмиз, менимча шулар тўпурар бўлади. Хусниддин Ғофуров ҳам бор, бизни таркибда ҳужумда ўйнаяпти.

- Пенальти белгиланган вазиятга муносабатингиз?

- Пенальтига келсак, ВАРда кўриб чиқишди. Тоифаси баланд ҳакамлар эди. Рисқуллаев ҳам рейтинги баланд ҳакам. Улар кўриб чиқишди. Аммо мен ҳали такрорий вазиятни кўрмадим. Бизга пенальти тепиш имконини беришди, Худога шукр. Кейинги ўйинларда қўқонликларга омад.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!