"Рақибимиз тактик томонлама зўр ўйнади, чемпионатда яхшигина имкониятлари бор" - грузиялик мураббийга Суперлигамиз иштирокчиси ёқиб қолди

Туркиянинг Анталия шаҳрида кўплаб хориж клублари ўзларининг ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқдалар. Яхши биласиз, Суперлигамизнинг деярли барча клублари ўша ерда янги мавсумга тайёргарлик кўришяпти. Шунингдек, кўплаб назорат учрашувлари ҳам ташкил қилиняпти.

Масалан, “Андижон” ҳам режасига кўра назорат баҳсларида иштирок этяпти. Грузиянинг “Самтредиа” клубига қарши учрашувда ҳисоб очилмади. Ундан аввал эса андижонликлар Россиянинг “Велес” жамоасини 5:1 ҳисобида доғда қолдирганди.

Грузияликлар жиддий қаршилик кўрсатишга уриндилар. Учрашувдан кейин “Самтредиа” бош мураббийи Гиорги Шашиашвилига айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ўйин хусусида нималарни айта оласиз?

- Оғир ўйин бўлди. Биз аввалига иккинчи лигадан биринчи лигага йўлланма олдик, мана энди, ҳозир олий лигада ҳаракат қиляпмиз. Жамоада кўплаб янги ўйинчилар бор. “Андижон”га қарши яхши ўйин бўлди. Ҳар иккала жамоа курашди. Рақибда ҳам, бизда ҳам юз фоизли имкониятлар бўлди. Дуранг натижа ўйинга мос тушди. Эндигина иккинчи ўйинимизни ўтказдик. Яна тўртта ўйин бор. Расмий учрашувларга шу тариқа тайёр бўламиз.

шашиашвили

- Негадир учрашув бироз асабий руҳда кечди. Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?

- Биласизми, халқаро ўйинлар доим жанговар курашларга бой бўлади. Ҳа, қўпол ўйин бўлди. Бу ҳол футболда учраб туради. Шундай курашларга бой ўйинлар мухлисларга ёқади. Иккала жамоа майдоннинг ҳар бир қарич ерида кураш олиб борди.

- Бу жамоангизнинг Анталиядаги иккинчи ўртоқлик учрашуви бўлди. Дастлаб Тошкентнинг “Локомотив”ига қарши қарши ўйинда иштирок этиб, мағлуб бўлгандинглар. Сиз учун иккала ўйин ўртасида қандай фарқ кузатилди?

- Биринчи баҳсда бошқачароқ ўйин намойиш этгандик. Ўзимиз хоҳлагандек, асосан прессингда ўйнадик. Қаердадир ўхшади, қаердадир йўқ. “Локомотив” бизгача кўп ўйин ўтказганди. Биз эса илк учрашувимизда майдонга тушдик. Ўшанда 2:0 ҳисобида ютқазиб қўйгандик. Бугун кўриниб турдики, рақибимиз тактик томонлама зўр ўйнади, ҳимояси ҳам яхши экан. “Локомотив”га ютқазган бўлсак-да, кўп вазиятлар бўлганди. Бугун эса вазиятлар саноқли бўлди.

шашиашвили1

- “Андижон”нинг кучини нимада деб ўйлайсиз?

- Ҳа, яхши жамоа экан. Ҳозир айтганимдек, марказий ҳимояси кучли экан. Ярим ҳимоячилари ҳам чакки эмас. Ўртада тезкор ўйинчиси бор экан. Кўриниб турибди, жамоангиз чемпионатда яхши ўринларга даъвогарлик қилади. Бу борада яхшигина имкониятга эга.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!